Урушга қарши намойишларда юзлаб одам ҳибсга олинган
Россия шаҳарларида урушга қарши намойишларнинг юзлаб иштирокчиси ҳибсга олинган. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” хабар берди.
“ОВД-Инфо” маълумотига кўра, Санкт-Петербургда 96, Москвада 89, Екатеринбургдаги намойишларда 45 киши ҳибсга олинган.
“ОВД-Инфо”нинг ёзишича, полиция ҳибсга олиш вақтида куч ишлатган. Норозилик акциялари ҳали ҳам давом этмоқда, ҳибслар сони ортиши мумкин.
Москва ва Санкт-Петербургда сафарбарликка қарши намойиш қатнашчилари ҳибсга олинди
Путин эълон қилган ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик акцияси Москванинг "Эски Арбат" ва "Арбат" майдонида бўлиб ўтди.
Намойишчилар "Йўқолсин уруш", "Йўқолсин мобилизация", деган ёзувлар ёзилган плакатларни кўтариб чиқишди.
Бунинг ортидан хавфсизлик кучлари етиб келишган ва ҳибсга олишлар бошланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, "Арбат" майдони ўраб олинган. Москванинг Пушкин майдонида ҳам ҳибсга олишлар бўлаётгани ҳақида хабарлар бор.
Россиянинг шимоий пойтахти Санкт- Петербургда ҳам юзлаб одам мобилизацияга қарши норозилик акциясида қатнашган.
Қирғизистон Россиядаги фуқароларини урушга ёлланиш жиноят экани ҳақида огоҳлантирди
Қирғизистон элчихонаси баёнотида бу мурожаат Россия Давлат Думаси урушда қатнашадиган меҳнат муҳожирлари учун Россия фуқаролигини соддалаштирилган тарзда қабул қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганига муносабат эканлиги тўғридан-тўғри айтилади.
Элчихона Қирғизистон фуқароси Россия-Украина урушида қатнашган бўлса, ўз ватанида уни 10 йилгача қамоқ жазоси кутишини билдирди.
Агар Россиядаги Қирғизистон фуқаросига урушга бориш таклиф қилинса, у дарҳол элчихонага мурожаат қилиши керак, дейилган баёнотда.
Қирғизистон расмийларига кўра, 2022 йилда Россияга ишлаш учун деярли 225 минг киши кетган.
Жо Байден Россияни "ядровий таҳдидлар"да айблади
АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Россияни "ядровий таҳдидлар"да айблади.
"Путин Россиянинг ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича мажбуриятларини беадаблик билан менсимай, Европага қарши очиқ-ойдин ядро қуроли билан таҳдид қиляпти", дер экан Байден ядро урушида ғалаба қозониб бўлмаслиги, уни ҳеч қачон бошламаслик кераклигини урғулади.
Байден таъкидича, Украинадаги уруш бир кишининг уруши, Владимир Путин БМТ низомини "уятсизларча бузмоқда".
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат БМТ Низомининг асосий қоидаларини уялмасдан бузиб, қўшни давлат ҳудудига бостириб кирди”, - деди Байден.
АҚШ раҳбари ўз чиқишида Россиянинг урушдан мақсади Украина ва украиналикларни халқ сифатида яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш эканини айтди.
"Россиянинг урушдан мақсади украиналиклардан давлат ва халқ сифатида яшаш ҳуқуқини тортиб олиш", - дейди Байден.
Шунингдек, президент Байден АҚШ Украинадаги уруш адолатли шартлар асосида тугатилишини исташини таъкидлади.
Америка раҳбари БМТда Россия Украинага бостириб кирганидан буён илк бор чиқиш қилмоқда.
Жаноб Байденнинг бугунги БМТдаги нутқи Россия президенти Владимир Путин мамлакатида қисман сафарбарлик эълон қилиб, ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини билдирганидан бир неча ўтиб янгради.