Бахмутда жанглар давом этмоқда
Дрондан олинган тасвирларда Украинанинг Бахмут шаҳрида жанглар кетаётганини кўриш мумкин
Олинган видеода вайрон бўлган бинолар ва портлашлар акс этган. Видеода Россия "артиллерия ва миномётлар билан фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилаётгани” айтилган.
Рейтерс видеонинг жойлашувини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Бироқ, видео тасвирга олинган санани мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Бахмут сўнгги ҳафталарда яна шиддатли жанглар марказига айланди.
Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, шаҳар иккала томон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлмасада, сўнгги кунларда Россия армияси, жумладан, Вагнер гуруҳи жангчилари шаҳарни бомбардимон қилишни кучайтирган.
Бахмут шаҳрида кучли портлашлар содир бўлаётган бир пайтда одамлар озиқ-овқат ва кийим-кечак сотиб олиш учун кўчага чиқишга мажбур.
“Нархлар осмон. Нафақамиз ҳеч нарсага етмайди. Ҳозир уйимга ҳеч нима қилмаганми ёки йўқ билмайман. Ҳар кун шунақа доимий қўрқув билан ўтади, - дейди Галина исмли украиналик аёл.
Маҳаллий ёнғин хизмати маълумотларига кўра, Россия бир хил позицияларни қайта-қайта нишонга олаётганлиги боис, ёнғинларни бартараф этиш тобора қийинлашмоқда.
“Бу ерда қолган одамлар кўп эмас. Шунинг учун ёнғинлар сони камайганди. Аммо Россиянинг бомбардимонлари натижасида яна ёнғинлар кўпайди”, — деди Бахмут ўт ўчириш хизмати бошлиғининг ўринбосари.
Bилоят губернатори маълумотларига кўра, Бахмутда 12 мингдан камроқ аҳоли қолган.
Россиянинг дрон ҳужумларидан кейин Киевда ёнғин чиқди
Бугун Россия эрта тонгда яна дронлар ёрдамида Киевдаги энергия инфратузилмасини нишонга олди. Натижада энергия иншоотида катта ёнғин кузатилган.
Украина расмийлари мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими 20 та дрондан 15 тасини уриб туширганини билдирди.
“Мен шу ерда ўтирган эдим. Тўсатдан шовқин ва кетидан дарҳол портлаш овози эшитилди. Уч-тўрт дақиқадан сўнг иккинчи портлаш содир бўлди”, — деди киевликлардан бири Рейтерс агентлигига.
Киев мерининг айтишича, ҳозирча ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар йўқ. Соломянка ва Шевченко туманларидаги портлаш нуқталарида тиббиёт ходимлари ишламоқда.
Украина барча мудофаа сценарийларига тайёрланмоқда
Владимир Зеленский мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш “доимий устувор вазифа” экани ҳамда Украина Россия ва Беларус билан юзага келиши мумкин бўлган барча сценарийларга тайёр эканини билдирди.
"Биз чегара ҳақида ҳам батафсил гаплашдик. Россия билан бўлгани каби Беларус билан ҳам чегарани ҳимоя қилиш доимий устувор вазифамиз. Биз барча эҳтимолий мудофаа сценарийларига тайёрланяпмиз. Минскдан фойдаланиш ҳам уларга бу урушда ёрдам бермайди. Буни Украина қарши урушда бир неча бор кўрдик." деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Зеленский бу ҳақда Владимир Путиннинг Беларусга ташрифи арафасида, Москванинг эҳтимолий янги ҳужуми Беларус орқали бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар фонида таъкидлаб ўтди.
Зеленский ўз мурожаатида Ғарб давлатларини Украинани кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди. Зеленский шунингдек, Украина шарқидаги энг шиддатли жанглар кетаётган Бахмут шаҳри Украина кучлари назоратида эканини айтди.
Россиянинг инфратузилма обьектларига уюштирган сўнгги ҳужумларидан сўнг уч миллион аҳоли учун электр энергияси қайта тикланди. Икки кун ўтиб эса умумий тўққиз миллион украиналик хонадонида электр энергияси таъминоти қайта йўлга қўйилди, дея маълум қилди Зеленский.
Россия ўтган жума куни Украина электр тармоғига ракеталар билан вайрон қилган эди. Ҳужум натижасида тўққиз энергетика обьектига зарар етди, камида уч киши ҳалок бўлди.
NYT: Вашингтон Украинадан Россия Бош штаби бошлиғи Герасимов турган жойга зарба бермасликни илтимос қилган
Вашингтон Украинани Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов бўлиб турган ҳудудга зарба беришдан қайтаришга уринган. Бу ҳақда ўз аноним манбаларига таяниб, The New York Times газетаси хабар қилмоқда.
Айтилишича, баҳорда АҚШ разведкаси Герасимовнинг фронтга – Украинага сафарига ҳозирлик кўрилаётганини аниқлаган ва бу маълумотни Киевдан сир тутишга уринган. Бироқ Украина махфий хизматлари барибир бундан хабар топган. Аввалроқ Ғарб ОАВлари украин ҳарбийлари Украина ва унга туташ ҳудудлардаги Россия армиясига доир разведка маълумотларини НАТОдан реал вақт режимида олиши ҳақида ёзган эди.
The New York Times мақоласида иддао қилинишича, Вашингтон Украинадан Герасимов бўлган штабга ҳужум қилмасликни сўраган. Киев эса аллақачон зарба берилганини билдирган. Газета манбалари АҚШ расмийларининг бу позициясини Россия Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлмиш Бош штаб бошлиғининг ўлдирилиши Россия билан АҚШ ўртасида уруш чиқишига олиб келиши эҳтимоли билан изоҳлаганлар.
Украина президенти офисининг маслаҳатчиси Алексей Арестович "Фейгин LIVE" канили ёйинида Украина ҚК Россия Бош штаби бошлиғини йўқ қилмоқчи бўлганини тасдиқлади.
Арестовичга кўра, воқеа апрель ойи охирида ёки майда Изюм шаҳрида рўй берган. “Биз Герасимов турган жойга зарба бердик, бутун штаб устига ўқ ёғдирдик. Катта офицерлар ва қўриқчилардан анча-мунчаси ўлди, лекин ўзи сал олдинроқ у ердан кетган экан – улгурмадик”, деган Арестович.
Аввалроқ Пентагон расмий вакили Жон Кирби АҚШ Украинага Россия олий ҳарбий раҳбарларининг локацияларига доир разведка маълумотларини бермаслигини айтган эди.