Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 01:59

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:47 28.2.2023

Угледарда портлатилган рус танклари

72-алоҳида механизациялашган украин ҳарбий бўлинмасининг Фейсбукка жойлаган видеосида Бахмутдан 150 км жануби-ғарбда жойлашган Угледар шаҳри яқинида бир қанча рус танклари портлаб, ёнаётганини кўриш мумкин.

Рейтерс мухбирлари видеода акс этган манзилни текширишга муваффақ бўлишди, бироқ видео олинган санани мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз бўляпти.

Рус қўшинлари шимолдан Кремина ва жанубда Угледар йўналишида Украина ҳимоя чизиғини ёриб ўтишни уддалай олмади. Очиқ майдонда ҳужумга ўтиб, катта йўқотишларга учради.

Ўтган ҳафта Британия разведкаси рус қўшинлари Угледар атрофида яна бир ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳамда шаҳар кучли отишмалар ичида қолиши мумкинлигини билдирди.

18:32 28.2.2023

Кремль Ғалаба кунига тайёргарликни бошлади

Россия ҳар йили ўтказиладиган Ғалаба кунига ҳозирданоқ тайёргарликни бошлади.

Ракеталар олиб кетаётган ҳарбий карвон 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши тугашига бағишланган парад олдидан Москвага йўл олди.

Ракета намойишлари 2008 йилдан бери Қизил майдондаги йиллик параднинг бир қисми бўлиб келмоқда.

Кремль бу байрамдан ватанпарварлик туйғусини рағбатлантириш ва Россиянинг глобал қудрат сифатидаги ролини кўрсатиш учун фойдаланиб келмоқда.

13:51 28.2.2023

Блинкен Россиянинг Украинага бўлган ҳудудий даъволарини танқид қилиб келаётган Тоқаев билан учрашди

Россиянинг Украинага босқинига бир тўлганидан бир неча кун ўтиб, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Кремль таъсири кучли бўлган Марказий Осиё давлатларига ташрифини бошлади.

Блинкен ўз сафарини Россиянинг Украинага бўлган ҳудудий даъволарини танқид қилиб келаётган Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашувдан бошлади.

Остонада ўтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тилеуберди билан мулоқотда Блинкен Вашингтон Қозоғистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Қозоғистон ва Россия дунёдаги энг узун қуруқликдаги чегарага эга. Путин Украинага уруш бошланганидан сўнг қозоқлар орасида мамлакат хавфсизлиги борасида хавотирлар кучайди. Негаки Қозоғистон постсовет маконида Украинадан кейин этник руслар сони бўйича иккинчи ўринда туради.

Блинкен бугун Остонада Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари билан учрашади ва шундан сўнг Тошкентга сафар қилади.

Блинкен АҚШ давлат котиби сифатида Остона ва Тошкентга биринчи марта ташриф буюрмоқда.

13:31 28.2.2023

БМТ: Украинада ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 8 мингдан ошди

Россия Украинага бостириб кирганидан бери тинч аҳоли орасида 8 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарининг навбатдаги ҳисоботида қайд этилди.

Тинч аҳоли ўртасида жабрланганларнинг жами сони 21 минг 580 киши бўлди, улардан 8 минг 101 нафари ўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 2 127 киши аёл, 488 нафари вояга етмаган болалардир.

“Тинч аҳоли орасида ўлимлар, асосан, ҳаводан берилган зарбалар, жумладан, оғир артилерия, реактив тизимлар ва ракеталар отилиши оқибатида бўлди”, дейилади ҳисоботда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссарининг Украина бўйича ҳисоботлари ҳар ойда эълон қилиниб борилади. Ҳисоботларда фақат ҳужжатлаштирилган ва тасдиқланган ўлим ҳолатлари келтирилаётгани, аслида ҳалок бўлганлар сони бундан кўпроқ экани таъкидланади.

Ўтган йилнинг мартида Украин армияси озод қилган буча ва Ирпень шаҳарларида камида 700 тинч фуқаронинг жасади топилган эди. Ўша йилнинг мартида Мариуполь драма театрининг Россия томонидан бамбордимон қилиниши оқибатида 300 киши, краматорск вокзалига уюштирилган ҳужумда 50 киши, Часов Ярдаги кўп қаватли уй бомбардимон қилингани оқибатида 48 киши ҳалок бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG