Украина армияси Донецк ва Луганск вилоятларидаги беш йўналишда Россиянинг 92 та ҳужумини қайтарди
“Ўтган суткаларда душман Донецк ва Луганск вилоятларининг маъмурий чегараларига чиқишга уринишда давом этди. Бунинг учун асосий кучлар Лиман, Бахмут, Авдеевка, Марьинка ва Шахтёрск йўналишларида ҳужум ҳаракатларини амалга ошириш учун жамланди. Бизнинг мудофаачиларимиз душманнинг мазкур йўналишлардаги 92 та ҳамласини қайтаришди.Бахмут йўналишида душман Бахмут шаҳрини ишғол этишга қаратилган ҳаракатларини тўхтатгани йўқ. Ушбу йўналишда душман зарбаларидан 15 та аҳоли маскани жабр кўрди”, дейилади Украина ҚК Бош штаби хабарномасида.
Россиянинг Херсонга ҳужуми: Қурбонлар бор, Зеленский «террорчилик ҳужумларини» қоралади
Россиянинг Херсон шаҳрини ўққа тутиши оқибатида уч нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақида президент Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида маълум қилди. Зеленский бу руспараст бўлинмаларнинг “шафқатсиз террор ҳужуми” эканини таъкидлади.
Украина Херсонни руслар эгаллаганидан саккиз ой ўтиб, ноябрь ойида қайтариб олган эди. Рус қўшинлари ҳозир Херсонни тинимсиз бомбардимон қилиб келмоқда.
Херсон вилояти маъмурияти тинч аҳоли орасидан яна бир инсон ҳалок бўлганини хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Херсонда ҳалок бўлган уч нафар фуқаро озиқ-овқат сотиб олиш учун дўконга чиққан бўлган:
"Шафқатсиз террорчилик ҳужумларига учраган барча шаҳар ва қишлоқларимизга ҳамдардлик билдираман. Агрессор давлат фақат биргина мақсадда яъни кўпроқ инсонларни ўлдириш ва ҳамма жойни вайрон қилиш учун ракета, артиллерия, дрон ва миномётларни ишга солмоқда. Харобалар, вайрон бўлган уйлар - бу Россия ўзини намоён қилаётган ҳақиқат".
Херсон вилояти губернатори Олександр Прокудиннинг билдиришича, артиллерия ҳужуми чоғида бир кекса аёл яраланган.
Ғарб танклари уруш тактикасини сезиларли даражада ўзгартиради - Украина танк бригадаси қўмондони
Ғарб танклари Украинадаги уруш тактикасини сезиларли даражада ўзгартиради, дея таъкидлади украиналик тажрибали танк бригадаси қўмондони, Леонид Хода. У Россия босқинидан бир ой ўтиб Украина Қаҳрамони унвонини олган.
Хода Чернигов атрофидаги жангларда қатнашган ва ҳозирда Донетск вилоятининг жанубида 1-Сиверск танк бригадасини бошқариб келмоқда.
У Ғарб танклари Украинага жанг майдонида муҳим устунлик беришига ишонади.
"Ғарб танклари узоқ масофадаги нишонларни йўқ қила олади ҳамда ахборот узатишда кенг рақамли имкониятларга эга. Агар танк имкониятларидан тўғри фойдаланилса, душман ўқ отиш масофасига яқинлашгунча уни йўқ қилиш мумкин”, — дейди Леонид Хода Рейтерс агентлигига берган интервьюсида.
Бир қанча Ғарб давлатлари рус қўшинларига қарши курашда ёрдам бериш учун Украинага замонавий жанговар танклар етказиб беришга ваъда берган.
Канада ҳукумати Россия алюминийи ва пўлатини, шунингдек ушбу хомашёдан ясалган маҳсулотлар импортини тақиқлади
“Канадалик ҳеч бир шахс ёки мамлакатдан четда яшовчи ҳеч бир Канада фуқароси бундан сўнг Россия алюминийи ва пўлати аралашган ҳеч нимани – трубопрокатдан тортиб темир йўл ва трамвай йўллари қуриш учун материалларгача – сотиб олишга ҳақли эмас”, дейилади Канада ҳукумати сайтида эълон қилинган хабарномада.
Мазкур тақиқ Россия Украина ҳудудига бостириб кирганидан сўнг унга қарши Канада томонидан жорий этилган санкцияларнинг бир қисми экани айтилмоқда.
Ўз навбатида, мамлакат молия вазири Христя Фриланд “Канада Кремлнинг даромадларини қирқиш учун қилиши мумкин бўлган барча ишни қилади”, деб айтди.
“Ва бугун шунга кафолат бера оламизки, Путин Канадага алюминий ва пўлат сотиш орқали ўзининг ғайриқонуний урушини пул билан таъминлаш имконидан маҳрум бўлди”, дея урғулади мулозим.
Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Канада ҳукумати Россия, Украина ва Беларусга оид 1400 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар қўллаган.