Путин Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларига сафар қилгани иддао қилинди
Владимир Путин гўёки Россия томонидан босиб олинган Мариуполга ташриф буюргани ҳақидаги хабарлар ортидан давлат каналлари президент ва бош вазир ўринбосари Хуснуллин ўртасидаги учрашув видеосини кўрсатди.
РИА "Новости"нинг монтаж қилинган видеоси биринчи қисмида Владимир Путин машина ҳайдаётгани, Марат Хуснуллин эса олдинги ўриндиқда ўтириб, унга аҳоли ва тадбиркорларга “ёрдам”лар ҳақида гапириб беради.
Машина ойнаси ташқариси қоронғи, бу видеода бошқа нарсани кўришнинг иложи йўқ.
Видеонинг иккинчи қисмида Путин ва Хуснуллин бинони кўздан кечирмоқда. РИА "Новости"нинг таъкидлашича, бу филармония биноси. Путин аудиториядаги стуллардан бирига ўтириб: “Қулай, чиройли”, дейди. Шу билан видео тугайди.
Озодлик уруш шароитида бу видеоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш имконнига эга эмас.
Кремль шунингдек, 19 март, якшанба куни президент Владимир Путин Украинадаги ҳарбий операция бўйича олий қўмондонлиги билан учрашаётгани акс этган видеони ҳам эълон қилди.
Путин Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари қўмондони ўринбосари генерал Сергей Суровикин билан учрашди. Генерал Герасимов Украинадаги Россия кучларининг умумий қўмондони.
Учрашув Путин ярим оролнинг Россия томонидан Украинадан қўшиб олинганининг тўққиз йиллиги муносабати билан шанба куни эълон қилинмаган ташриф билан Қримга борганидан сўнг ва Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) Россия раҳбарини ҳибсга олишга ордер берганидан икки кун ўтиб бўлиб ўтди.
ХЖС жума куни Путинга қарши ҳибсга олиш учун ордер чиқарди ва уни ҳарбий жиноятда айблаб, юзлаб болаларни Украинадан ноқонуний равишда депортация қилишда айблади.
Путин ҳали ХЖС қарори бўйича очиқчасига изоҳ бермади.
Британия Ташқи ишлар вазири Қозоғистоннинг Украина бўйича позициясини олқишлади
Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли 18 март, шанба куни Остонада Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко билан учрашди.
Музокаралар якунида журналистлар билан суҳбатда Клеверли Қозоғистоннинг Украинадаги можарога нисбатан тутган позициясини олқишлади.
“Буюк Британия Қозоғистоннинг Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги изчил ва принципиал позициясини ҳамда урушни БМТ низоми асосида ҳал этиш истагини юксак қадрлайди”, - деди Клевери.
Жума куни Остонага икки кунлик ташриф билан келган Kлеверли Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва бош вазир Алихон Смоилов билан ҳам музокаралар олиб борди.
Шанба куни кечроқ Британия бош дипломати Остонада Қозоғистон пойтахтидаги марҳум Қиролича Елизавета номи билан аталувчи боғнинг очилиш маросимида иштирок этади.
Шольц: Ҳеч ким ҳуқуқ ва қонундан устун бўлолмайди
Германия Канцлери Олаф Шольц Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер беришини олқишлади.
"Ҳеч ким ҳуқуқ ва қонундан устун бўлолмайди. Бу халқаро ҳуқуқнинг муҳим тамоили", - деди Шольц Токиога ташрифи чоғида.
Байден: Путин ҳарбий жиноятлар содир этган, ХЖС уни ҳибсга олиш учун ордер беришга ҳақли
АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин ҳарбий жиноятлар содир этгани ва Халқаро жиноят судининг уни ҳибсга олиш учун ордер беришга ҳақли эканини айтди.
"Лекин масала шундаки, суд халқаро миқёсда етарли тан олинмаган, жумладан биз тарафдан ҳам. Лекин менимча, бу жуда кучли мужда", деди Байден жума куни журналистлар саволларига жавоб бераётиб.
Британия бош вазири ўринбосари Доминик Рааб Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер беришини “тарихий воқеа” деб атади.
“Ўйлайманки, қисқа муддатда президент Путиннинг бутун дунё бўйлаб ҳаракатланиши жуда қийинлашади, чунки ХЖС аъзоси бўлган ва уни ҳибсга олишга мажбур бўлган жуда кўп давлатлар бор”, деди Рааб.
"Мустақил фаолият юритувчи Халқаро Жиноят Суди президент Путин ва Болалар Омбудсманининг даҳшатли жиноятлари учун айблов хулосаси чиқарди. Суд мустақил фаолият олиб боришига қарамай, халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами жуда муҳим", деди Рааб.
Халқаро Жиноят суди Путинни ҳарбий жиноятда, юзлаб болаларни Украинадан ноқонуний равишда депортация қилишда айблади.
Ҳозирда ХЖСга 123 давлат аъзо. Бу мамлакатлар ҳибсга олишга ордер берилган шахслар ўз ҳудудига қадам босиши билан Ҳаага судига топшириш мажбуриятини олган.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича масъул Жозеп Боррел Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганини халқаро адолат учун муҳим қарор деб атади.
Боррелнинг айтишича, бу ҳаракат "Россияни Украинадаги жиноятлари ва ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортиш"нинг ибтидоси холос.
"Бу халқаро адолат ва Украина халқи учун муҳим қарор. Биз ҳар доим Европа Иттифоқида Украинага қарши ноқонуний тажовузда айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини очиқ айтиб келганмиз. Ва бу бошланиши. Россия ва унинг раҳбарини Украинада содир этаётган жиноятлари ва ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортиш ва жавобгарликка тортиш жараёни бошида турибмиз", деди Боррел.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги журналистлар БМТ Бош котибининг воизи Стефан Дюжаррикни Халқаро жиноий суднинг Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш ордери БМТ дипломатиясига таъсири ҳақидаги саволларга кўмишди.
"Бош котиб ҳали ҳам президент Путин билан гаплашадими ёки учрашадими?", - деб сўради журналистлардан бири.
"Бош котиб бизнинг ишимизни ривожлантириш учун ким билан гаплашиши керак бўлса, ҳар доим гаплашади", деб жавоб берди Дюжаррик.
Халқаро жиноий суд жума куни Россия президенти Владимир Путинни болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилиш бўйича ҳарбий жиноятда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди.
Москва ўз кучлари қўшнисига бир йиллик бостириб кириши чоғида ваҳшийлик қилгани ҳақидаги айбловларни қайта-қайта рад этиб келади ва Кремл суд қарорини Россияга нисбатан “яроқсиз” деб баҳолади.
Россия ҳам, Украина ҳам ХЖС аъзоси эмас, бироқ Киев унга ўз ҳудудида содир этилган жиноятларни таъқиб қилиш ҳуқуқини берган.
123 давлат аъзо бўлган трибуналнинг ўзига хос полиция кучлари йўқ ва гумондорларни ҳибсга олиш ва суд муҳокамаси учун Ҳаагага топшириш учун аъзо давлатларга таянади.