Референдумни келаси йил баҳорида ўтказиш "режаланмоқда"
Озодликнинг Ўзбекистон Сенатига яқин манбаси ҳукумат конституцион референдумни келаси йил баҳорида ўтказишга ҳозирлик кўраётганини билдирди.
"Конституция бўйича референдум 2023 йил март ойи охири - апрель бошида бўлади. Наврўздан кейин бўлади. Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ҳамда АҚШдан кузатувчилар таклиф қилиняпти”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган манба.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси референдум санасини тасдиқлагани йўқ, аммо ҳозирликлардан хабардор Тошкентдаги мулозим референдум Наврўздан кейинга режаланаётгани ҳақидаги маълумотга “ҳақиқатга яқин” дея муносабат билдирди.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси вакили, Озодлик мурожаатига жавобан: “Ҳозир бу ҳақда бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Бунинг учун президент қарор чиқариши ёки Олий Мажлис бу таклифни тасдиқлаши лозим”, деб маълумот берди.
Мурожаат жонли намойиш қилинади
Анъанавий йиллик мурожаат мамлакатдаги барча телевидение ва радиоканалларида, расмий Интернет саҳифалари орқали жонли намойиш этилиши маълум қилинди.
Мурожаатни жонли намойиш қиладиган телеканал ва Интернет манбалари рўйхати эълон қилинди. “Ўзбекистон 24”, “O'zbekiston”, “Sevimli”, “Zo'r TV” телеканаллари рўйхатда бор.
Маҳаллий матбуот, Мирзиёев декабрнинг охирги кунларида парламентга мурожаат қилиши, бу йил иккинчи бор эртароқ мурожаат қилаётганига алоҳида урғу бермоқда.
Бунга қадар президент - 2017 йил 22 декабрида, қолган йилларда эса 28-29 декабрь кунлари Олий Мажлисга мурожаат қилган.