Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:38

"Туҳмат" ва "ҳақорат". Тошкентда президент Мирзиёев оиласини танқид қилган блогер ҳибсга олинди


Блогер Шоҳида Саломова 18 декабр куни Тошкентдаги уйидан олиб кетилган.
Блогер Шоҳида Саломова 18 декабр куни Тошкентдаги уйидан олиб кетилган.

Тошкентлик блогер ва Телеграмдаги “Патанатомия страни Уз” канали маъмури Шоҳида Саломова Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “туҳмат” ва “ҳақорат” бандлари бўйича айбланиб ҳибсга олинди.

Саломованинг ишини кузатаётан жамоатчилик ва ҳуқуқ фаоллари унинг ҳибсга олинишини “биринчи оила” ҳақидаги танқидий постлари билан боғлашмоқда.

Саломова сўнгги пайтларда Ўзбекистонда жавобгарликка тортилган ягона блогер ва фаол эмас.

60 яшар блогер шу йилнинг 18 декабрь куни бедарак кетган ва кейинроқ унинг ҳибсга олингани ўртага чиққан эди.

Ҳибсга олиниши арафасида Саломова ўз каналида Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда оиласи мансубларининг суратларини чоп этган ва уларни непотизм ҳамда коррупцияда айблаганди.

Адвокатлари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳибсхонасида сақланаётган Саломова билан учраша олмаётганини айтмоқда.

“Шахиня Королева” тахаллуси остида фаолият олиб борган блогер YouTube, Фейсбук ва Телеграмдаги саҳифаларида чиқишларида Ўзбекистон Адлия вазирлиги, прокуратура, суд, вилоят ва айниқса Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимларини танқид қилиб келган.

Саломованинг танқиди нишонига айланганлар орасида Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров ҳам бор. Шоҳида Саломова Отабек Умаровни "пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлиси яқинида 20тача ер участкаларини сотиб олиб, катта ҳовли қураётганлик"да айблаган.

Шоҳида Саломованинг ҳибсга олинишини муҳокама қилаётган Интернет фойдаланувчиларидан бири махсус кучлар унинг квартираси эшигини бузиб кирганини маълум қилди.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаеванинг ёзишича, Саломова сўнгги йилларда Тошкентдаги мажбурий бузишларни ёритиб келаётганди.

- Сўнгги йилларда Саломова мажбурий бузиш ишлари бўйича етакчи адвокатга айланди. Унинг вайронагарчилик қурбонларига очиқ юридик ва бепул маслаҳатлари уни етакчи юридик блогер сифатида ажратиб кўрсатди.
Аниқ маълумки, бир кун аввал унинг телефонлари, интернети, электр қуввати ўчирилган, шундан сўнг Марказий ИИБ терговчиси Бахтиёр Тожиев келиб, уйини тинтув қилган.

Вазиятни кузатиб бораётган жамоатчилик намояндалари ва блогернинг яқинлари ҳибсга олинганидан кейин Шоҳида Саломова бедарак кетганини маълум қилди.

Блогер "туҳмат" ва "ҳақорат қилиш"да айбланмоқда

Блогернинг дўстлари ҳозирда унинг “Ўзбекистон давлати патанатомияси” Телеграм-каналидаги саҳифаси ўчириб ташланганини билдирди. Аммо, 21 декабр куни бу канал қайта ишга туширилиб, унда Шоҳида Саломованинг ўзига қарши камситувчи ва бошқа материаллар жойлаштирилганини кўриш мумкин.

Шоҳида Саломованинг ҳозирда Лондонда истиқомат қилаётган қизи Камола Камалова Озодлик билан суҳбатда қамоқ шароитларининг диабетик ва бошқа касаллар билан оғрийдиган онасининг соғлиғига салбий таъсир қилишидан хавотир билдирди.

- Улар квартирамиз эшигини муҳрлаб кетишибди, киролмаяпмиз. Онамнинг нарсаларини ололмаяпмиз. Онамнинг биз ёллаган адвокатга айтишича, “туҳмат” асосида жиноят иши очилган. Кимга туҳматлиги, бошқа маълумотларни айтмаган. Онамнинг компьютери ва телефони экспертизага юборилган. Адвокатимиз борса, бошқа навбатчи адвокат тайинлашибди, ҳар- хил баҳоналар билан уни ишдан четлатишяпти. Мен соғлиқлари қай аҳволда эканини билишни хоҳлайман. Бу сурункали касалликлардир, у кишини турмада ушлаш жуда хавфли: истаган пайтда қанд касали комасига тушиши мумкин. Диетик овқат, дори-дармон, кийим-кечак беришга рухсат беришмаяпти. У комада ётган бўлса-чи?!

Яқин дўстларидан бирига кўра, Шоҳида Саломова асосан ижтимоий-сиёсий мавзуларда чиқишлар қилиб келган.

- У кишида давлат, ДХХ ёки бошқа ходимлар билан конфликт бўлмаган. Охирги пайтларда Шоҳида диний радикаллар билан тортишиб келаётганди, унинг устидан ёзишган. Чунки у бошқа дин вакиллари ва динсизларни ҳақорат қилаётганлар билан Телеграм, Фейсбук ва бошқа тармоқларда тортиша бошлади. У сиёсий чиқишлар қилгани рост, Ютубда видеолари бор, лекин жиддий бирор далил-исботсиз, шунчаки фикрларини билдириб келарди. “Шарқона” тахаллуси билан чиқадиган бир тошкентлик аёл ҳам йўқолиб қолди, Шоҳида ҳуқуқшунос сифатида уни ҳимоя қилиб келарди.

Маълум бўлишича, тошкентлик блогерга қўйилган моддалар Интернет ёрдамида ҳақорат қилиш ва бўҳтон тарқатиш билан боғлиқдир.

Вазиятдан хабардор тошкентлик журналист Алексей Волосевичга кўра, 60 яшар аёлга нисбатан Ўзбекистон ЖК 139-моддаси ва 140-моддаси 2-қисми асосида жиноят иши қўзғатилган.

- Ҳибсга олинишидан бир кун олдин у ўзининг Телеграмида гўё президент куёвини қаттиқ ҳақорат қилиб, пост қўйган. Нима сабабдан – номаълум. Шоҳида ҳибсга олинганидан кейин унинг “Патанатомия страни Уз” Телеграм канали икки марта номи ўзгарди, ҳозир эса умуман ўчириб ташланди. Унинг уйига ҳибсга олиш ва тинтув қилишга санкция билан тўрт эркак келган. АССА сайти келганлар Ички ишлар, ДХХ, ФВВ ва яна қанақадир идорадан эканлигини ёзди. Бизга маълум бўлишича, ҳибс этилишидан бир кун олдин у Телеграм- каналида Мирзиёев оиласи фотосуратлари қўйилган пост жойлаб, жуда эҳтиросли ва қўполроқ сўзларни ишлатган. Жумладан, куёвлардан бири тўғрисида. Худди шу нарса унинг қўлга олинишига сабаб бўлган, кўринади.

Саломованинг ишини кузатаётан бошқа фаоллар ҳам унинг бундай қаттиқ босимга олинишига айнан “биринчи оила”, жумладан куёвлардан бири ҳақида "ҳақоратли" сўзларни гапиргани сабаб бўлгани ҳақидаги фаразини илгари суришди.

21 декабр куни Ўзбекистон ИИББ Тергов бошқармаси мазкур иш юзасидан расмий изоҳ берди. Унга кўра, "1970 йилда туғилган А. Г. ариза билан мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқларда унга туҳмат қилиб, ҳақорат қилган ижтимоий тармоқ фаоли фуқаро 1962 йилда туғилган Ш.С.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган."

Айни пайтда, Шоҳида Саломова шу йилнинг баҳорида бошқа бир таниқли блогер ва жамоатчилик фаоли Алексей Гаршинга қарши кўрсатма берган эди.

"Шоввозсой"ни фош қилган блогерга қарши кўрсатма

Тошкент вилоятида жойлашган “Шоввозсой” тоғлари ҳудудидаги президент Мирзиёевнинг ҳашаматли қароргоҳини фош қилган Гаршин шу йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140-моддаси 2-қисми асосида Юнусобод туман суди қарори билан Шоҳида Саломовани “ҳақорат қилганлик”да айбдор деб топилиб, катта миқдорда - 108 млн сўмлик жаримага маҳкум этилган. Бироқ, Алексей Гаршин суд қарорини 2022 йилнинг 19 декабрида қўлига олганини айтади.

Гаршин Озодлик билан суҳбатда бир неча кун олдин Тошкент ИИБсига чақиртирилиб, Саломовага қарши шикояти кўриб чиқилаётгани тўғрисида хабар беришганини айтди.

- Суд менга 400 минимал иш ҳақи миқдорида жарима солиш билан ишни якунлади. Саломованинг шикояти қабул қилинди, менинг арзим инобатга олинмади, кўрилмади. Уйимга суд ижрочилари кела бошлади. Лекин мен суд қарорини қўлимга 19 декабрь куни олдим. Бу ҳақда видеоёзувларим бор. Қизиғи, 15 декабрь куни мени шаҳар ИИБсига чақиришиб, Шоҳида Саломова устидан баҳорда ёзган қарши шикоят аризам қабул қилинишини билдиришди. Суд давомида мутлақо инобатга олинмаган бу шикоят нимага ҳозир қайта кўтарилаётгани тушунарсиз.

Саломовага “менинг аризам юзасидан жиноят иши очилгани”ни билдиришди. Мен Шоҳида Саломовани ҳақорат қилмаганман ва у менга мутлақо қизиқ эмас. Уни қаматиш ёки жаримага тортиш ҳам керак эмас. Терговчи мени ҳибсга олиш билан қўрқитди,қанақадир ҳужжатларни имзолашимни буюришди. Мен рад жавобини бердим. Тушунишимча, улар менинг қўлим билан ўзларининг қинғир ишларини амалга оширмоқчи.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда қатор жамоатчилик фаоллари, блогер ва журналистлар босимга учрагани хабар қилинмоқда.

Ижтимоий тармоқ фаоллари “фикр полицияси” деб атаётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари мамлакат ичкарисида бўлаётган ноҳақликлар, қонунбузарлик ва, айниқса, свет-газ муаммосини кўтариб чиқаётган фаолларни жавобгарликка тортаётгани, жарима солаётгани ва “суҳбатлар”га чақиртираётгани айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG