Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:36

Таҳлилчи: Эрдўғон сайловда ютқазиши мумкин. Бу Путинга зарба бўлади


Россиянинг Украинадаги босқини давом этар экан, ўтган ой бошларида, президент Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан видео алоқа орқали гаплашиб, Туркиянинг АЭСига ёқилғи юклангани билан табриклади.

Россиянинг давлат назоратидаги «Росатом» корпорацияси томонидан қурилган, қиймати 20 миллиард долларга тенг улкан Аккую атом электр станцияси, эҳтимол, бу икки президентнинг 20 йиллик ҳокимияти даврида энергетика соҳасидаги алоқаларининг чўққиси бўлди.

Путиннинг бу тарзда табриги сабаби Москванинг хориждаги таъсирини кўрсатишга бўлган ички эҳтиёж эмас, балки муаммога дуч келиб турган авторитар иттифоқчисига дастак бериш учун бўлиши мумкин.

27 апрелдаги бу мулоқот Туркияда 14 май кунги президентлик сайловига уч ҳафтадан камроқ вақт қолганида бўлди. Бу сайлов Эрдўғон учун сайловлардаги энг қийин синов бўлмоқда. Оммавий сўровлар кўрсатишича, у оғир иқтисодий муаммолар шароитида сўл‑марказчи Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) етакчиси Камол Қиличдорўғлидан ортда қолмоқда.

Путин бу мулоқоти билан Киев, Вашингтон ва Брюсселга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ушбу сайловнинг натижаси қандай бўлишини истаётганини билдириб қўйди.

“Туркиядаги биринчи атом электр станциясининг қурилиши ва ... нолдан янги, илғор, юқори технологияли саноатнинг яратилиши сиз, Президент Эрдўғон, мамлакатингиз учун, иқтисодингиз ўсиши учун қанчалар ҳаракат қилаётганингизнинг яна бир ишончли далилидир”, деди у.

Путин бутун Туркияга жонли эфирда: “Аниқ айтмоқчиман: сиз ўз олдингизга улкан мақсадлар қўйишни биласиз ва уларни амалга ошириш йўлида ишонч билан ҳаракат қиласиз”, деди.

Путиннинг хушомадгўйлиги 69 ёшли Эрдўғонни қўллаб-қувватлаётганини

кўрсатадиган сўнгги белги бўлди. Эрдўғоннинг авторитар бошқаруви ва Ғарбга қарши риторикаси НАТО бирлигига путур етказмоқда ва Россияга қарши кенг кўламли Ғарб санкцияларини заифлаштирмоқда. Бу эса Москва манфаатига мос келади

Ўтган ёзда Россия келажакдаги қурилиш ишлари учун Росатомнинг Туркиядаги лойиҳалари учун муддатидан илгари миллиардлаб доллар ўтказди. Экспертлар фикрича, бу Туркиянинг заиф валютасини қўллаб-қувватлашга қаратилган эди.

Агар Туркия ижтимоий ҳимоя агентлигини бошқарган собиқ амалдор, 74 ёшли Киличдорўғли сайланса, Путиннинг Эрдўғонга тиккан сармояси ҳавога соврилади.

Қиличдорўғли Европа ва Қўшма Штатлар билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилишини айтди. Камига бу Швециянинг НАТОга тезда кириши учун эшикни очиши мумкин. Россия эса бундай бўлишини асло истамайди.

"Эрдўғоннинг мағлубияти Путинга заррача фойда келтирмайди", деди Россиянинг Яқин Шарқ билан алоқаларига ихтисослашган Жорж Мейсон университети сиёсатшунослик профессори, Марк Катз:

“Агар у ғалаба қозонса, Путиннинг Қиличдорўғлига ялтоқланишдан бошқа иложи қолмайди. Қиличдорўғлини Ғарбга янада яқинлашишдан қайтариш учун ҳаракат қилиши керак бўлади”.

Вашингтон ва Брюссел аср бошидан бери Эрдўғон ва Путин каби қудратли одамларнинг кўтарилишидан хавотирда эди, чунки Марказий ва Шарқий Европада коммунизм қулаганидан кейинги ўн йил ичида эришилган плюралистик тараққиёт барбод бўлди. Эрдўғоннинг мағлубияти бутун дунёда демократик кучлар ҳамон «кучли» эканини кўрсатади”, деди Нью-Йорк халқаро алоқалар кенгашининг Яқин Шарқ ва Африка тадқиқотлари бўйича катта илмий ходими Стивен Кук.

“Бу Путин етакчилик қилаётган глобал популистик авторитаризмга зарба бўлади”, дейди Кук.

«Авторитар биродарона муҳаббат»

Путин, эҳтимол, собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари президентларини ҳисобга олмаганда Эрдўғон билан бошқаларга қараганда кўпроқ учрашган. Эрдўғон 2003 йилда Бош вазир бўлганидан бери, Путин билан яхши муносабатлар ўрнатган, буни баъзилар «биродарона муҳаббат» деб атаган эди.

Албатта, Путин ва Эрдўғон вақти-вақти билан келишмай қолган, масалан, 2015 йилда Путин Сурия-Туркия чегараси яқинида Россия учоғи турк армияси томонидан уриб туширилганда, буни “орқадан пичоқ санчиш” деб атаган эди. Шунингдек, ташқи сиёсат масалаларида бир неча марта, айниқса, Россиянинг Украинага бостириб кириши масаласида позициялар ҳар хил бўлиб қолган. Анқара Киевга дронлар етказиб беришда давом этмоқда. Аммо ҳар икки президент «Ғарб ҳукмронлик қиладиган глобал тартиб» борасида ҳамфикр ва Ғарбда кенг қўллаб-қувватланадиган баъзи қадриятларни менсимайди.

“Уларнинг иккаласи ҳам ўзларини муносиб ҳурмат қилинмаётган буюк давлатлар [раҳбарлари] деб ҳисоблайди ва иккаласининг ҳам Ғарбга нисбатан норозилиги бор. Бу ерда Эрдўғон ва Путин бир-бири билан топишган, – дейди Катз. – Улар ўртасида қандай фарқлар бўлмасин, Эрдўғон Ғарбга қарши эди, Путин учун бу асосий нарса".

Ижтимоий сўровлар олти партия қўшилган иттифоқ томонидан кўрсатилган номзод Қиличдорўғлининг Эрдўғондан бироз олдинда эканини кўрсатмоқда. Агар тўрт номзоднинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, иккинчи тур 28 май куни бўлиб ўтади.

2000‑йилларда Туркиядаги энг қудратли лавозим бўлган Бош вазир сифатида Эрдўғоннинг обрўси мамлакат иқтисоди гуллаб-яшнаган сари ошди. Бироқ сўнгги йилларда инфляциянинг ўсиши ва турмуш даражаси пасайиши кўплаб сайловчилар муносабатига таъсир қилган кўринади.

Ғарб билан зиддият

Эрдўғоннинг Ғарбдаги юлдузи ҳам демократияни бир четга суриб қўйгани, матбуот эркинлигига путур етказгани, судларни заифлаштиргани ва таҳлилчилар «тажовузкор» деб атайдиган мустақил ташқи сиёсат олиб боргани, жумладан, Путин билан яқинроқ алоқалар ўрнатгани сабабли сўнди. Унинг Вашингтон ва Брюссел билан муносабатлари жуда совуқ.

2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш бўлганидан сўнг у айбни Америкадан бошпана топган уламога юклади. Кетидан Эрдўғон Путин билан Россиядан С-400 зенит-ракета комплексини сотиб олиш бўйича келишувга эришди ва бу АҚШ санкцияларига сабаб бўлди.

Қўшма Штатлар Россиянинг ушбу комплекси Туркияда F-35 қирувчи

F-35
F-35

самолёти ҳақида разведка маълумотларини тўплаши мумкинлигидан қўрқиб, ушбу учоқлар бўйича 2,5 миллиард долларлик келишувни тўхтатиб қўйди.

Эрдўғон Қўшма Штатларнинг мудофаа бўйича санкция қўйиши эҳтимолини етарлича баҳоламаган бўлиши мумкин, дейди экспертлар, аммо у ўз обрўсига путур етказмасдан С-400дан шунчаки воз кечолмаслигини ҳам билган.

Сўнгги йилларда Эрдўғон Европа Иттифоқи аъзолари билан ҳам тортишиб қолди. У Франция билан Туркиянинг Ливиядаги фаолияти борасида, Греция ва Кипр билан эса энергия конлари ва Шарқий Ўрта ер денгизидаги денгиз чегаралари бўйича жанжаллашди.

Яқинда Эрдўғон Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишини тўхтатиб, Скандинавия давлатларини курдларнинг “террор ташкилотлари”га бошпана беришда айблади. Туркия март ойи охирида Финляндиянинг НАТОга аъзолигини маъқуллади, бироқ Швециянинг киришига тўсқинлик қилишда давом этмоқда.

Қиличдорўғли эса Туркияда қонун устуворлигини қарор топтириш, мамлакатни парламентар бошқарувга қайтариш ва АҚШ билан С-400 борасидаги келишмовчиликни ечишга ваъда берди. Таҳлилчилар фикрича, у Швециянинг НАТОга киришига тезликда оқ фотиҳа бериши мумкин.

Россия босқини

Ғарбда юзага келган барча умидсизликларга қарамай, Эрдўғон Москва ва Киев ўртасида Украина буғдойини Қора денгиз орқали экспорт қилиш бўйича келишув бўлишини таъминлади. Россия Украина портларини тўсиб, жаҳонда ғалла нархи кўтарилиб кетишига сабаб бўлган эди.

Эрдўғоннинг сайловдаги мағлубияти ана шу келишув келажагига раҳна солиши мумкин, дейди Кук. Шартнома муддати 14 майдаги сайловлардан бир неча кун ўтиб тугайди. "Ушбу дон битимини сақлаб қолиш қийинроқ бўлади, чунки унинг бир қисми Путин ва Эрдўғон ўртасидаги муносабатлар ва уларнинг ўзаро ишончига боғлиқ, – дейди у. – Биз кучли шахслар ҳақида гапирганда, менимча, улар орасидаги шахсий муносабатни кам баҳолаймиз."

Қиличдорўғли Эрдўғондагидек харизмадан маҳрум сокин технократ сифатида кўрилади.

Эрдўғон Россия Украинага бостириб кирганидан бери дор устида мувозанат сақлаб юрибди, бир томондан, Москванинг тажовузини “қабул қилиб бўлмас” деб атаб, Украинани ҳалокатли дронлар билан таъминламоқда, бошқа томондан, Москва билан бизнес қилишда давом этмоқда. Туркия, шунингдек, Россияга кетадиган ва санкцияланган Ғарб товарлари учун асосий канал бўлиб келган.

Таҳлилчилар фикрича, Қиличдорўғли ғалаба қозонганда ҳам Туркия Украина ва Россия манфаатларини мувозанатлашда давом этади, жумладан, Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларига қаршилик кўрсатади.

Бунинг сабабларидан бири Туркиянинг носоғлом иқтисодиёти, Россиянинг энергия манбалари ва сармояларига қарамлигидир. Иқтисодиёт сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон инфляцияни бошдан кечирмоқда, бу эса уни энергия нархларининг навбатдаги кўтарилиши каби ташқи таъсирларга жуда таъсирчан қилиб қўяди.

Туркия табиий газнинг қарийб 45 фоизини ҳамда нефть ва кўмирни катта миқдорда Россиядан олади. Унинг ривожланаётган фуқаровий атом саноати ҳам электр станциялари ёқилғиси учун Россияга боғлиқ.

Ўтган йили Россияга қарши кескин санкциялар киритилгандан сўнг, Путин Европа Иттифоқига энергия оқимини тўхтатди, бу эса энергия нархлари кўтарилишига сабаб бўлди.

Ғарб санкциялари Туркияни россиялик сайёҳлар ва бизнеслар учун жозибадор манзилга айлантирди. Бу эса мамлакатга жуда зарур бўлган нақд пул ва сармоя олиб келади. Санкциялардан сўнг икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми кескин ўсди.

Қиличдорўғли сайловда ғалаба қозонганидан сўнг дарҳол Европага эътибор

қаратса ҳам, Путинни узоқ вақт ёлғиз қолдирмайди, дейди Вашингтондаги Брукингс институти ходими Асли Айдинташбаш. “Эртами кечми, у Путинга Туркиядаги Россия манфаатларини хавф остига қўймаслигини айтади. Асосий савол – Путиннинг бунга қандай муносабатда бўлишидадир”, деди у.

Агар Қиличдорўғли даврида Россия билан алоқалар мустаҳкам бўлиб қолса ҳам, дейди Айдинташбаш, қонун устуворлигини тиклаш йўлидаги ҳар қандай илгари силжиш АҚШ билан мавжуд «нотўғри» муносабатларни тузатишда муҳим бўлади.

"Бу икки томонлама муносабатлардаги баъзи безовталикларни бир кечада йўқ қилади", дейди у. Аммо, унинг қўшимча қилишича, баъзилар мамлакатда Америка ва НАТОга қарши кайфиятда қолаверади ва бу Анқарадаги янги раҳбар даврида икки томонлама муносабатларни сезиларли яхшилаш истиқболини чеклайди.

Ташқи алоқалар бўйича кенгашдан Кук ҳам шу фикрда. "Мен АҚШ ва Туркия сайловдан кейин, натижадан қатъи назар, жуда яқин бўлиб кетади деб ўйламайман", дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG