Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2024, Тошкент вақти: 20:00

"Лойиҳа-2": Мирзиëев судьялар тайëрлашни энди Олий судга бермоқчи


Судьялар тайëрлаш ваколатининг Бахтиëр Исломов (ўнгда) раиси бўлган Олий судга берилиши суд тизимидаги ижроия ҳокимиятига тобеълик амалиëтини янада кучайтириши айтилмоқда.
Судьялар тайëрлаш ваколатининг Бахтиëр Исломов (ўнгда) раиси бўлган Олий судга берилиши суд тизимидаги ижроия ҳокимиятига тобеълик амалиëтини янада кучайтириши айтилмоқда.

Ўзбекистонда судьяларни тайëрлаш тизимида структуравий ўзгариш бўлиши мумкин. Жараëн тафсилотларидан яхши хабардор бир неча ҳукумат мулозимининг Озодликка билдиришича¸ яқин кунларда Шавкат Мирзиëевнинг бу борадаги қарорга қўл қўйиши кутилмоқда.

Қарор лойиҳаси¸ ундан бевосита хабардор мулозимлар таъкидича¸ Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабини Олий судлов институти деган янги ном билан Олий суд бошқарувига ўтказишни кўзда тутади.

Конституцияга кўра¸ Олий суднинг асосий вазифаси одил судловни таъминлаш. Ундан мустақил бўлган Судьялар олий кенгаши эса судьялар корпусини шакллантириш ва суд тизимини кадрлар билан таъминлаш функциясини бажаради.

Лойиҳа қабул қилинса¸ бу яна Шавкат Мирзиëев ўзи имзолаган қатор қарор ва қонун бандларини бекор қилишини англатади. Озодлик гаплашган ҳуқуқшунослар таъкидича¸ Судьялар олий кенгашининг Ўзбекистон конституциясида белгиланган ваколат ва функцияларини чеклашга қаратилган бундай қарор жорий йил катта дабдаба билан қабул қилинган янги конституцияни ҳам ўзгартиришни тақозо қилади.

Мирзиëев «ислоҳотлари»нинг бир қисми - Судьялар олий мактаби

Шавкат Мирзиëев Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби тузиш ҳақида 2019 йил 6 январь куни қарор чиқарганди.

Судьялар Олий мактабининг асосий вазифаси “судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, улар малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш»дир.

Содда қилиб айтганда¸ Судьялар олий кенгашига бўйсунувчи Олий мактаб “судья бўламан” деганларни ўқитади¸ Олий кенгаш эса¸ улар орасидан айнан кимнинг судья бўлишини белгилайди. Бу жараëн¸ амалдаги қонунчиликка кўра¸ Олий суддан мустақил равишда амалга оширилиши лозим.

Мазкур қарорга асосан¸ 2020 йил 1 сентябрдан судьялик лавозимларига фақат Судьялар олий мактабида ташкил этилган курсларни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиб келмоқда.

Президент қарори лойиҳасига биноан судларни кадр билан тайëрлашга масъул мактабни Судьялар олий кенгашидан олиб Олий судга бериш ҳаракати бормоқда.

Озодлик қарор лойиҳаси моҳиятидан бевосита хабардор мулозим ва экспертлар билан гаплашди. Ҳокимият юқори идораларини бошқараëтган шахслар билан очиқ конфликтга бориш оқибатидан чўчиган бу суҳбатдошлар шахси очиқланмаслигини сўради.

Уларнинг айтишича¸ қарор лойиҳаси бўйича Тошкент давлат юридик университети¸ Жамоат хавфсизлиги университети каби муассасалардан хулосалар олинган. Бу хулосаларга лойиҳа муаллифлари истаган таклифлар киритилган¸ эътирозларга умуман имкон берилмаган.

Уч ойча олдин президентга судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотнома киритилган. Бир ëқлама маълумотлар асосида Олий мактабни Олий судлов институтига айлантириш ва уни Кенгаш тасарруфидан чиқаришга Мирзиëевдан розилик олинган. Администрациядан икки ой ичида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берилган. Маълумотномада судларга қўшимча судьялик штат бирликларини ажратиш ва бошқа таклифлар қаторида бир банд билан Судьялар олий мактабини “янада такомиллаштириш” чоралари ҳам кўрсатиб ўтилган. Судьялар Олий мактабини Судьялар олий Кенгаши ҳузуридан чиқариб, унинг асосида Одил судлов институти ташкил этиш лойиҳага ана шу чора-тадбирларнинг бир қисми сифатида киритилган”.

Озодлик суҳбатдошлари¸ қарор лойиҳаси у бевосита тааллуқли бўлган Судьялар олий Кенгаши ва Судьялар олий мактабига расман юборилмаганини билдирди. Кенгаш матбуот хизмати Озодлик сўровига "бу ҳақда маълумотга эга эмаслиги"ни айтиш билан жавоб қайтарди. Олий мактаб матбуот хизматидан ҳам саволларга жавоб олиш имкони бўлмади.

Қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz порталида йўқ. Бу эса унинг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай¸ яширин тарзда қабул қилинаëтганини англатади.

Қарор лойиҳаси очиқ ва кенг муҳокама қилинса, халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан танқидий ва асосли фикрлар пайдо бўлади ва қарор қабул қилинмаслиги мумкин. Буни қарор лойиҳаси муаллифлари яхши билишади”, дейди қарор лойиҳаси моҳиятидан бевосита хабардор мулозим.

Ўзгариш моҳияти нимада?

Қарор лойиҳаси билан таниш ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича¸ Олий судлов институти таъсис этилса¸ Институт судьялик лавозимларига номзодларни эмас, балки судьялик лавозимига тайинлаб бўлинган судьяларни ўқитади. Бу эса¸ экспертлар таъкидича¸ амалдаги қонунчиликка зиддир.

Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасига мувофиқ “илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Институтда ўқитиладиган судьялар Судьялар олий мактабида ўқимаган бўлса, уларни судьялик лавозимларига тайинлаш амалдаги қонун талабларини бузиш ҳисобланади.

Лойиҳа қабул қилинса¸ “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар ва Президентнинг тегишли қарорларига ўзгартиришлар киритиш лозим”.

Озодлик гаплашган мутахассислар фикрича¸ янги қарор лойиҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан хавфли жиҳати¸ унинг амалдаги Конституциянинг Судьялар олий кенгаши ваколат ва вазифаларига оид моддаларига хилофлигидир.

Ўзбекистон янги конституциясининг 135-моддасига кўра¸ Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаси судьялар корпусининг шакллантирилишини ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашдан иборат.

Судьялар корпусини шакллантиришни Кенгашдан Олий суд тасарруфига ўтказиш¸ айнан судлар мустақиллиги принципининг қўпол бузилиши бўлади. Кечагина ўзи тасдиқлаган конституцияга зид бўлган қарор қилиш¸ халқаро ҳуқуқий майдонда¸ қолаверса жамоатчилик кўзи олдида президентни обрўсизлантирмай қолмайди. Бу лойиҳа жиддий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмай¸ президентни алдаш йўли билан қабул қилинмоқда”.

Зўр ва зар учун кураш?

Озодлик гаплашган адлия тизими мулозимига кўра¸ Судьялар олий мактабининг судьяликка номзодларни тайёрлаш ўқув курсларига қабул жараёни Судьялар олий кенгаши бевосита иштирокида беш босқичда ўтказилади. Олий суд ва унинг амалдорлари бу жараëнга расман иштирок этмайди.

Бундай стратегик жараëндан четда қолиш¸ Олий суд раиси ва бу тизимдагилар “ҳасадини қўзғамай қолмади”¸ дейди Озодликка гапирган адлия тизими мулозими.

Янги қарор лойиҳасини Олий суд Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи Отабек Исмоилов Олий суд раиси Бахтиëр Исломовнинг тўғридан-тўғри буйруғи асосида тайëрлади. Асл мақсад¸ тизимни такомиллаштириш эмас¸ балки Исломовни суд тизими устидаги якка ҳокимга айлантириш. Исломов президентнинг кенжа куëвига яқин. Буни аслида яширин бизнеси ва давлат ичидаги ваколати кучайиб бораëтган Отабек Умаровнинг судлар фаолиятини ҳам ўз назоратига олиш уриниши дейиш мумкин”.

Вилоят судларида ишлаб юрган асли фарғоналик Бахтиëр Исломов карьераси Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг тезлик билан кўтарилиб кетди. 2021 йилда у собиқ МХХ раиси Рустам Иноятов ўрнига президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бир йил ўтиб-ўтмай 2022 йил августида Олий суд раиси лавозимига тайинланди.

Озодлик гаплашган собиқ судьялардан бири¸суд тизими¸ судьяликка номзод бўлиш ва сўнгра тайинланиш жараëнининг коррупциялашгани¸ Олий суд ва Кенгаш ўртасида бораëтган гизли кураш тайинлов учун олинадиган пора устидаги тортишув ҳам эканини иддао қилди.

Ҳалиям судьяларни лавозимга қўйишда ставка бор. Бу лавозимга билимли кадрларни тавсия қилишмайди. Биринчидан¸ улар пора беришни истамайди¸ иккинчидан, уларга тепадан бериладиган буйруқни бажартириш осон бўлмайди. Бу ваколат Олий судга ўтадиган бўлса¸ жараëн янада коррупциялашади ва тамоман администрациядан бериладиган буйруқлар ижрочисига айланади. Саводсизлар ўтирадиган судларда адолат бўлмаслигини оддий халқ кўриб турибди”.

Бундай иддаога муносабат билдриган ҳуқуқшунослардан бири¸ судьяларни коррупция ва ижроия ҳокимияти босимидан халос қилиш учун асосий эътиборни улар мустақиллигини кучайтириш ва билим-малакасини ошириш устувор вазифа бўлиши лозимлигини айтади.

Бунинг учун ишлаб турган тизимни бузиш эмас¸ балки унинг мустақиллиги ва шаффофлигини ошириш чорасини кўриш керак.”

Судьялар мактаби устидаги давомли тортишув

Бу Олий судьялар мактабини тугатиб¸ суд кадрларини тайëрлашни назоратга олиш устида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва адлия тизимлари ўртасида юзага чиққан биринчи тортишув эмас.

2019 йил судлар мустақиллигини таъминлашни иддао қилган жараëн доирасида таъсис этилган Судьялар олий мактабини Судьялар олий кенгаши тасарруфидан чиқаришга 2022 йили Бош прокуратура ҳам уриниш қилган эди.

Ўшанда Ўзбекистонда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси деган янги тузилма таъсис қилиб¸ уни Бош прокуратурага бўйсундиришга қаратилган президент қарори лойиҳаси тайëрланган.

Айрим мутахассис ва депутатлар эътирози Озодликда ëритилганидан кўп ўтмай¸ бу қарор лойиҳаси тўхтатилган эди.

Суд кадрларини тайëрлаш ва тайинлашнинг Олий судга ўтказилиши¸соҳа мутахассислари фикрича, Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг адлия тизимида амалга оширилган айрим ўзгаришлардан ортга чекинишни англатади.

Судьялар Олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби тузилиши халқаро майдонда Шавкат Мирзиëев “ислоҳот”ларидан энг муҳимларидан бири сифатида кўз-кўз қилинди ва унга давомли мақтовлар олиб келди.

БМТ Тараққиёт Дастури¸БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари¸ Европа Иттифоқи каби нуфузли сиëсий идоралар бу икки тузилмани “муҳим ислоҳот” сифатида олқишлади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари – Элчи Шарлотт Адриан маҳаллий матбуотга Судъялар Олий мактаби тузилишини "демократлаштириш босқичидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири" деб олқишлаган бўлса¸БМТнинг Судья ва адвокатларнинг мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия Саян уни суд тизимининг мустақил органи сифатида тан олинишидаги фундаментал қадам сифатида баҳолаганди.

Форум

XS
SM
MD
LG