Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2024, Тошкент вақти: 23:16

"Ҳиндистонга бормадим". Тожикистонда эркак жигарининг бир қисмини аёлига берди


Муҳаммад Лолахонов турмуш ўртоғи Лола Иралиева билан амалиётдан сўнг.
Муҳаммад Лолахонов турмуш ўртоғи Лола Иралиева билан амалиётдан сўнг.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Шаҳритус туманида яшовчи 53 ёшли Муҳаммад Лолахоновнинг турмуш ўртоғи Лола Иралиевага жигарининг бир қисмини бергани шифокорлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан "мисли кўрилмаган садоқат ва муҳаббат рамзи" дея олқишланмоқда.

20 йил жигар хасталиги билан курашган турмуш ўртоғи учун Лолахонов Душанбедаги Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий марказида жигар кўчириб ўтказиш амалиётидан ўтишга қарор қилган.

Лолахонов 3 январь куни Озодлик радиосининг тожик хизматига берган интервьюсида рафиқасини қаттиқ севишини ва у узоқ йиллар фарзандлари билан бирга бўлишини исташини айтди.

“Хотиним қарийб 25 йилдан бери касал. Хайриятки, шифокорларга мурожаат қилдик, операция қилдирдик ва ҳаммаси яхши ўтди. Мен болаларимни яхши кўраман, улар учун буни қилишим кераклигини билардим. Менинг қизларим ва ўғилларим ҳатто жигарларининг бир қисмини беришга тайёр эди, лекин мен бу масъулиятни ўз зиммамга олдим», дейди у.

Муҳаммад Лолахонов ва Лола Иралиева турмуш қурганига ўттиз йил бўлган, тўрт фарзанди бор. Лолахонов хотинини даволашнинг турли усулларини қидирган, Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаган, унинг даволаниши учун тиним билмай ҳаракат қилган.

Хорижда даволаниш йўлларини ҳам ўрганиб чиққан Лолахонов пировардида хотинини Душанбеда операция қилдиришга қарор қилади. У трансплантация қилишда ёрдам берган дўстлари ва қўшниларига кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Турмуш ўртоғининг чексиз садоқатидан таъсирланган Лола Иралиева ўзининг бахти ва бугунги тўкис турмуши ҳақида гапириб, “Эрим мени севишини доим билардим. Ҳозир ҳаммаси жойида”, дейди. Лолахонов ўз қарори нафақат рафиқасининг дардини енгиллаштириши, шу билан бирга, бу ўзгалар ўртасида бир-бирларига меҳр ва ҳурмат уйғотишига ҳам умид қилишини айтади.

Лолахоновнинг ҳаракати ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлди, фойдаланувчилар уни фидойи турмуш ўртоғи сифатида олқишлади.

Тожикистондек патриархал меъёрлар ҳукмрон бўлган жамиятда бундай садоқат ноёб ҳодисадир. Бу воқеа аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик ҳолатлари ҳақида кенг тарқалган хабарлар манзарасида содир бўлди. Лолахоновнинг меҳр-оқибатли хулқи алоҳида ажралиб туради.

Душанбедаги шифохонанинг жигар трансплантацияси бўлими мудири Муҳаммадшариф Мирғозиев эркакнинг ўз жигари бир қисмини хотинига бериш ҳолатлари камдан-кам бўлишини айтиб, донорларнинг аксарияти одатда аёллар, масалан, оналар ёки опа-сингиллар дейди. Тожикистонда оталар ўз фарзандлари учун хайрия қилиш ҳолатлари кузатилса ҳам, Лолахонов ўз оиласига донор бўлган иккинчи эркакдир.

Тожикистонда буйрак, жигар ва бошқа органларни кўчириб ўтқазиш амалиётлари бир неча йиллардан буён муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳозирда мамлакатда жигар трансплантацияси зарурати ҳақида аниқ статистик маълумотлар мавжуд бўлмаса ҳам, 2023 йилда 60 та жигар трансплантацияси амалга оширилган, донорларнинг аксарияти қариндошлардир. Бироқ, эркак ўз жигарининг бир қисмини хотинига бериши Тожикистонда ҳозирча биринчи ҳолат.

Форум

XS
SM
MD
LG