Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2025, Тошкент вақти: 13:37

Мирзиёевдан бир йилда учинчи афв. Амнистия эса йўқ


2025 йилда Мирзиёев жами 1626 нафар маҳкумни афв қилган.
2025 йилда Мирзиёев жами 1626 нафар маҳкумни афв қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 декабрь — Конституция куни муносабати билан 615 нафар маҳкумни афв этди. Бу — жорий йилдаги учинчи афв. Йил бошидан буён президент Рамазон Ҳайити ва Мустақиллик байрами муносабати билан ҳам жами 1011 нафар маҳкумни авф этган.

Бироқ Ўзбекистонда сўнгги оммавий амнистия Ислом Каримов вафотидан икки ой ўтгач қабул қилинган. Орадан қарийб ўн йил ўтса-да, парламент бошқа оммавий авф эълон қилмади.

Таҳлилчилар бу тенденцияни жиноят сиёсатида назоратни кучайтириш ва кечирим масаласини президент ваколатлари доирасида марказлаштиришга қаратилган стратегия сифатида изоҳлашмоқда.

7 декабрь куни президент Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

"Жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар шахс афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди", дейилади президент фармонида.

Афв этилганлар орасида 9 нафар чет эл фуқароси, 29 нафар аёл, 23 нафар 60 ёшдан ошган эркак ва 264 нафар ёшлар бор. Расмий маълумотга кўра, афв қилинган орасида 2 нафар вояга етмаган бола ҳам бор.

Рresident.uz сайтидаги маълумотга кўра, афв этилганлар ичида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 9 нафар шахс ҳам бор. Бироқ қайси ташкилотлар ҳақида гап кетaётгани очиқланмаган.

"Президент томонидан қабул қилинган "Афв этиш тўғрисидаги" фармон орқали 600 нафардан зиёд маҳкум ва маҳкумаларни оилаларига қайтариш - энг муҳум ташаббуслардан, деб айтиш мумкин. Лекин бу ташаббуснинг кейинги қадамлари ҳам бўлиши керак. Жумладан, уларни жамиятга қайтариш йўлида, уларни руҳий-психологик, касбий, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Чунки уларнинг келажакда яна жиноят оламига қайтмаслиги, эски қилмишларини қайта давом эттирмасликлари учун уларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаш муҳим", дейди ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова.

Мирзиёевнинг 27 августдаги афви ҳам 7 декабрдаги фармон билан айни мазмунда эди: қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтгани қайд этилган 523 нафар кечирилган. Март ойида қабул қилинган президент афви рўйхатига 488 нафар шахс киритилган. Жорий йилда президент Мирзиёев жами 1626 нафар маҳкумни афв қилган.

Айни пайтда мамлакатда ялпи амнистия эълон қилинмаганига қарийб 10 йил бўлди. Охирги амнистия 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган бўлиб, ўша пайтда 40 мингга яқин шахс амнистияга тушгани айтилган.

Шундан бери Ўзбекистонда фақат президент афвлари эълон қилиб келинмоқда.

"Каримов даврида амнистия ҳар йили давом этарди. Ҳар йили ҳар бир санага - Мустақиллик байрами, Конституция куни каби муҳим саналарда парламент амнистия қабул қиларди. Бу тез-тез кузатиладиган жараён эди. Минглаб шахслар муддатидан олдин озод қилинган. Лекин янги президент иқтидорга келган йилларда амнистия жараёнлари тўхтаб қолди" , - дейди ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова.

Ўзбекистон Конституциясига биноан, афв фақат президент томонидан эълон қилинади. Амнистия эса президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинади.

Мирзиёев даврида фақат бир марта (2016 йил 12 октябрда) амнистия эълон қилинган.
Мирзиёев даврида фақат бир марта (2016 йил 12 октябрда) амнистия эълон қилинган.

Афвни қўллаш учун, одатда, жиноят содир этган шахснинг шахсий илтимосномаси асос бўлади. Амнистияда эса бундай талаб йўқ— у умумий тартибда, белгиланган тоифаларга нисбатан қўлланилади.

Афв — бу аниқ шахсларга, уларнинг ёши, соғлиғи, оилавий ҳолати ёки муайян инсонпарварлик ҳолатлари инобатга олиниб берилган индивидуал кечиримдир.

Амнистия эса муайян тоифаларга нисбатан эълон қилинади: 18 ёшга тўлмаганлар, аёллар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлар каби гуруҳларга нисбатан амнистия қўлланилиши мумкин. Бунда амнистияга неча киши тушиши ёки кимлар тушиши олдиндан аниқ бўлмайди. Афвда эса қайси шахсга нисбатан қўлланилаётгани номма-ном кўрсатилади.

Афвга маҳкумнинг шахсий илтимосномаси асос бўлади.
Афвга маҳкумнинг шахсий илтимосномаси асос бўлади.

Шунингдек, афв фақат суд ҳукми чиққандан кейин қўлланилади, яъни жазо муддатини ўтаётган ёки ҳукми кучга кирган маҳкумларга нисбатан амал қилади.

Амнистия эса жиноят процессининг исталган босқичида — терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, ҳаттоки жиноят иши қўзғатилмаган бўлса ҳам қўлланиши мумкин.

Амнистия афвдан фарқли равишда анча кенг ҳуқуқий самарага эга: у шахсни фақат жазодан эмас, балки жиноий жавобгарликнинг ўзини ҳам тугатиш қувватига эга.

Таҳлилчиларга кўра, президент афвларининг кўпайиб бориши ва амнистиянинг деярли йўқолиши мамлакатда жиноят сиёсати ва давлат назоратининг ўзгарганини кўрсатади.

"Кейинги пайтда нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲнинг бир қанча давлатларида ҳам амнистия эълон қилиш тўхтатилган. Менимча, бу мантиқан тўғри жараён. Сабаби кўп ҳолларда, ўша Каримов даврида кенг амнистия эълон қилинганда, амнистияга тушган шахслар қайта жиноят содир этганлиги, оилага қайтгач, яна ўша қилмишларни такрорлагани маълум", дейди ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова.

Мирзиёев даврида афв механизмларининг индивидуаллаштирилиши орқали давлат ҳар бир маҳкумнинг ишини алоҳида тартибда баҳолаш имконига эга бўлмоқда; буни расмийлар «инсонпарварлик ва адолат» тамойилларини таъминлашга хизмат қилиши билан изоҳламоқда.

Аммо мустақил ҳуқуқшунослар ва сиёсатшунослар фикрича, амнистиядан воз кечилиши парламентнинг ролини янада камайтирган. Амнистия — табиатан оммавий ва сиёсий қарор бўлиб, уни қабул қилиш Олий Мажлис ваколатида. Афв эса президент ваколати сифатида марказлашган бошқарувни кучайтиради ва қарор қабул қилишни ижро ҳокимияти қўлига тўлиқ ўтказиб қўяди.

Баъзи экспертлар бу тенденцияга давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам изоҳ беришади: оммавий амнистияда юзлаб ёки минглаб шахслар бир вақтнинг ўзида жавобгарликдан озод этилади, бу эса хавфсизлик идоралари учун қатъий назоратни таъминлашда қийинчилик келтиради. Афвнинг индивидуал тартиби эса ҳар бир аризани ДХХ, прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида ўрганиш имконини беради.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

"Ҳозир жамоатчилик ўртасида "амнистияга эҳтиёж бор", деган гаплар пайдо бўляпти. Чунки маҳкумлар сони 2023 йил 1 январь ҳолатига қараганда қарийб икки баробарга ошган. Ўша пайтда 25-26 минг бўлган бўлса, ҳозир Ўзбекистон зоналарида қарийб 50 минг атрофида маҳкумлар бор. Ҳозир маҳкумлар сони ниҳоятда ортиб кетган. Ҳатто буни Жазони ижро этиш колониялари бошлиқлари ҳам такрорлашаяпти. Аввалги даврда бу муаммо кўпинча амнистия актлари туфайли бартараф қилинар эди", дейди "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Айрим кузатувчилар фикрича, афвлар ташқи сиёсий контекстда ҳам қулай воситага айланган — хорижий ташкилотлар билан мулоқотда, сиёсий маҳкумлар тоифаси бўйича танқидларга жавоб сифатида ёки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги рейтингларни яхшилаш мақсадида муайян гуруҳларни озод қилиш афв орқали анча самарали сигнал беради. Амнистия эса бундай селектив механизмни бермайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Каримов даврида қамоқда ушланган минглаб диний ва сиёсий маҳкумларни озод қилгани учун олқишланади, аммо ўтган вақт мобайнида қатор собиқ сиёсий маҳкумларнинг реабилитация қилиш ҳақидаги аризалари рад этилгани инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG