Линклар

Шошилинч хабар
23 феврал 2026, Тошкент вақти: 23:59

2025: Қора қурум, хўрланган мигрантлар, Жаҳон чемпионати

Коллаж
Коллаж

Метан танқислиги, Тошкентдаги қора қурум, Россияда мигрантларга босим, Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиши, кўчаларни босган Хитой моллари — бу воқеалар 2025 йилда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментини "қиздирди". Ҳатто президент қизининг мушуги ҳам муҳокамалардан четда қолмади.

Албатта, тренд бўлган воқеалар аслида бундан анча кўп, олдинда уларнинг айримларини эслаймиз.

Метан газга навбат

Якунига етган 2025 йил метан газ таъминотидаги узилишлар юзасидан билдирилган норозиликлар билан бошланганди. Мазкур муҳокамалар марказида 46 ёшли ҳайдовчи Ғайрат Дўстов билан боғлиқ воқеа турди.

Аслида бу воқеа 2024 йилнинг охирида бўлса да, 2025 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Дамас ҳайдаб тирикчилик қилган Дўстов Тошкентдаги метан газ қуйиш шохобчасида тун бўйи навбат кутгани, аммо газ тугаб қолганига норозилик билдириб, расмийларга мурожаат қилганди. Унинг таги йиртилган пойафзали эса норозилик тимсолига айланди.

Ғайрат Дўстов
Ғайрат Дўстов

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар Бектемир тумани суди Дўстовни майда безорилик айби билан 15 сутка маъмурий қамоққа ҳукм қилган. Жамоатчиликдаги кескин танқидлардан кейин бир ҳафта ўтиб, унинг жазо муддати саккиз кунга қисқартирилиб, суд залида озод этилган.

Ушбу воқеалардан кейин Ғайрат Дўстов ижтимоий тармоқларда бошқа кўринмади. Бироқ орадан бир йил ўтганига қарамай, мамлакатда метан газ тақчиллиги ҳамон ҳукм сурмоқда. Тармоқ фойдаланувчиларнинг ёзишича, газ қуйиш шохобчаларида километрларга чўзилган навбатлар ҳозир ҳам давом этяпти.

Энергетика вазирлиги ҳаво ҳарорати пасайганда, табиий газ истеъмоли ортиши ва қувурларда босимнинг озайиши кузатилишини таъкидлайди. Мазкур ҳолатда биринчи навбатда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлашга устуворлик қаратилиши ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши маълум қилинади.

Тошкент узра қора қурум

2025 йил Ўзбекистон, айниқса Тошкентда куз ва қиш ойларида кузатилган қора қурум мамлакат миқёсида экологик муаммоларнинг қанчалик жиддий эканини яна бир бор кўрсатди. Қатор манбаларга кўра, пойтахт бир неча марта дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида юқори ўринларга чиқди.

Бу масала нафақат пойтахт, балки бошқа ҳудудларда ҳам катта муаммога айланди ва давлат идораларини тезкор чоралар кўришга мажбур қилди. Иссиқхоналарга қарши рейдлар кучайтирилди. Ҳатто Андижон вилоятида сомсапазлар тирикчилигига яраб турган тандирлар бузилди.

Ҳавонинг ифлосланиши Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида долзарб экологик муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, ва мутахассислар узоқ муддатли, тизимли ислоҳотларсиз бу масала йилдан-йилга янада оғирлашиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

Таҳқирланган мигрантлар

2025 йилда интернетда кенг муҳокама бўлган мавзуларнинг яна бири – Россиядаги мигрантларнинг таҳқирланишига оид воқеалар бўлди. Россияда хавфсизлик кучлари Марказий Осиё давлатларидан бориб ишлаётган мигрантларни калтаклаган, хўрлагани акс этган видеолар тармоқларда кўпайди.

Россияда куч ишлатар тузимларнинг мигрантлар яшаган ётоқхоналар, ҳаммомлар, кафе ва ресторанларга қурол билан бостириб кириб, уларни калтаклаб, эмаклатиб, уриб-тепиб олиб кетган ҳолатлар йил бўйи давом этди. Кремл бу каби рейдларни “қонунсиз миграцияга қарши кураш” деб атайди.

Бундай воқеалар йиллардан буён давом этмоқда. Аммо, 2025 йилда расмий Тошкент Москвага икки марта нота юборди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳолатлар ўрганилаётганини айтиш билан чекланди.

“Фақат очиқ қолаётган савол: бу юборилаётган ноталар нима натижаларни беряпти? Ҳозир ҳам биз билмаган ҳолатда қанча ўзбекистонликлар антимиграцион сиёсатнинг қурбони бўляпти? Яна қанчаси “қулсан” деб ерга уриляпти? Тармоқларга чиққан битта-иккита ҳолатни кўряпмиз холос. Лекин аниғи шуки, бугун импералистик кайфият рус жамиятида жуда кучайган” - деган"Озодлик" билан суҳбатда собиқ депутат Расул Кушербоев.

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

2025 йилнинг июнида Россия президенти Владимир Путин, Москва билан Тошкент миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишини маълум қилганди.

Президент админстрацияси раҳбари бўлиб тайинлашидан сал олдин эса Саида Мирзиёева Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, мигрантларга патент бериш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф этган. Аммо юқори даражадаги бу каби музокаралар Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини хўрлаш ва ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатларини озайтирмагани айтилади.

Fontanka.ru нашрининг ёзишича, йил бошидан бери Россияда мигрантларга қарши 200 мингдан ортиқ рейд ўтказилган. Натижада 160 мингдан зиёд хорижликларнинг мамлакатга киришига тақиқ қўйилган. Россия Ички ишлар вазирлиги ва Миграция хизмати маълумотларига кўра, бундай тақиқлар сони ўтган йилга нисбатан 30% ошган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг июнь ойидаги маълумотига кўра, Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликлар сони ҳозир бир миллионга етмайди. Вазирликнинг матбуот котиби 7-8 йил аввал бу кўрсаткич 5-6 миллион атрофида бўлганини айтган.

Россия 2022‑йил февралда Украина ҳудудига бостириб кирганидан бери юзлаб марказий осиёликлар, жумладан ўзбекистонликлар ҳам урушда ҳалок бўлди. Мигрантларни, айниқса ёпиқ муассасаларда сақланаётганларни жангларга жалб этиш ҳолатлари тўхтагани йўқ. Урушга кетган яқинларини излаб, ёки Ўзбекистонга олиб келиб беришни илтимос қилган ўзбекистонликлар ҳақида "Озодлик" мунтазам ёритиб келмоқда.

Хитой молларининг ёйма бозори

2025 йилда Ўзбекистон кўчаларини Хитойдан келган арзон маҳсулотлар босиб, ижтимоий тармоқларида улар ҳақидаги реклама ва видеолар сони кескин кўпайди.

Аслида, Хитой маҳсулотлари ўзбек бозори учун янги ҳодиса эмас. Бироқ одамларнинг айтишича, авваллари бу қадар кўп молларни йўлга ёйиб сотиш ҳолатлари деярли бўлмаган.

Сентябрь, октябрь ойларида пойтахт кўчалари гўё кўчма бозорга айланди: тротуарлар ва йўл ёқаларида пойабзал, идиш-товоқ, кийим-кечак ва ҳатто маиший техника йиғилиб кетди. Бу ҳолат нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам кузатилди.

Интернетда хилма-хил хитой маҳсулотларини "бренд" дея реклама қилаётган тадбиркорларнинг видеолари трендга айланди.

Маълумотларга кўра, кўчада сотилаётган молларнинг аксарияти Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган хитойликларга тегишли бўлса, қолган қисмини ўзбекистонликлар Хитойдан олиб келишмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан олинган тасвирлар.
Ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан олинган тасвирлар.

Молия ва иқтисодиёт таҳлилларига мўлжалланган pinkod.uz сайти маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 44,4 миллиард долларга етган, шундан 8,1 миллиард доллари Хитой билан бўлган.

1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида уч ойлик визасиз режим бошланган. Расмий маълумотларда ушбу қарор туризмни рағбатлантириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришни кўзлаши айтилган.

Шунингдек, 2025 йилда Ўзбекистонда хитойлик сармоядорлар фаолияти, хитойликларнинг кўпайиши ҳам тармоқлардаги баҳс ва танқидларга сабаб бўлди. Расмий нуқтаи назардан, бу ҳолат туризмни рағбатлантириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришни кўзлайди. Айрим экспертлар эса геосиёсий рақобат фонида Хитойнинг "юмшоқ куч" сиёсатидаги навбатдаги қадами сифатида ҳам баҳолашган.

Жаҳон чемпионатига йўлланма

2025 йилнинг энг кўп муҳокама қилинган воқеаларидан яна бири - Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Бирлашган Араб Амирлигига қарши ўйини пайтида ўзбек мухлисларининг Абу-Даби аэропортида бир неча соат ушлаб турилгани бўлди.

5 июнь куни Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирлиги жамоалари 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи босқичида учрашди. Бу ўйинни томоша қилиш учун 2 июн куни Абу-Дабига борган айрим ўзбекистонлик мухлислар кутилмаганда аэропортда тўхтатиб қолинди. Уларнинг соатлаб давом этган текширувлар ҳақидаги видеомурожаати тармоқларда тезда кенг муҳокамага айланди.

Муаммо консуллик даражасидаги музокаралар орқали ҳал этилди ва мухлислар мамлакатга киришга рухсат олдилар. Кейинчалик уларнинг Бирлашган Араб Амирлигига тантанали кириб келаётган видеолари - ноғора садолари, кўтаринки кайфият - тармоқларда яна бир бор вирусли контентга айланди.

Энг муҳим воқеа эса ўйин натижаси бўлди. 0:0 ҳисобидаги дуранг Ўзбекистонга саралаш гуруҳида биринчи иккиликдан жой олиш имконини берди ва миллий терма жамоа тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Шу билан Ўзбекистон Марказий Осиёда мундиалга чиққан биринчи миллий терма жамоага айланди.

Ўн бирга тўққиз

2025 йилда тармоқларда кенг муҳокама қилинган спорт воқеаларидан яна бири - Ўзбекистон U‑17 терма жамоасининг Саудия Арабистонига қарши финал учрашуви бўлди.

Учрашувнинг дастлабки қисмида ўзбекистонлик икки футболчи қизил карточка олди ва жамоа иккинчи бўлимни 9 нафар футболчи билан давом эттирди. Кам сон билан ўйнашга тўғри келганига қарамай, жамоа икки гол урди ва чемпион бўлишди.

Ўйин давомида жамоа мураббийи Исломбек Исмоиловнинг ҳакам қарорларига билдирган норозилиги маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Кузатувчилар фикрига кўра, ўйиндаги кескин вазиятлар ва баҳсли қарорлар туфайли ушбу финал Осиё Кубоги тарихида энг кўп муҳокама қилинган учрашувлардан бири сифатида қайд этилди.

Абдуқодирнинг трансфери

Айни пайтда ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусановнинг Англиянинг “Манчестер Сити” футбол клубига ўтиши ва у ердаги муваффақиятли дебюти ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган спорт воқеаларидан бирига айланди.

2025 йилнинг январь ойида жамоага қўшилган 21 ёшли ҳимоячи февраль ойидаёқ мухлислар овозига кўра “ой футболчиси” деб топилди. У рекорд даражада овоз тўплаб, Эрлинг Холанд ва Йошко Гвардиолани ортда қолдирди. Клуб матбуот хизмати Ҳусановни табриклар экан, мухлисларнинг фаоллиги учун миннатдорчилик билдирган.

Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги трансфери катта қизиқиш уйғотган бўлса‑да, у ҳали жамоанинг асосий таркибида мунтазам ўйнамаяпти. Февраль ойида бешта учрашувда майдонга тушгани қайд этилган, аммо уларнинг аксари ротация асосидаги ўйинлар бўлиб, Премьер‑лиганинг ҳал қилувчи ёки юқори босимли беллашувларида у асосий таркибдан жой олмаган. Кузатувларга кщра, у ҳозирча кўпроқ захирада ёки камроқ аҳамиятга эга учрашувларда иштирок этмоқда.

Лопесга совға қилинган лаган

Тренддаги воқеаларнинг яна бири - америкалик қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти бўлди.

7 август кунги концерт жамиятда танлов, эркинлик ва маданий стандартларга оид муҳокамаларни жонлантирди.

Лопеснинг чиқиши шоу-бизнеснинг замонавий услубини намоён этар экан, бу ҳолат Ўзбекистондаги дунёвий ва анъанавий қадриятлар ўртасидаги мураккаб мувозанатни муҳокама қилишга сабаб бўлди.

Концертга муносабат сиёсий доираларда ҳам акс садо берди. “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров Фейсбукда бу борада фикр билдирар экан, Жей Лонинг концерти орқали мамлакатдаги дунёвийлик тушунчасига оид янги муҳокамаларни бошлади.

Чунки, Ўзбекистонда шоу-бизнес вакилларидан очиқ кийинишдан сақланиш талаб этилади. Бу талаб ҳукумат томонидан қатъий назорат қилинади, айниқса аёл санъаткорлар очиқ саҳна образи билан чиқишса, интизомий чоралар кўрилади. Очиқ саҳна услуби билан танилган Женнифер Лопеснинг Ўзбекистон пойтахтидаги концерти ўзбек расмийларининг “маданиятга нисбатан икки хил стандарт қўллаётганининг белгиси” сифатида ҳам баҳоланди.

Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкиллаштирган концерт олдидан Женифер Лопесга мухлислари унинг сурати туширилган лаган совға қилинди. Буни артист маҳаллий анъаналар билан уйғунлашган самимий ишора сифатида ижтимоий тармоқда кўрсатди.

Лопесга берилган гонорар ҳақида маълумот берилмади, аммо давлатга 42,5 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлангани расман эълон қилинди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумотига кўра, Тошкентдаги тадбир 15 мингдан ортиқ нафар хорижий туристни жалб қилди, улар орасида тўққиз мингга яқини россияликлар.

Йўқолган мушук

2025 йилнинг якунланиши арафасида ижтимоий тармоқларда кутилмаганда қўлма-қўл бўлган мавзулардан бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева мушугининг йўқолиб қолгани бўлди.

12 октябрь куни Шаҳноза Мирзиёева “Инстаграм”да мушуги йўқолгани ҳақида эълон бериб, уни топишда ёрдам сўради. Пост қисқа вақт ичида ўн минглаб лайк ва изоҳлар тўплади, қарийб барча таниқли блогер ва тармоқ фаоллари уни улашди. Мушук ўша куннинг ўзида топилгани маълум қилинди.

Бироқ аксар кузатувчилар бу воқеани, бир қатор вилоятларда аҳоли куз келиши билан чироқ ўчиши, газ таъминотидаги узилишлардан норози бўла бошлаган пайтда, жамоатчиликн асл муаммолардан чалғитиш уриниши, деб ҳам баҳолади.

Дарвоқе, Шаҳнозанинг мушуги - 2025 йил давомида Ўзбекистон биринчи оиласи улашган биргина хос хабар эмас. Президент оиласи вакиллари йил давомида ўзларига қўшиб, болалари - яъни президент набиралари ҳаётини ҳам тез-тез интернетдаги саҳифаларида намойиш қилишни бошлади.

Ўзбекистонликлар президент Шавкат Мирзиёевнинг набираларини гоҳ Тошкентга борган футбол юлдузлари билан бир майдонда кўрса, гоҳ Лондонда ўзбек ҳукумат делегацияси таркибидаги музокаралар марказида юрганига ҳам гувоҳ бўлишди.

"Озодлик" бу ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа муҳим трендларини йил давомида ёритиб борди, марҳамат сайтимизга ва тармоқдаги саҳифаларимизга киринг, дастурларимиз билан тўлиқ танишинг, яқинларингизга улашинг!


Форум

XS
SM
MD
LG