Тегишли идоралар шахсга оид маълумотларнинг дахлсизлиги сақлангани ва ташқи манбалар орқали кириш амалга оширилмаганини айтиш билан чекланмоқда.
Ҳукуматнинг тизим ва хизматлар фаолиятини таъминловчи Маълумот маркази иши билан яхши таниш манба 4 февраль куни “Озодлик”га берган изоҳида, миллионлаб фуқарога оид шахсий маълумотлар сиздирилиши id.gov.uz платформасидаги техник муаммо билан боғлиқ бўлиши эҳтимолини билдирди.
“Тарқалиб кетган маълумотлар id.gov.uz’нинг заифлиги сабабли юзага келган. id.gov.uz бир ташкилотга берган API токени орқали бошқа шахс ҳам фойдаланиши мумкин бўлган. Бу заифлик ҳозирги кунда ёпилмоқда. Солиқ ва ИИВ тизимларига хакерлик ҳужуми бўлгани ҳақиқатга тўғри келмайди. ИИВнинг шахсий таркибга оид тизимлари ўта ёпиқ тармоқда ишлайди, интернетга уланмаган ва бу назорат остида. id.gov.uz тизимини Uzinfocom маъсулияти чекланган жамияти яратган. Илгари ҳам маълумотлар Электрон ҳукумат, id.gov.uz’дан сизиб чиққан эди, ҳар доимгидек бу ишлар ёпди-ёпди қилинган. Uzinfocom’нинг орқасида қудратли шахслар тургани сабабли, оқибатда бу ишда у айбдор ҳисобланмай, яна сувдан қуруқ чиқиши эҳтимоли катта” – деди манба. Лекин у Uzinfocom’нинг ортида кимлар турганига аниқлик киритмаган.
Uzinfocom - Ўзбекистондаги давлатга қарашли Маълумотлар маркази ҳисобланади. Компания электрон ҳукумат платформалари, давлат реестрлари, дата-марказлар ҳамда вазирлик ва идоралар учун рақамли инфратузилмани бошқаришда иштирок этади.
Мамлакатнинг бош вазири - иқтисодий блок ва рақамлаштириш соҳаси учун масъул ҳисобланади. Uzinfocom давлат IT-архитектурасининг бир қисми сифатида ҳукумат ваколати доирасида фаолият юритади, унинг сиёсий ва маъмурий масъулияти эса ҳукумат зиммасида.
“Тизимни ишлаб чиқиш ҳам, уни сақлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳам битта ташкилот қўлида, id.gov.uz ҳам. hrm.argos.uz, тиббиёт, таълим ва бошқа барча тизимлар Uzinfocom’ники” – дейди ҳукуматдаги манба.
“Озодлик” ҳозирча ушбу маълумотларни бевосита текшириш имконига эга эмас. Таҳририят манба тилга олган томонларга изоҳ учун микрофон беришга тайёр.
Uzinfocom сайтида Маълумотлар маркази барча тизим ва хизматлар фаолиятини таъминловчи узлуксиз таъминоти билан жиҳозлангани қайд этилган. Шунингдек, маълумотларнинг яхлитлигини таъминлаш, уларни заҳиралаш ҳамда туну-кун техник хизмат кўрсатиш белгиланган.
3 февраль куни Ўзбекистонда 15 миллиондан ортиқ фуқаронинг шахсий маълумотлари сиздирилиб, Dark Web’га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Бу воқеа президент Шавкат Мирзиёев кибержиноятларга қарши кураш самара бермаётганини айтган ва Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармасини танқид қилганидан бир ҳафта ўтиб содир бўлди.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари сиздирилгани хақидаги хабарларданг сўнг Киберхавфсизлик маркази ҳолат ўрганилаётганини ва қўшимча маълумот берилишини маълум қилиш билан чекланган. Uzinfocom бу борада изоҳ бермаган.
Ижтимоий тармоқларда фаоллар ушбу вазиятни муҳокама қилиб, давлат фуқаролар хавфсизлигини таъминлаши масаласида саволлар қўя бошлаганидан сўнг, Ички ишлар вазирлиги баёнот бериб, шахсга оид маълумотларнинг дахлсизлиги сақланганини ва ташқи манбалар орқали кириш амалга оширилмаганини билдирган.
Шахсий маълумотларга фуқаронинг паспорт серияси, банк реквизитлари, карта ҳамда телефон рақамлари киради. Улар фирибгарлик, пул ўғирлаш, ноқонуний кредит расмийлаштириш ёки таҳдидларда қўлланилиши мумкин.
Dark Web — интернетнинг оддий браузерлар орқали кириб бўлмайдиган, кўпинча ноқонуний фаолият учун ишлатиладиган яширин қисми ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга оид маълумотлар очиқ тармоққа сизиб чиққан бўлиши мумкинлиги муҳокама қилинаётган бир пайтда, Статистика агентлиги қуйидагича баёнот берди:
“2026 йилнинг 15-31 январь кунлари онлайн шаклда ўтказилган Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишда тўпланган барча маълумотлар, алоҳида серверда шифрланган ҳолда хавфсиз сақланмоқда. Юртдошларимизнинг рўйхатга олиш билан боғлиқ маълумотларининг хавфсизлиги бўйича хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз”.
Шахсий маълумотларнинг сиздирилишига боғлиқ вазиятга ҳозирча президент, бош вазир ёки уларнинг администрациялари муносабат билдирмади.
2019 йилда қабул қилинган “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун фуқаролар маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш тартибини белгилайди ҳамда интернет платформаларини маълумотларни Ўзбекистондаги серверларда сақлашга мажбур этади. Қонун талабларига барча ташкилотлар, жумладан банклар ҳам риоя қилиши шарт.
Форум