Эроннинг муваққат раҳбарлик кенгаши тўлиқ тайинланди
Эрон ОАВнинг хабар қилишича, муваққат раҳбарлик кенгашига кирувчи учала аъзо ҳам тайинланган.
Ушбу кенгаш янги Олий раҳбар сайлангунига қадар унинг ваколатларини бажариши керак.
Жумладан, Алиризо Арофий кенгашнинг фақиҳ (ҳуқуқшунос-руҳоний) аъзоси сифатида тайинлангани ҳақида ISNA хабар берди. У кенгаш таркибида Эрон президенти ва суд ҳокимияти раҳбари билан бирга фаолият юритади.
Эроннинг олий хавфсизлик расмийси Али Ларижонийнинг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларида бир қатор юқори мартабали амалдорлар, шу жумладан Али Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг, янги муваққат раҳбарлик кенгаши тузилмоқда.
Алиризо Арофий узоқ йиллардан бери нуфузли шахс ҳисобланади ва Хоманаий ўрнини вақтинча эгаллайди.
Эрон Бирлашган Араб Амирликларига ҳужумларни давом эттирмоқда
Дубайда шаҳар порти ҳужумга учради, натижада икки маҳаллий аҳоли жабрлангани ҳақида шаҳар ҳокимияти хабар берди.
Шунингдек, БАА пойтахтининг шарқий қисми — Абу Дабида портлаш овозлари эшитилгани ҳақида Agence France-Presse (AFP) ёзмоқда.
Абу-Дабида турар жой кўп қаватли биносига зарба берилган. БАА халқаро ҳамкорлик вазириРим Ал-Ҳошимийнинг CNN телеканалига берган интервьюсида Амирликлар Эрон ракета ҳужумлари вақтида "қўл қовуштириб ўтирмаслигини" айтди.
Путин: Хоманаийнинг ўлдирилиши - халқаро ҳуқуқнинг "беписандларча бузилишидир"
Сўнгги йилларда Эрон билан ҳарбий ва стратегик алоқаларни чуқурлаштирган Россия президенти Владимир Путин Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларида ўлдирилишини "инсоний ахлоқ ва халқаро ҳуқуқнинг барча меъёрларини беписандларча бузиш" деб атади.
1 март куни Кремль сайтида эълон қилинган ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиёнга йўлланган телеграммада Путин, Хоманаий ҳамда унинг бир неча оила аъзоларининг "қатли" муносабати билан "бутун Эрон халқига чуқур ҳамдардлик" билдирди.
Айни пайтда, Путиннинг ўзи ҳам Россиянинг Украинага босқини муносабати билан халқаро ҳуқуқни бузганликда айбланиб келмоқда.
Теҳронда бомбардимонлар давом этмоқда
1 март куни Теҳрон осмонини яна тутун қоплади. Исроил Эронга қарши яна янги ҳужумлар тўлқинини бошлаганини маълум қилди.
Reuters агентлигининг Исроил ҳарбий кампаниясидан хабардор манбасига кўра, бир кун аввал Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилишига қарамай, ҳарбий стратегияда ўзгариш йўқ ва зарбалар эронлик мансабдорлар ҳамда ракета инфратузилмасини нишонга олишда давом этади.
Эрон раҳбарияти учун яна бир оғир зарба сифатида, Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари Абдулраҳим Мусавийнинг ўлдирилгани ҳақида Iran TV хабар қилди.
Эроннинг юқори даражадаги хавфсизлик амалдориАли Лорижоний эса вақтинчалик раҳбарлик кенгаши тузилишини маълум қилди.