Яқин Шарқдаги вазият таранглашиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати қатор баёнотлар қилди
Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқда вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирда эканини билдирди.
Мамлакат томонларни кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирмоқда.
Айни пайтда, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Саудия Арабистони, БАА ва Қатардан ватандошларни олиб келиш учун авиақатновларни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бош вазир, шунингдек, Транспорт вазирлигига экспорт-импорт операциялари учун муқобил транспорт йўлакларини ишлаб чиқишни топширди.
Расмий маълумотларга кўра, биргина Саудия Арабистонида рейслар бекор қилингани сабаб қолиб кетган 1000 дан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчи бор.
2026 йил 2 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways томонидан Жидда – Тошкент йўналишида репатриация рейслари ташкил этилади. Ушбу рейслар орқали Умра зиёратига борган фуқаролар мамлакатга қайтарилади.
Ватандошларни қайтариш рейслари Саудия Арабистони, БАА (Дубай ва Абу Даби), Қатарга парвозларни амалга оширувчи барча авиакомпаниялар томонидан ташкил этилади. Яқин Шарқ мамлакатлари йўналишдаги парвозлар йўловчиларсиз амалга оширилиши айтилди.
Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистондан парвозларни келишиш учун тегишли давлатлар билан музокаралар ўтказишга киришган.
Flightradar сайтига кўра, 2 март куни Тошкентдан Жиддага бир нечта авиапарвозлар амалга оширилган.
Шу билан бирга 2 март куни Абу Даби аэропорти ўз фаолиятини тиклагани хабари чиқди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эронда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди. Теҳрондаги дипломатик ваколатхонага кўра, ҳозирда мамлакатда жами 81 нафар ўзбекистонлик бўлиб турибди.
Эрон Саудия Арабистонининг нефт заводига ҳужум қилди
Эрон Саудия Арабистонининг Рас-Танурасида жойлашган Aramco давлат нефт компаниясига қарашли нефтни қайта ишлаш заводига дрон ҳужумини уюштирди.
Шундан сўнг унинг фаолияти тўхтатилди.
Бу ҳақда душанба куни (2 март) соҳа манбаси маълум қилди. Бу ҳолат Теҳрон томонидан АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумига жавоб сифатида амалга оширилаётган зарбаларнинг учинчи кунидаги очиқ эскалация сифатида баҳоланмоқда.
Подшоҳликнинг Форс кўрфази соҳилида жойлашган Рас-Танура мажмуаси Яқин Шарқдаги энг йирик нефтьни қайта ишлаш заводларидан бирини ўз ичига олади. Унинг қуввати кунига 550 минг баррелни ташкил этади. Шунингдек, у Саудия нефти учун муҳим экспорт терминали вазифасини ҳам бажаради.
Манбанинг айтишича, Рас-Танура объекти эҳтиёт чораси сифатида ёпилган ва вазият назорат остида.
Украина Эронга қарши урушда ўз ёрдамини таклиф қилди
- Муаллиф Умидбек/Озодлик
Украина президенти Владимир Зеленский якшанба куни (1 март) баёнот бериб, Эрондаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди.
Зеленский Украинанинг Эронга қарши урушда ёрдами тегиши мумкинлигини айтди:
"Ҳозир барча Яқин Шарққа қараб туриб, Украина мудофаа соҳасидаги тажрибаси тенги йўқлигини кўряпти. Ҳатто Форс кўрфази давлатлари, тизимлари кўпроқ ва яхшироқ бўлишига қарамасдан, барибир айрим баллистик нишонлар ва дронларни ўтказиб юборяпти. Биз бу тажриба билан ўртоқлашишга тайёрмиз".
Якшанба кунги мунтазам видео мурожаатида Зеленский амалдаги Эрон режимига танқидий баҳо бериб, «бу режим ўз тақдирини ўзи белгилаб қўйди», деди.
Украина раҳбари Эрон халқи узоқ вақт давомида зўравонликка чидаб, режимга қарши туриб, ўз ҳолича қолдирилганини таъқидлади. У Эрон раҳбарияти Россияга “Шаҳед” дронлари ҳамда уларни ишлаб чиқариш технологияларини бергани учун жавоб бериши кераклигини ҳам эслатиб қўйди. “Бу масалада Американинг қатъияти, дунёдаги барча одамларнинг қатъияти натижа бериши муҳим», — дея хулоса қилди Зеленский.
Эроннинг муваққат раҳбарлик кенгаши тўлиқ тайинланди
Эрон ОАВнинг хабар қилишича, муваққат раҳбарлик кенгашига кирувчи учала аъзо ҳам тайинланган.
Ушбу кенгаш янги Олий раҳбар сайлангунига қадар унинг ваколатларини бажариши керак.
Жумладан, Алиризо Арофий кенгашнинг фақиҳ (ҳуқуқшунос-руҳоний) аъзоси сифатида тайинлангани ҳақида ISNA хабар берди. У кенгаш таркибида Эрон президенти ва суд ҳокимияти раҳбари билан бирга фаолият юритади.
Эроннинг олий хавфсизлик расмийси Али Ларижонийнинг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларида бир қатор юқори мартабали амалдорлар, шу жумладан Али Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг, янги муваққат раҳбарлик кенгаши тузилмоқда.
Алиризо Арофий узоқ йиллардан бери нуфузли шахс ҳисобланади ва Хоманаий ўрнини вақтинча эгаллайди.