Линклар

Шошилинч хабар
15 Aprel 2026, Тошкент вақти: 05:53

Жонли ХДТ: Ҳормуз бўғозида 1600 кема қолиб кетмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилди. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Трамп ҳарбий операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини таъкидлаган. Жанглар бошланганидан сўнг Эрон жаҳон энергия бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпган.

21:14 2.3.2026

2 мартга ўтар кечаси Ливан Исроилга оммавий ракета ҳужумларини амалга оширди

Исроил Мудофаа армияси Ливанга «Ҳизбуллоҳ» томонидан амалга оширилган ҳужумларга жавоб тариқасида зарбалар берганини маълум қилди («Ҳизбуллоҳ» АҚШ ва Исроилда террористик ташкилот деб тан олинган, аммо Ливанда қонуний сиёсий куч сифатида фаолият юритади).

Исроил армиясининг Шимолий ҳарбий округи қўмондони, генерал-майор Рафи Милонинг маълум қилишича, жанубий Ливан ва Байрутга қаратилган биринчи тўлқин зарбалари «юқори лавозимдаги жангарилар, штаблар ва террористик инфратузилма»га қаратилган. Байрутга берилган дастлабки зарбалардан сўнг, Исроил Ливаннинг шарқий ва жанубий қисмидаги қарийб 50 та қишлоқ аҳолисини янги ҳужумлар олдидан эвакуация қилишга чақирган.

Исроил томони Ливанга пиёда қўшинлар билан ҳужум қилиш масаласини кўриб чиқаётганини ҳам билдирди:

«Хизбуллоҳ кеча тунда ўт очди. Улар нима қилаётганини жуда яхши билишади. Биз бу ҳақда огоҳлантирган эдик. Бу уларга қимматга тушади. Биз яхши тайёрланганмиз. Биз тахминан юз минг заҳирадагиларни сафарбар қилдик, ўнлаб баталон, бригада ва дивизияларни жойлаштирдик. Улар шимолий чегарани ҳимоя қилиш учун тайёр ва барча эҳтимолий сценарийларга — ҳимоявий ва ҳужумкор ҳаракатларга ҳам тайёр. Барча вариантлар кўриб чиқилмоқда,” деди бригада генерали Эффи Дефрин, Исроил армияси матбуот котиби.

Биринчи тўлқин ҳужумдан кейин иккинчи тўлқин ҳам амалга оширилди. Исроил Мудофаа армияси Ливаннинг бир нечта ҳудудларида «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол омборлари ва инфратузилмасига зарбалар берилганини маълум қилди.

Associated Press Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб ёзишича, Исроил зарбалари оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, яна 149 киши яраланган.


21:10 2.3.2026

Яқин Шарқдаги вазият таранглашиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати қатор баёнотлар қилди


Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқда вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирда эканини билдирди.

Мамлакат томонларни кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Саудия Арабистони, БАА ва Қатардан ватандошларни олиб келиш учун авиақатновларни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бош вазир, шунингдек, Транспорт вазирлигига экспорт-импорт операциялари учун муқобил транспорт йўлакларини ишлаб чиқишни топширди.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Саудия Арабистонида рейслар бекор қилингани сабаб қолиб кетган 1000 дан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчи бор.

2026 йил 2 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways томонидан Жидда – Тошкент йўналишида репатриация рейслари ташкил этилади. Ушбу рейслар орқали Умра зиёратига борган фуқаролар мамлакатга қайтарилади.

Ватандошларни қайтариш рейслари Саудия Арабистони, БАА (Дубай ва Абу Даби), Қатарга парвозларни амалга оширувчи барча авиакомпаниялар томонидан ташкил этилади. Яқин Шарқ мамлакатлари йўналишдаги парвозлар йўловчиларсиз амалга оширилиши айтилди.

Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистондан парвозларни келишиш учун тегишли давлатлар билан музокаралар ўтказишга киришган.

Flightradar сайтига кўра, 2 март куни Тошкентдан Жиддага бир нечта авиапарвозлар амалга оширилган.

Шу билан бирга 2 март куни Абу Даби аэропорти ўз фаолиятини тиклагани хабари чиқди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эронда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди. Теҳрондаги дипломатик ваколатхонага кўра, ҳозирда мамлакатда жами 81 нафар ўзбекистонлик бўлиб турибди.

21:07 2.3.2026

Эрон Саудия Арабистонининг нефт заводига ҳужум қилди

Эрон Саудия Арабистонининг Рас-Танурасида жойлашган Aramco давлат нефт компаниясига қарашли нефтни қайта ишлаш заводига дрон ҳужумини уюштирди.

Шундан сўнг унинг фаолияти тўхтатилди.

Бу ҳақда душанба куни (2 март) соҳа манбаси маълум қилди. Бу ҳолат Теҳрон томонидан АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумига жавоб сифатида амалга оширилаётган зарбаларнинг учинчи кунидаги очиқ эскалация сифатида баҳоланмоқда.

Подшоҳликнинг Форс кўрфази соҳилида жойлашган Рас-Танура мажмуаси Яқин Шарқдаги энг йирик нефтьни қайта ишлаш заводларидан бирини ўз ичига олади. Унинг қуввати кунига 550 минг баррелни ташкил этади. Шунингдек, у Саудия нефти учун муҳим экспорт терминали вазифасини ҳам бажаради.

Манбанинг айтишича, Рас-Танура объекти эҳтиёт чораси сифатида ёпилган ва вазият назорат остида.


20:58 2.3.2026

Украина Эронга қарши урушда ўз ёрдамини таклиф қилди

Украина президенти Владимир Зеленский якшанба куни (1 март) баёнот бериб, Эрондаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди.

Зеленский Украинанинг Эронга қарши урушда ёрдами тегиши мумкинлигини айтди:

"Ҳозир барча Яқин Шарққа қараб туриб, Украина мудофаа соҳасидаги тажрибаси тенги йўқлигини кўряпти. Ҳатто Форс кўрфази давлатлари, тизимлари кўпроқ ва яхшироқ бўлишига қарамасдан, барибир айрим баллистик нишонлар ва дронларни ўтказиб юборяпти. Биз бу тажриба билан ўртоқлашишга тайёрмиз".

Якшанба кунги мунтазам видео мурожаатида Зеленский амалдаги Эрон режимига танқидий баҳо бериб, «бу режим ўз тақдирини ўзи белгилаб қўйди», деди.

Украина раҳбари Эрон халқи узоқ вақт давомида зўравонликка чидаб, режимга қарши туриб, ўз ҳолича қолдирилганини таъқидлади. У Эрон раҳбарияти Россияга “Шаҳед” дронлари ҳамда уларни ишлаб чиқариш технологияларини бергани учун жавоб бериши кераклигини ҳам эслатиб қўйди. “Бу масалада Американинг қатъияти, дунёдаги барча одамларнинг қатъияти натижа бериши муҳим», — дея хулоса қилди Зеленский.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG