Линклар

Шошилинч хабар
14 Aprel 2026, Тошкент вақти: 13:50

Жонли Трамп: Ҳормуз бўғози блокадасини бошлаймиз

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилди. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Трамп ҳарбий операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини таъкидлаган. Жанглар бошланганидан сўнг Эрон жаҳон энергия бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпган.

18:03 3.3.2026

Пентагон: Эрон баллистик ракетасини сусайтириш учун зарба берилди

АҚШ Марказий қўмондонлиги видеолардаги ҳужумлар амалга оширилган жойларни очиқламади, бироқ «АҚШнинг B-1 бомбардимон самолётлари Эрон ҳудуди ичига чуқур кириб бориб, Эроннинг баллистик ракета имкониятларини сусайтириш мақсадида зарба берди», дея баёнот берди.

Шунингдек, Abraham Lincoln авиаташувчи кемаси бу ҳарбий операцияларни қувватлаётгани айтилди.

Бу ҳақда хабар қилган Reuters агентлиги ҳозирча, видеолар қаерда ва қачон тасвирга олинганини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирди.

Abraham Lincoln авиаташувчи кема
Abraham Lincoln авиаташувчи кема

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳозирча АҚШ Эрон ҳудудига қуруқлик қўшинларини киритиш позициясида эмаслиги, бироқ бундай имконият Трамп ихтиёрига боғлиқлигини айтди.

Шунингдек, АҚШ Марказий қўмондонлиги 2 март куни олти америкалик ҳарбий ўлганини маълум қилди.

15:13 3.3.2026

Қизил Ярим Ой: «Сўнгги 4 кунда 787 киши ҳалок бўлди»

Эрон Қизил Ярим Ой жамияти 3 март куни Исроил ва АҚШ томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони «787 нафарга етгани»ни маълум қилди.

Ислом республикаси ҳукумати назорати остида фаолият юритувчи мазкур ташкилот шунингдек, зарбалар мамлакат бўйлаб 153 та туманда кузатилганини билдирди.

Ислом республикаси расмийларининг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида Минаб шаҳридаги қизлар мактабида таҳсил олган «165 нафар» ўқувчи ҳам бор. 3 март куни қурбонларнинг айримлари учун жаноза маросимлари ўтказилди. Эрон давлат ОАВ ушбу мактабда ҳалок бўлганлардан «57 нафарининг исми»ни ўз ичига олган рўйхатни эълон қилди.

Шу билан бирга, Эрон расмийлари бу воқеа учун АҚШ ва Исроилни айблаб, масалани халқаро ҳуқуқий майдонда кўтаришини маълум қилди. АҚШ ва Исроил эса мазкур мактабга зарба берилганидан бехабар эканини билдирган.

21:36 2.3.2026

АҚШ президенти Д.Трамп
АҚШ президенти Д.Трамп

"Куба кейинги навбатда"

Сенатор Линдси Грэм "Куба кейинги навбатда" турганини маълум қилди.

"Куба кейинги бўлади. Улар қулайди, кунлари битди", — деди Грэм Fox News телеканали эфирида, АҚШнинг Эрондаги операциясини шарҳлар экан.

The Atlantic нашри Оқ уйдаги номаълум манбага таяниб ёзишича, Дональд Трамп «кейинги нишон сифатида Кубага қарамоқда».

Бир неча кун аввал Трамп «Кубани дўстона тарзда эгаллаш» ғоясига қарши эмаслигини билдирган эди. Доналд Трамп АҚШда ўз ватанига қайтиш орзусида юрган кўплаб кубаликлар борлигини қўшимча қилди.


21:29 2.3.2026


АҚШ учта ҳарбий учоғини йўқотди

Душанба 2 март куни интернет тармоқларида Қувайтнинг Ал-Жаҳра ҳудудида ҳарбий учоқ осмондан қулаётгани акс этган видеолар тарқалди. Видеода учувчи парашют билан тушаётгани кўринади.

Қувайт Мудофаа вазирлиги ўз ҳудудида бир нечта америкалик ҳарбий учоқ ҳалокатга учраганини тасдиқлади, аммо барча экипаж аъзолари тирик қолгани ва барқарор ҳолатда эканини маълум қилди.

Қувайт ҳарбий учоқлар ўз ҳаводан мудофаа тизими хатоси билан урилганини тасдиқлади.

Давлат ахборот агентлиги орқали эълон қилинган баёнотда вазирлик қутқарув операциясида АҚШ кучлари ҳам иштирок этганини билдирди.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари эса Ислом инқилоби посбонлари корпусига таяниб, Қувайтда ҳалокатга учраган америкалик учоқ Эрон қуролли кучлари томонидан уриб туширилганини хабар қилди.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG