Линклар

Шошилинч хабар
15 Aprel 2026, Тошкент вақти: 03:04

Жонли ХДТ: Ҳормуз бўғозида 1600 кема қолиб кетмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилди. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Трамп ҳарбий операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини таъкидлаган. Жанглар бошланганидан сўнг Эрон жаҳон энергия бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпган.

18:08 3.3.2026

Уруш қачон тугайди?

АҚШ ва Исроил 28 феврал куни сўнгги ўн йилликлардаги Эронга қарши энг кенг кўламли ҳужумларни амалга оширди.

Ҳужумлар натижасида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилди, Эрон ҳарбий кемалари чўктирилди, ҳозирга қадар бу давлатдаги 1000 дан ортиқ нишонга зарба берилгани айтилмоқда.

АҚШ расмийлари операция бир неча кун давом этишини маълум қилган. Аммо, душанба куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаво уруши янада кенгайди ва ҳозирча унинг ниҳояси кўринмаётир.

Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати зарбаларига жавобан Ливанга ҳужум қилди, Эрон эса АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази давлатларига қарши ҳужумларини давом эттирди.

Reuters агентлиги эса ўз манбаларига таяниб, бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган узлуксиз ҳарбий операция режалаштирилгани ҳақида хабар қилмоқда.

Бу уруш АҚШ ичкарисида турлича қарши олинмоқда. Жумладан, АҚШ Сенатидаги демократлар етакчиси Чак Шумер Эронга қилинган бу ҳужумни «Америка халқи истаган нарса эмас», деб баҳолади:

«Аниқ билиб қўйинг, бу — зарурат эмас, балки танланган уруш. Демократмисиз, республикачими ёки мустақил сайловчими, ҳатто сиёсатга қизиқмасангиз ҳам, деярли ҳамма бир фикрга қўшилади: биз Яқин Шарқдаги тугамас урушлардан чарчадик. Ҳозир эса айнан шу йўлга кириб қолиш хавфи бор».

Ливан жанубидаги портлашлар, 3 март, 2026
Ливан жанубидаги портлашлар, 3 март, 2026

Трамп душанба куни Эроннинг тез суръатларда ривожланаётган ядровий дастури ва баллистик ракета дастурининг олдини олиш мақсадида АҚШ ҳарбийларига ҳужум уюштиришни буюрганини айтди.

Пентагон ҳам душанба куни АҚШнинг Эронга ҳужуми мамлакатни Яқин Шарқда янги, очиқ муддатсиз можарога тортиб киритиш хавфи борлиги ҳақидаги хавотирларни рад этган.

18:05 3.3.2026

Нетаняҳу: "Бу чексиз уруш эмас"

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу 2 март кунги чиқишида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши чексиз давом этмаслиги ва тезкор ҳамда қатъий режаланган ҳаракатларни ўз ичига олишини билдирди.

«Бу чексиз уруш эмас, бу — тинчликка олиб борадиган эшик», деди у.

Нетаняҳнинг айтишича, дам олиш кунлари бошланган ҳарбий кампаниянинг илк соатларида Эрон олий раҳбари ўлдирилганидан сўнг, ҳукуматни ўзгартириш масаласи “Эрон халқи қўлина” ўтган.

У шунингдек, Исроил ва АҚШ «бунга шароит яратиб бераётганини» таъкидлади.


18:03 3.3.2026

Пентагон: Эрон баллистик ракетасини сусайтириш учун зарба берилди

АҚШ Марказий қўмондонлиги видеолардаги ҳужумлар амалга оширилган жойларни очиқламади, бироқ «АҚШнинг B-1 бомбардимон самолётлари Эрон ҳудуди ичига чуқур кириб бориб, Эроннинг баллистик ракета имкониятларини сусайтириш мақсадида зарба берди», дея баёнот берди.

Шунингдек, Abraham Lincoln авиаташувчи кемаси бу ҳарбий операцияларни қувватлаётгани айтилди.

Бу ҳақда хабар қилган Reuters агентлиги ҳозирча, видеолар қаерда ва қачон тасвирга олинганини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирди.

Abraham Lincoln авиаташувчи кема
Abraham Lincoln авиаташувчи кема

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳозирча АҚШ Эрон ҳудудига қуруқлик қўшинларини киритиш позициясида эмаслиги, бироқ бундай имконият Трамп ихтиёрига боғлиқлигини айтди.

Шунингдек, АҚШ Марказий қўмондонлиги 2 март куни олти америкалик ҳарбий ўлганини маълум қилди.

15:13 3.3.2026

Қизил Ярим Ой: «Сўнгги 4 кунда 787 киши ҳалок бўлди»

Эрон Қизил Ярим Ой жамияти 3 март куни Исроил ва АҚШ томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони «787 нафарга етгани»ни маълум қилди.

Ислом республикаси ҳукумати назорати остида фаолият юритувчи мазкур ташкилот шунингдек, зарбалар мамлакат бўйлаб 153 та туманда кузатилганини билдирди.

Ислом республикаси расмийларининг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида Минаб шаҳридаги қизлар мактабида таҳсил олган «165 нафар» ўқувчи ҳам бор. 3 март куни қурбонларнинг айримлари учун жаноза маросимлари ўтказилди. Эрон давлат ОАВ ушбу мактабда ҳалок бўлганлардан «57 нафарининг исми»ни ўз ичига олган рўйхатни эълон қилди.

Шу билан бирга, Эрон расмийлари бу воқеа учун АҚШ ва Исроилни айблаб, масалани халқаро ҳуқуқий майдонда кўтаришини маълум қилди. АҚШ ва Исроил эса мазкур мактабга зарба берилганидан бехабар эканини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG