Эронга ҳужум эртароқ бошланди
АҚШнинг Эронга қарши ҳужуми режаланган муддатдан олдинроқ амалга оширилди, деди Яқин Шарқ бўйича АҚШнинг олий қўмондони.
Сешанба куни кечқурун эълон қилинган видео-брифингда Яқин Шарқ бўйича АҚШнинг олий қўмондони, адмирал Брэд Купер, шундай деди:
«Эроннинг биз ва шерикларимизга зарба бериш имконияти пасайиб бораётганини кўряпмиз, айни пайтда эса бизнинг жанговор қудратимиз ортиб бормоқда».
Купернинг маълум қилишича, 2 мингдан ортиқ эронлик зарбага учраган, Эроннинг ҳаво ҳимояси жиддий заифлаштирилган ва денгиз кучлари муҳим сув йўлларида ҳаракатланадиган кемаларидан айрилган.
Қўмодоннинг айтишича, Epic Fury ("Шафқатсиз ғазаб")операциясининг дастлабки 24 соати 2003 йилда Ироқда ўтказилган Shock and Awe («Шок ва қўрқув») кампаниясининг биринчи кунига нисбатан қарийб икки баравар катта кўламда бўлган.
Купер тахминан 50 минг АҚШ ҳарбийси операцияларда иштирок этаётгани ва «яна қўшимча имкониятлар» йўлда келаётганини айтди.
Сешанба куни АҚШ ҳарбийлари урушда ҳалок бўлган илк тўрт америкалик аскар шахсини маълум қилди. Трамп маъмурияти эса можаронинг кучайиши АҚШ томонидан яна қурбонлар бўлишига олиб келишидан ҳам огоҳлантирди.
Чоршанба куни Қуддусда ҳаво ҳужуми сигналлари янграб, Эрон ракеталари яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди. Гувоҳлар ракеталар тутилган пайтда биноларни силкитган кучли портлаш овозлари эшитилганини хабар қилди.
Исроил Ливанга қуруқликдан ҳужум қилди
Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ҳизбуллоҳ гуруҳи Исроилга ракеталар учиргани, Исроил эса жанубга қўшин киритиб, бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширгани ортидан, 4 мартга келиб, Ливан Яқин Шарқдаги урушнинг оловли нуқталаридан бирига айланди.
Бунга қадар ҳам Ливан Ҳизбуллоҳ ва Исроил ўртасидаги кўплаб қуролли можароларга нишон бўлганди.
1982 йилда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан ташкил этилган шиа гуруҳи - Ҳизбуллоҳ, Исроил ва АҚШнинг қўшма ҳужумида Эрон олий раҳбари ўлдирилганидан сўнг, қасос олиш мақсадида Исроилга ўт очганини билдирди.
Чоршанба кунги баёнотида гуруҳ, Исроилнинг Ливандаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларга, жумладан Байрутнинг жанубига қилган зарбаларига жавобан чегарага яқин жойлашган Исроил кучларига ракета ёғдирганини маълум қилди.
Бунинг ортидан Исроил томони, Ливандаги 16 та қишлоқ аҳолисини эвакуация қилишга чақирди. Улар Ҳизбуллоҳ ҳужумлари сабаб гуруҳ жангчилари, иншоотлари ёки қурол-яроғлари яқинида бўлган ҳар қандай шахс хаётига хавф борилигидан огоҳлантирди.
Ливан Миллий ахборот агентлиги (NNA) чоршанба тонгидан Исроилнинг бир неча ҳужуми кузатилгани, жумладан шарқий Ливанда меҳмонхона ва бир квартира ҳужумга учраганини хабар қилди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 март кунги баёнотига кўра, сўнгги кескинлашув бошланганидан бери исроиллик зарбалар камида 50 кишининг ўлимига ва 335 нафар кишининг яраланишига сабаб бўлган.
Эронга қарши ҳужумдан кўзланган 4 мақсад
Оқ Уй маъмурияти Эронга қарши, Исроил билан ҳамкорликда олиб борилаётган ва ҳозир тўртинчи кунига кирган ҳаво ҳужуми бўйича тўртта мақсадни баён қилди.
3 март куни X тармоғида Epic Fury ("Шафқатсиз ғазаб") деб номланган операциянинг мақсадларини эълон қилар экан, Оқ уй: “Америка ғалаба қозонади. Террорчи Эрон режими мағлуб этилади”, деб таъкилади.
Баёнотда ушбу мақсадга эришиш босқичлари қуйидагича санаб ўтилди:
“Эрон режими ракеталарини йўқ қилиш”,
“Уларнинг денгиз кучларини бутунлай йўқ қилиш”,
“Уларнинг террорчи прокси кучлари дунёда беқарорлик ярата олмаслигини таъминлаш”
“Эрон ҲЕЧ ҚАЧОН ядровий қуролга эга бўла олмаслигини таъминлаш.”
Таҳлилчилар мақсадлар орасида Эронда “режим алмаштириш” мақсади йўқлигига алоҳида қаратмоқда.
Марказқўм: 50 минг аскар Яқин Шарқдаги амалиётда қатнашмоқда
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Брэд Купернинг маълум қилишича, Эрондаги операцияда 50 мингдан зиёд америкалик ҳарбий, 200 дан ортиқ қирувчи самолёт, икки авиаташувчи кемада ҳужумчи гуруҳлар ҳамда узоқ масофали бомбардимончи самолётлар иштирок этмоқда.
«Биз эндигина бошладик. Аммо мен мутлақо ишонаманки, шерикларимиз билан биргаликда албатта ҳарбий мақсадларимизга эришамиз», — деди у.
Купернинг қўшимча қилишича, 28 февралдан буён америкалик ҳарбийлар Эроннинг 17 та ҳарбий-денгиз кемаси, жумладан битта сувости кемасини йўқ қилган, шунингдек, Эрон бўйлаб қарийб 2000 та нишонга зарба берган.