Исроил Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсири ўлдирилганини билдирди
Исроил Мудофаа вазири Исраел Катзнинг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужуми натижасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсири ҳалок бўлган.
“Кеча тунда Исроил кучлари аниқ ва ҳалокатли операция давомида Инқилобий гвардия флоти қўмондони Тангсирини ҳамда денгиз қўмондонлигининг юқори мартабали зобитларини йўқ қилди”, — деди Катз 26 март куни видеомурожаатида.
У Тангсирини “Ҳормуз бўғозини юк ташиш учун тўсиб қўйиш бўйича тўғридан-тўғри жавобгар бўлган” шахс деб таърифлади.
Эрон бу хабарга ҳеч қандай изоҳ бермади.
Баъзи Исроил нашрлари Тангсири Форс кўрфази соҳилидаги жанубий Ҳормозган вилоятидаги Бандар Аббос порт шаҳрига берилган зарбада ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма ҳужумлари бошланганидан бери Исроил Эроннинг бир неча юқори мартабали мулозимларини ўлдирди. Улар орасида олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий ва хавфсизлик бошлиғи Али Ларижоний бор.
Германия мудофаа вазири: Эрон уруши глобал иқтисодиёт учун фалокат
Германия мудофаа вазири Эрон урушини глобал иқтисодиётлар учун “фалокат” деб атади.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус 26 март куни Эрон урушига “имкон қадар тезроқ” дипломатик ечим топиш зарурлигини айтиб, можарони “фалокат” деб атади.
"Бу уруш дунё иқтисодлари учун фалокатдир. Таъсири аллақачон сезиляпти. . . " деди у австралиялик ҳамкасби Ричард Марлес билан Канберрадаги учрашувида.
Писториус: "Биз билан аввал маслаҳатлашгани йўқ, ҳеч ким биздан сўрамаган, бу бизнинг урушимиз эмас, шунинг учун биз бу урушга аралашиб қолишни истамаймиз", деди Писториус.
Араб давлатлари Эроннинг ҳужумларини қоралади
Олти араб давлати Эроннинг ҳужумларини суверенитет, халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини бузиш сифатида кескин қоралади.
25 март куни эълон қилинган қўшма баёнотда Қатар, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Саудия Арабистони ва Иордания Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Ироқ фракцияларининг минтақа давлатлари ва инфратузилмасини нишонга олган ҳужумларини қоралади.
Давлатлар Ироқ ҳукуматини ўз ҳудудидан ҳаракатланаётган жангариларни тўхтатиш ва бундан кейин кучайишнинг олдини олиш учун зарур чораларни кўришга ундаган.
Баёнотда, шунингдек, суверенитет, хавфсизлик ва барқарорликни ҳимоя қилиш учун ўзини-ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда, Эрон билан боғлиқ ухлаб ётган ҳужайралар ва Ҳизбуллоҳга алоқадор гуруҳлар қораланади.
Трамп Эронни музокаралар бўйича жиддийроқ бўлиш ҳақида огоҳлантирди
АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳронни музокаралар бўйича жиддийроқ бўлишга чақирди.
"Улар жуда кеч бўлмасдан олдин жиддийроқ бўлишса яхши бўлади, чунки бу содир бўлгандан кейин ОРТГА ЙЎЛ ҚОЛМАЙДИ ва бу чиройли бўлмайди! " - дея баёнот берди Трамп.
Бир кун аввал Эрон АҚШнинг 15 банддан иборат тинчлик режасини кўриб чиқаётганини ва можарога барҳам бериш учун бажарилиши керак бўлган беш шартни илгари сурганини айтди.
Эрон тинчлик режаларида нима бор?
Трамп алоҳида постида НАТО ҳарбий алянсини АҚШга кампанияда ёрдам бермагани учун қоралаб, “АҚШ НАТОдан ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини” қўшимча қилди.
Ўтган ҳафта Трамп НАТОдан нефт ва газ транзитининг муҳим йўли бўлмиш Ҳормуз бўғози хавфсизлигини таъминлашда ёрдам сўраган эди. Эроннинг баъзи кемаларга берган зарбалари ва Теҳрондан кўпроқ таҳдидлар туфайли сув йўлидаги юк ташиш деярли тўхтаб қолди.
НАТОга аъзо бўлган бир қанча Европа давлатлари можаро тугаганидан кейин ёрдам беришни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдиришган, бошқалари эса ҳеч қандай аниқ маълумотиз келган сўровни рад этишган.