Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазиятдан хавотир билдирди
29 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали гаплашди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, суҳбатда томонлар бир-бирини ўтган Рамазон ҳайити билан табриклаган, сўнгра Яқин Шарқда қарама-қаршиликлар тобора авж олаётганидан хавотир изҳор қилган:
“Бундай хатти-ҳаракатларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва уларни тўлиқ бартараф этиш нафақат бу ердаги давлатларнинг манфаатларига, балки глобал барқарорликни таъминлаш мақсадларига хизмат қилиши таъкидланди. Давлатимиз етакчиси бундай синовли кунларда Ўзбекистон Саудия Арабистони Раҳбарияти ва биродар халқи билан бирдам ҳамда якдил эканини қайд этиб, Подшоҳликнинг вазмин ва оқилона сиёсатини ҳар томонлама қўллашини билдирди”.
Яқин Шарқда 28 феврал куни бошланган ҳарбий низо бўйича президент Мирзиёев алоҳида баёнот бергани кузатилгани йўқ. Аммо, халқаро даражадаги музокараларда хавотир билдирмоқда ва шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Яқин Шарқдаги юзлаб фуқароларини тезкорлик билан эвакуация қилгани кузатилди.
Ахios: Пентагон Эрон бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқмоқда
Пентагон Эронга қарши эҳтимолий "якуний зарба" учун бир қатор ҳарбий вариантларни тайёрламоқда.
Бу ҳақда Ахios нашри икки АҚШ расмийси ва муҳокамалардан хабардор бўлган иккита қўшимча манбага таянган ҳолда хабар берди.
Манбалар АҚШ президенти Доналд Трамп кўриб чиқиши мумкин бўлган тўртта асосий сценарийни айтиб беришган.
Бу вариантларга қуйидагилар киради:
- Эроннинг асосий нефт экспорт маркази бўлган Харг оролини босиб олиш ёки блокировка қилиш
- Эроннинг Ҳормуз бўғозини назорат қилишида муҳим рол ўйнайдиган Ларак оролига бостириб кириш
- Абу Мусо ва унга яқин жойлашган иккита кичик оролни назорат қилиш
- Ҳормуз бўғозининг шарқий томонида Эрон нефтини ташувчи кемаларни тўсиб қўйиш ёки қўлга олиш
Ахios, шунингдек, АҚШ ҳарбий режалаштирувчилари ядровий иншоотларда сақланадиган юқори даражада бойитилган уранни ҳимоя қилишга қаратилган Эроннинг ички ҳудудларини нишонга олган потенциал қуруқликдаги операцияларни ишлаб чиққани ҳақида хабар беради.
Исроил Эрон Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсири ўлдирилганини билдирди
Исроил Мудофаа вазири Исраел Катзнинг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужуми натижасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсири ҳалок бўлган.
“Кеча тунда Исроил кучлари аниқ ва ҳалокатли операция давомида Инқилобий гвардия флоти қўмондони Тангсирини ҳамда денгиз қўмондонлигининг юқори мартабали зобитларини йўқ қилди”, — деди Катз 26 март куни видеомурожаатида.
У Тангсирини “Ҳормуз бўғозини юк ташиш учун тўсиб қўйиш бўйича тўғридан-тўғри жавобгар бўлган” шахс деб таърифлади.
Эрон бу хабарга ҳеч қандай изоҳ бермади.
Баъзи Исроил нашрлари Тангсири Форс кўрфази соҳилидаги жанубий Ҳормозган вилоятидаги Бандар Аббос порт шаҳрига берилган зарбада ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма ҳужумлари бошланганидан бери Исроил Эроннинг бир неча юқори мартабали мулозимларини ўлдирди. Улар орасида олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий ва хавфсизлик бошлиғи Али Ларижоний бор.
Германия мудофаа вазири: Эрон уруши глобал иқтисодиёт учун фалокат
Германия мудофаа вазири Эрон урушини глобал иқтисодиётлар учун “фалокат” деб атади.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус 26 март куни Эрон урушига “имкон қадар тезроқ” дипломатик ечим топиш зарурлигини айтиб, можарони “фалокат” деб атади.
"Бу уруш дунё иқтисодлари учун фалокатдир. Таъсири аллақачон сезиляпти. . . " деди у австралиялик ҳамкасби Ричард Марлес билан Канберрадаги учрашувида.
Писториус: "Биз билан аввал маслаҳатлашгани йўқ, ҳеч ким биздан сўрамаган, бу бизнинг урушимиз эмас, шунинг учун биз бу урушга аралашиб қолишни истамаймиз", деди Писториус.