Австралия: Урушдан мақсадга аниқлик киритилиши лозим
Австралия бош вазири Энтони Албаниз АҚШ президенти Доналд Трампдан Эронда давом этаётган урушнинг мақсадига янада аниқлик киритишини кутишини айтди.
“Мен урушнинг мақсадлари нимадан иборат экани бўйича кўпроқ аниқликни кўришни истайман ва вазият юмшашини хоҳлайман,” деди Албаниз, Трамп бошлаган урушга оид саволларга жавоб берарка:
“Можаро бошида мақсадлар қуйидагича белгиланган эди: биринчидан, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш - бунга қўшиламан, ва бу, албатта, амалга оширилди. Иккинчидан, Эроннинг ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш имкониятларини камайтириш, хоҳ очиқ тарзда бўлсин, хоҳ унинг Ҳизбуллоҳ, Ҳамас ва Ҳусийлар каби иттифоқчилари орқали бўлсин. Албатта, Эроннинг позицияси сезиларли даражада заифлаштирилди. Учинчи мақсад эса режимни ўзгартириш эди, ва менимча, тарих жуда аниқ кўрсатадики, ташқи кучлар томонидан мажбуран режим ўзгаришини амалга ошириш жуда қийин. Одатда бундай ўзгаришлар мамлакат ичида, пастдан юқорига қараб юзага келади, ташқи томондан мажбуран жорий этилмайди”.
Уруш Яқин Шарқ бўйлаб кенгайиб, минглаб одам ўлимига сабаб бўлди, энергия таъминотида тарихда кузатилмаган энг катта узилишлар кузатилмоқда ва жаҳон иқтисодиётига ҳам жиддий зарба бермоқда.
Австралия Бирлашган Араб Амирликларининг сўровига биноан унинг мудофаасига ёрдам бериш учун самолётлар берган, аммо Ҳормуз бўғозини қайта очишда ёрдам бўлиши учун ҳарбий-денгиз кемаларини юбориш сўровини рад этмоқда.
Эрон IRGC адмирали ўлганини тасдиқлади
Эрон Ислом Инқилобий Гвардияси Корпуси (IRGC) адмирал Алиризо Тангсирийнинг Исроил ҳаво зарбасида ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Корпус, 30 март куни, Исроил унинг ўлгани ҳақида хабар берганидан беш кун ўтиб, адмирал Тангсирийнинг оғир жароҳатлардан вафот этганини маълум қилди. Исроил баёнотига кўра, командир Ҳормуз бўғози яқинидаги жанубий порт шаҳри Бандар Аббосга қилинган ҳаво зарбасида ўлдирилган.
Корпус баёнотида адмиралнинг “қўшинларни ташкил этиш ва мустаҳкамлаш, ороллар ва соҳилларнинг мудофаа қалқонини кучайтиришни мақсад қилингани” ва “жароҳатларининг оғирлиги туфайли вафот этганини” таъкидланди.
Баёнотда Тангсирийнинг эҳтимолий вориси ҳақида қўшимча маълумот берилмади.
2019 йил июнида АҚШ Молия вазирлиги Тангсирини “глобал террорчилар” рўйхатига киритган эди.
Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазиятдан хавотир билдирди
29 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали гаплашди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, суҳбатда томонлар бир-бирини ўтган Рамазон ҳайити билан табриклаган, сўнгра Яқин Шарқда қарама-қаршиликлар тобора авж олаётганидан хавотир изҳор қилган:
“Бундай хатти-ҳаракатларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва уларни тўлиқ бартараф этиш нафақат бу ердаги давлатларнинг манфаатларига, балки глобал барқарорликни таъминлаш мақсадларига хизмат қилиши таъкидланди. Давлатимиз етакчиси бундай синовли кунларда Ўзбекистон Саудия Арабистони Раҳбарияти ва биродар халқи билан бирдам ҳамда якдил эканини қайд этиб, Подшоҳликнинг вазмин ва оқилона сиёсатини ҳар томонлама қўллашини билдирди”.
Яқин Шарқда 28 феврал куни бошланган ҳарбий низо бўйича президент Мирзиёев алоҳида баёнот бергани кузатилгани йўқ. Аммо, халқаро даражадаги музокараларда хавотир билдирмоқда ва шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Яқин Шарқдаги юзлаб фуқароларини тезкорлик билан эвакуация қилгани кузатилди.
Ахios: Пентагон Эрон бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқмоқда
Пентагон Эронга қарши эҳтимолий "якуний зарба" учун бир қатор ҳарбий вариантларни тайёрламоқда.
Бу ҳақда Ахios нашри икки АҚШ расмийси ва муҳокамалардан хабардор бўлган иккита қўшимча манбага таянган ҳолда хабар берди.
Манбалар АҚШ президенти Доналд Трамп кўриб чиқиши мумкин бўлган тўртта асосий сценарийни айтиб беришган.
Бу вариантларга қуйидагилар киради:
- Эроннинг асосий нефт экспорт маркази бўлган Харг оролини босиб олиш ёки блокировка қилиш
- Эроннинг Ҳормуз бўғозини назорат қилишида муҳим рол ўйнайдиган Ларак оролига бостириб кириш
- Абу Мусо ва унга яқин жойлашган иккита кичик оролни назорат қилиш
- Ҳормуз бўғозининг шарқий томонида Эрон нефтини ташувчи кемаларни тўсиб қўйиш ёки қўлга олиш
Ахios, шунингдек, АҚШ ҳарбий режалаштирувчилари ядровий иншоотларда сақланадиган юқори даражада бойитилган уранни ҳимоя қилишга қаратилган Эроннинг ички ҳудудларини нишонга олган потенциал қуруқликдаги операцияларни ишлаб чиққани ҳақида хабар беради.