Линклар

Шошилинч хабар
15 Aprel 2026, Тошкент вақти: 10:04

Жонли ХДТ: Ҳормуз бўғозида 1600 кема қолиб кетмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилди. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Трамп ҳарбий операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини таъкидлаган. Жанглар бошланганидан сўнг Эрон жаҳон энергия бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпган.

15:24 2.4.2026

Украинадаги урушда бир суткада 146 тўқнашув бўлди

Украина ҳукумати сўнгги бир сутка ичида фронтда 146та тўқнашув қайд этилганини билдирди. Россия кучаларининг энг кўп ҳужумлари Покровск йўналишида бўлгани ҳақида 2 апрелда Украина Қуролли Кучлари Бош штаби маълум қилди.

Шунингдек, Россия ҳарбийлари Украинага 172 та зарба берувчи дрон билан ҳужум уюштирган, уларнинг тахминан 120 таси “Шахед” дронлари эканини Украина Ҳаво кучлари билдирди.

Айни дамда Россия Мудофаа вазирлиги эса 2 апрелга ўтар кечаси 147 та украин дрони уриб туширилгани хақида хабар берди.

Украина ҳукумати ва халқаро ташкилотлар Россиянинг зарбаларини ҳарбий жиноят деб баҳолаб, атайин амалга оширилаётганини таъкидлайди.

Аҳолининг электр, иссиқлик, сув, алоқа ва тиббий ёрдамдан маҳрум этилишига қаратилган ҳужумлар геноцид аломатлари сифатида кўрилади.

Россия раҳбарияти Украинада фуқаролик инфратузилмага қасддан зарба берилаётганини, беморхона, мактаб, боғча, энергетика ва сув иншоотлари вайрон қилинаётганини инкор этиб, ҳарбий нуқталар нишонга олинишини таъкидлаб келади.

Украина томони эса Россия ҳудудига учирилган дронлар ўзини ҳимоя қилиш ва жавоб зарбалари эканини айтади.

15:12 2.4.2026

АҚШ ҳукумати Ироқдаги фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди

АҚШ ҳукумати Ироқдаги ўз фуқароларига огоҳлантириш берди. Баёнотга кўра, “Эронга мойил бўлган ироқлик террорчи гуруҳлар келаси 24–48 соат ичида Боғдод марказида ҳужумлар уюштириши мумкин”.

2 апрель куни X ижтимоий тармоғида эълон қилинган хавфсизлик огоҳлантирувида шундай дейилади: "Улар АҚШ фуқаролари, бизнеслари, университетлари, дипломатик муассасалари, энергетика инфратузилмаси, меҳмонхоналар, аэропортлар ва Америка билан боғлиқ деб ҳисобланган бошқа жойларни, шунингдек ироқлик муассасалар ва фуқаролик объектларини нишонга олиши мумкин”.

Огоҳлантирувда Иордания, Қувайт, Саудия Арабистони ва Туркияга чиқиш йўллари очиқ экани, аммо “узоқ навбатлар ва кечикишларга” тайёр бўлиш кераклиги айтилди.

15:09 2.4.2026

Эрон бўйлаб ҳаводан зарбалар берилди

2 апрел тонггида АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларидан кейин Эроннинг турли ҳудудларида портлашлар, ҳалок бўлганлар ва ҳаво мудофааси фаоллашгани ҳақида хабарлар тарқади.

Теҳронда маҳаллий ахборот воситалари ҳаво мудофааси “душман мақсадларига” қарши ишга туширилганини маълум қилди. Пойтахтнинг айрим туманларида портлашлар ва электр таъминоти узилиши кузатилгани айтилди.

Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, охирги 24 соат ичида Теҳрон ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳужум бўлган.

Исфаҳон, Шаҳрезо, Кошон, Арон ва Бидгол, ҳамда Нажафобод шаҳарлари ҳам нишонга олингани хабар қилинди.

1 апрелда кечқурун Исроил армияси ҳаво кучлари охирги икки кунда Эроннинг ҳарбий инфратузилмасига 400 дан ортиқ зарба берганини, тахминан 650 та ўқ‑доридан фойдаланилганини маълум қилган.

Армия маълумотига кўра, бу зарбалар давомида Теҳрондаги ўнлаб объектлар, жумладан 15 га яқин қурол‑яроғ ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрон Мудофаа вазирлигининг айрим бўлимлари нишонга олинган.

15:06 2.4.2026

БАА ҳаво таҳдидларига қарши курашаётганини маълум қилди

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Мудофаа вазирлиги 2 апрел куни мамлакат ҳаво мудофаа тизимлари ракета ва дрон “хавфларини” қайтарма зарбалар билан бартараф этаётганини маълум қилди.

“БААнинг ҳаво мудофааси ракета ва дрон таҳдидларига фаол равишда жавоб қайтармоқда”, — деб ёзди вазирлик ижтимоий тармоқдаги хабарда, аммо ракеталарнинг қаердан учирилгани ҳақида маълумот бермади.

28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушни бошлаганидан бери БАА ва бошқа кўрфаз давлатлари Эроннинг жавоб тариқасидаги ракета ва дрон ҳужумларига бир неча бор дуч келмоқда.

1 апрель куни АҚШ президенти Доналд Трамп Америка халқига қилган телемурожаатида АҚШ Эрон билан урушда кўрфаздаги араб иттифоқчилари ва Исроилнинг “зарар кўришига ёки мағлуб бўлишига” йўл қўймаслигини таъкидлаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG