Новороссийск: дронлар ҳужумида нефть терминалига шикаст етди
Россия Новороссийскда дронлар ҳужуми натижасида саккиз киши яраланганини билдирди. Краснодар губернатори Вениамин Кондратьевга кўра, олтита кўп қаватли ва иккита хусусий уй зарарланган, дрон парчалари бир нечта корхона ҳудудида топилган.
ASTRA ва бошқа манбалар “Шесхарис” нефть терминали ҳам зарар кўрганини ёзди. Бу терминал Россия жанубида нефть ва нефт маҳсулотларини сақлаш ва танкерларга юклаш бўйича асосий объект ҳисобланади. У “Транснефть” таркибидаги “Черномортранснефть”га тегишли. Терминал 500 минг тоннагача хомашё қабул қила олади.
Бу терминалга аввал ҳам ҳужум қилинган — 2 мартдаги зарбадан кейин у бир ҳафта ишламаган. Bloomberg манбасига кўра, ўша пайтда дронлар саккизта юклаш майдончасидан олтитасига зарар етказган.
Россия Мудофаа вазирлиги 198 та украин дрони уриб туширилганини маълум қилди. Украина бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган.
Уруш шароитида маълумотларни мустақил текшириш имкони йўқ.
Одессага кучли зарба берилди, ҳалок бўлганлар бор
Рус армиясининг оммавий ҳужуми оқибатида Украининг Одесса шаҳрида яна уч киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида бир нафар бола ҳам борлигини шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди. Яна 15 киши жароҳат олган.
Украина томони Россия 6 апрелга ўтар кечаси мамлакат ҳудудига 141 дрон билан ҳужум қилганини, уларнинг 114 таси уриб туширилганини айтмоқда.
Приморск туманида кўп қаватли битта турар-жой мажмуаси ва еттита хусусий уйга зарар етган. Киев туманида эса бир кўп қаватли бино, бешта хусусий уй, хусусий мактабгача таълим муассасаси, бир дўкон ва 27 та автомобил шикастланган.
Россия бунга ҳозирча муносабат билдирмади. Одатда Москва Украинада фуқаролик инфратузилмасига қасддан зарба берилаётганини инкор этиб, ҳарбий объектлар нишонга олинишини таъкидлаб келади.
Уруш шароитида хабарларни мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас.
Эронда уриб туширилган F‑15 учоғининг иккинчи учувчиси ҳам қутқарилди
5 апрелда эрталаб АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳудудида уриб туширилган F-15 қирувчи самолёти экипажининг иккинчи аъзосини қутқарди.
АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида ҳарбий “жароҳат олган, аммо унинг аҳволи яхшиланади”, деб ёзган.
Учоқ 3 апрелда Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган. Бу сўнгги беш ҳафта давом этган можаро даврида Эрон осмонида йўқотилган биринчи америкалик ҳарбий самолёт бўлди. Экипажнинг биринчи аъзоси ҳам қутқарилган.
Fox News келтирган АҚШ расмийлари ва минтақавий манбалар маълумотига кўра, қутқарилган учувчи ҳам, қутқарув гуруҳи ҳам Эрон ҳудудини хавфсиз тарк этган.
Аввалроқ расмий Теҳрон америкалик учоқ қулатилганини эълон қилиб, экипаж аъзоларини қўлга олган фуқароларга мукофот ваъда қилган эди.
Axios манбаларига таяниб хабар беришича, офицер бир суткадан ортиқ вақт давомида тоғларда яшириниб юрган.
Эрон Ироққа Ҳурмуз бўғозидан ўтишга рухсат берди
Эрон ҳарбийлари Ҳурмуз бўғозида жорий этилган кемачилик чекловлари йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланган Ироққа тааллуқли эмаслигини маълум қилди.
"Қардош Ироқ Ҳурмуз бўғозида жорий этилган барча чекловлардан озод қилинди", дейилади баёнотда.
Bloomberg нашрининг ёзишича, бу қарор Ироқ нефтидан кунига 3 миллион баррелгача жаҳон бозорига чиқариш имконини бериши мумкин. Шу билан бирга, ироқлик амалдор агентликка амалдаги натижа сақланиб қолаётган хавф-хатарлар шароитида кемалар бўғоз орқали ҳаракатланишга рози бўладими-йўқми, шу омилга боғлиқ бўлишини айтган.
Ҳозирча бу имтиёз Ироқнинг барча нефтига тааллуқлими ёки фақат мамлакат байроғи остида юрувчи танкерларгами, аниқ эмас. Шунингдек, қарор қандай тартибда амалга оширилиши ҳам маълум қилинмаган.
Ироқ OPEC'да нефть ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Саудия Арабистонидан кейин иккинчи ўринда туради.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси бошланганидан сўнг Форс кўрфазидаги асосий нефть ишлаб чиқарувчилар экспорт йўли ёпилиши сабабли хом нефть қазиб олишни кескин қисқартиришга мажбур бўлди.
Bloomberg маълумотига кўра, март ойида Ироқ нефти экспорти ўтган ойга нисбатан тахминан 97 фоизга камайиб, ўртача кунига 99 минг баррелни ташкил этган.
Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Ҳурмуз бўғози орқали жаҳон нефти ва нефть маҳсулотларининг 15–20 фоизи, суюлтирилган табиий газнинг эса 30 фоиздан ортиғи ўтар эди. Бўғознинг ёпилиши Форс кўрфазидаги йирик ишлаб чиқарувчиларда қазиб олиш ҳажмининг камайишига ва энергия ресурслари нархининг ошишига олиб келди.