Эронда душанба кунги зарбаларда камида 19 киши ўлгани айтилмоқда
Эрон давлат ахборот воситалари 6 апрел куни хабар қилишича, Теҳрон яқинида АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида камида 19 киши ҳалок бўлган, 20 киши яраланган.
Расмий IRNA агентлигига кўра, Шаҳриёр ва Баҳористон туманларига кучли зарбалар берилган.
Тасним агентлиги ҳалок бўлганлар орасида олти нафар бола борлигини ёзди. Бу рақамларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг иложи йўқ.
Шунингдек, Исроил ахборот воситалари 6 апрелда Эрон Тел-Авив атрофига ракета ҳужумида кластер ўқ-дориларидан фойдаланганини маълум қилган. Ynet агентлигига кўра, тахминан 20та зарба нуқтаси аниқланган. Бир нечта одам яраланган, улардан бири оғир аҳволда. Бир мактабга ҳам зарба тегган.
Хайфа шаҳрида эса сал аввалроқ бўлган ҳужумларда икки киши ўлган ва бир нечта автомобиллар ёниб кетган.
Эронда жосуслик хизмати бошлиғи Ходамий ўлдирилди
Исроил армияси маълум қилишича, 6 апрел куни эрталаб амалга оширилган ҳужумда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (IRGC) Жосуслик хизмати бошлиғи Мажид Ходамий ҳалок бўлган. IRGC ҳам унинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган, аммо қўшимча тафсилот бермаган, деб хабар қилди "Озодлик"нинг Эрон хизмати.
Исроил мудофаа вазири Исроил Кац Ходамийнинг ўлими ҳақида гапирар экан, ҳарбийлар “террорчи раҳбарларни йўқ қилишни давом эттираётганини” айтган. Унга кўра, “Эрон раҳбарлари ўзларини доим таъқиб остида ҳис қилмоқда ва Исроил уларни бирма‑бир топиб боради”.
Ходамий бу лавозимга 2025 йил июнида тайинланган. Ундан олдинги раҳбар Муҳаммад Козимий ҳам Исроил зарбаси натижасида ҳалок бўлган.
2026 йил январь ойида АҚШ Молия вазирлиги Ходамийга санкция жорий қилган. Баёнотда айтилишича, у разведка хизмати орқали “зўравонлик, асоссиз қамоққа олиш ва қўрқитиш йўли билан норозиликларни бостиришга қаратилган миллий кампанияни қўллаб‑қувватлаган”.
Ан‑26 самолёти ҳалокатида рус генералининг ўлгани тасдиқланди
Аннексия қилинган Қримдаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганлар орасида Россиянинг Шимолий флот Ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси бўйича 45‑армия қўмондони Александр Отрощенко ҳам борлиги тасдиқланди. Бу ҳақда Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибисга таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Аввалроқ BBC рус хизмати манбалари ҳам генералнинг ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.
31 март куни Ан‑26 ҳарбий‑транспорт самолёти Куйбишево қишлоғи яқинида қулаган. Мудофаа вазирлигига кўра, ҳалокатда 29 киши — олти экипаж аъзоси ва 23 йўловчи — ўлган.
Вазирлик самолётга ташқи зарба бўлмаганини билдирган ва дастлабки сабаб сифатида техник носозлик кўрсатилган.
Телеграмдаги “Досье шпиона” канали ёзишича, Отрощенко билан бирга Шимолий флот штабида хизмат қилган олти офицер ҳам ҳалок бўлган.
Отрощенко 2024 йилдан Шимолий флотнинг қўшма авиация корпусига раҳбарлик қилган. Ундан олдин Қора денгиз ва Шимолий флот морской авиациясига, шунингдек, Шимолий флотнинг 45‑армиясига қўмондонлик қилган. 2019 йилда у генерал‑лейтенант унвонини олган.
“Медиазона” ва BBC ҳисобларига кўра, Отрощенко - Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери ўлган 14‑генерал ва 5‑генерал‑лейтенант.
CNN: АҚШ Эрондаги урушда камида еттита самолётини йўқотди
CNN телеканали ҳисоб-китобига кўра, АҚШ Эрондаги уруш давомида камида еттита самолётини йўқотган.
Улар орасида 3 апрел куни Эрон ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган F‑15E Strike Eagle ҳам бор. Бу учоқдаги иккита учувчини АҚШ томони қутариб олган.
Шунингдек, A‑10 Thunderbolt II самолёти F‑15 учувчисини қутқариш операцияси пайтида ёниб кетган.
CNN ёзишича, 2 март куни учта F‑15 учоғи Кувайт ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган. 12 мартда Ироқда KC‑135 самолёти қулаган ва ундаги олти нафар экипаж ҳалок бўлган. 27 мартда эса E‑3 Sentry самолёти Эрон АҚШнинг Саудия Арабистонидаги ҳаво базасига зарба берганида йўқ қилинган.
Бундан ташқари, март ойида F‑35 самолёти Эрон кучлари томонидан ўққа тутилгандан кейин Яқин Шарқдаги бир ҳаво базасига мажбурий қўнишга мажбур бўлган.
CBS News ёзишича, қутқарув операцияси пайтида АҚШ томони Эрон эгаллаб олмасин деган мақсадда иккита учоғини йўқ қилган.