АҚШ ва Исроил Эрондаги Харқ нефть оролига зарба берди
АҚШ ва Исроил Эроннинг асосий нефть экспорт маркази саналган Харқ оролига ҳужум қилгани ҳақида Mehr агентлиги хабар берди.
"Озодлик"нинг Эрон хизмати Ислом инқилоби поспонлари корпуси “американинг террорчи армияси "қизил чизиқ"дан ошса, жавоб фақат минтақа билан чекланиб қолмайди” дея баёнот берганини ёзди.
Исроил армияси эса Эроннинг турли ҳудудларидаги ўнлаб инфратузилмасига зарба берилганини маълум қилди ва тафсилотлар кейинроқ эълон қилинишини билдирди.
Исроил 7 апрел куни эронликларни маҳаллий вақт билан 21:00гача поезд ва темир йўл тармоғидан фойдаланмасликка огоҳлантирган эди. Шундан кейин Шероздаги нефтекимё заводида муҳим бир қисм йўқ қилингани айтилди.
Axios манбаларига кўра, Харк оролига берилган зарбаларнинг асосий мақсади ҳарбий объектлар бўлган.
Fox News журналистининг таъкидлашича, ҳужумлар бункерлар, радиолокация станцияси ва ўқ-дори омборларига қаратилган.
Бундан олдин АҚШнинг Northrop Grumman MQ-4C Triton разведка дрони Харқ ороли яқинидаги нейтрал сувлар устидан учиб ўтгани кузатилган.
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Эрон Ҳурмуз бўғозини очмаса, Харқ оролидаги нефть инфратузилмасини йўқ қилиш билан таҳдид қилган эди.
Politico нашри ёзишича, Пентагон эҳтимолий зарбалар учун мақсадлар рўйхатини кенгайтирмоқда, жумладан ҳарбий ва фуқаролик эҳтиёжларига хизмат қиладиган “иккиламчи мақсад” объектлари ҳам киритилмоқда. Бироқ бундай ҳужумларнинг қонунийлиги борасида вазирлик ичида баҳслар борлиги айтилади.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливит Пентагон турли вариантларни ишлаб чиқаётганини, аммо бу ҳали қарор қабул қилинганини англатмаслинини билдирган.
Axios манбалари Трамп музокараларда силжиш бўлса, вақтинча тўхтаб туриши мумкинлигини, аммо охирги қарор барибир унинг ўзига боғлиқлигини айтади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар АҚШда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам энергетика инфратузилмасига зарба беришни ҳарбий жиноят сифатида баҳолаш мумкинлигини огоҳлантирмоқда. Трамп эса бу ҳақда “хафсаласи пир бўлмаслигини” айтган ва Эронни айблаган.
Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилган. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирган.
BBC хабар беришича, душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.
Истанбулдаги Исроил консулхонаси биноси ёнида отишмада икки киши ўлди
Истанбулнинг Бешиктош туманидаги Исроил консулхонаси биноси ёнида 7 апрелдаги отишмада дастлабки хабарларга кўра, икки киши ҳалок бўлди. Hürriyet нашрининг ёзишича, икки полиция ходими яраланган.
Консулхона жойлашган бинога уч киши кириб боришга урингани, иккитасида қурол бўлгани айтилмоқда. Улар қўриқчилар ва полиция ходимларини нишонга олган. Натижада икки ҳужумчи ўлдирилган, учинчи киши яраланган ва қўлга олинган.
Туркия хавфсизлик кучларининг дастлабки маълумотларига кўра, ҳужумчиларнинг мақсади Исроил дипломатик миссияси ходимлари бўлган.
Истанбул яҳудий жамоаси манбаси The Jerusalem Post нашрига маълум қилишича, консулхона икки йилдан ортиқ вақтдан бери ёпиқ ва отишма пайтида у ерда ходимлар бўлмагани таҳмин қилинмоқда.
Туркия томони тергов бошлаган. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги воқеа ҳақидаги маълумотларни текширмоқда
Reuters: Россия Эронга яширин ёрдам кўрсатган
Россия Эронга яширин ёрдам кўрсатиб, спутниклардан олинган тасвирлар ва кибер операцияларда қўллаб-қувватлаётгани ҳақида Украинанинг разведка хизматлари ҳужжатларига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.
Маълумотга кўра, март ойи охирида рус спутниклари Яқин Шарқдаги 11 мамлакатда камида 24 марта кузатув олиб бориб, 46 объектни, жумладан АҚШ ҳарбий базалари, аэропортлар ва нефть қонлари бор. Шундан кейин Эрон ракета ва дрон ҳужумларини кучайтиргани таъкидланган.
Аммо агентлик бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирган.
Шунингдек, 2022 йилда Россия Украинага уруш бошлаганидан бери Москва–Теҳрон ҳарбий ҳамкорлиги кучайгани, дронлар ва разведка маълумотлари бўйича келишувлар мавжудлиги айтилган.
АҚШ расмийси эса ташқи кўмак Американинг Эрондаги операциялар самарасига таъсир қилмаганини айтган.
Дронлар Уст-Лугани яна нишонга олгани айтилмоқда
Россиянинг Ленинград вилояти 7 апрелда яна дронлар ҳужумига учради. Губернатор Александр Дрозденконинг айтишича, ҳаво мудофаа кучлари минтақа устидан 22 та дронни уриб туширган.
Украина мониторинг каналлари Уст-Луга портига ҳужум қилинганини ёзмоқда. Киев бунга ҳозирча изоҳ бермаган.
Украина дронлари март ойининг охиридан бери экспорт учун муҳим бўлган Уст-Луга портига фаол ҳужум қилиб келмоқда. Маълумотларга кўра, зарбалар натижасида учта нефть танкери, бир нечта ёқилғи резервуарлари, причаллар ва “Новатэк” компанияси инфратузилмасига зарар етган.
Bloomberg агентлиги аввалроқ Уст-Луга порти бир неча кунлик узилишлардан сўнг нефть юклашни қайта бошлаганини ёзган.
ASTRA телеграм-канали Воронеж вилоятининг Россош шаҳрида “Минудобрения” заводига ҳам ҳужум қилинганини, завод томига ўт кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.
Бир кун аввал Украина президенти Владимир Зеленский агар Россия Украинанинг нефть экспортига оид объектларига ҳужумларини бас қилса, Киев ҳам Москванинг энергетика инфратузилмасига зарбаларни тўхтатишга тайёр эканини айтган.