Линклар

Шошилинч хабар
26 May 2026, Тошкент вақти: 10:29

Жонли 205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

13:07 1.5.2026

Путин Рамзан Қодировга сайловда омад тилади

Оғир хасталиги айтиб келинган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 29 апрель куни Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Кейинги тўрт ойдан бери Қодировнинг буйрак етишмовчилиги туфайли саломатлиги ёмонлашгани ва Кремлда унинг ўрнига эҳтимолий номзодлар кўриб чиқилаётгани хабарлари тарқалган эди.

Чоршанба кунги суҳбатда Путин жорий йилнинг 20 сентябрида Чеченистонда бўлиб ўтаган сайловларда Қодировга омад тилади:

«Навбатдаги сайлов даври яқинлашиб қолди. Умид қиламанки, республика аҳолиси сизга ўз қўллаб-қувватловини билдиради. Сизнинг раҳбарлигингиз остида республикада жуда кўп ишлар амалга оширилди. Охирги йилларда у кескин ўзгарди. Бу ҳақиқатан ҳам катта ютуқ. Республикада яшайдиган ҳар бир инсон кўра оладиган муҳим, мазмунли ва сезиларли натижа».

Рамзан Қодиров бу ишонч учун миннатдорчилик билдириб, ўзини Путиннинг “пиёда аскари” дея атади:

«Раҳмат, Владимир Владимирович, юзингизни ерга қаратмаймиз. Агар сиз рухсат берсангиз, халқ мени сайласа, мен яна пиёда аскарингиз сифатида хизмат қилишда давом этаман ва сизни юзимизни ерга қаратмайман».

Қодировнинг оғир касаллиги ҳақидаги миш-мишлар кейинги олти йилда бот-бот тилга олинган. 2020 йилда, коронавирус эпидемияси авжида Рамзан Қодиров Москвадаги Марказий клиник шифохонага ётқизилган эди. Кейин у ҳақиқатан ҳам йилига икки марта Москва клиникаларидан бирида тиббий кўрикдан ўтишини тан олган. Жорий йил бошида Қодиров жамоатчилик олдида ҳасса тутган ҳолда кўриниш берди.

Ўтган йил охирида Рамзан Қодиров 20 яшар ўғли Аҳмад Қодировни Чеченистон ҳукумати раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган эди.

13:47 30.4.2026

Путин ва Трамп Украинада урушни тўхтатишни муҳокама қилди

Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп телефон орқали суҳбатлашиб, Ғалаба куни муносабати билан Украинада ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилишган.

АҚШ президенти Путин билан телефон суҳбатини «жуда яхши» деб атади. Трампнинг айтишича, Украина ва Эрон масалалари муҳокама қилинган. Унинг таъкидлашича, у Путинга Украинада «кичик танаффус» — қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш таклифини берган ва Путин рози бўлишига умид қилган.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков эса бу таклифни Путин берганини, Трамп эса буни қўллаб-қувватлаганини айтган. Танаффус қайси муддатга белгиланиши мумкинлиги айтилмаган, Украинага бундай таклиф билан мурожаат қилинган-қилинмагани ҳам номаълум.

Трампнинг айтишича, Путин Эроннинг бойитилган урани масаласида ёрдам беришни таклиф қилган, бу Эрондаги урушни тугатиш бўйича келишувдаги асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Аммо Трамп унга: «Мен сизнинг Украинадаги урушни тугатишда иштирок этганингизни афзал кўраман», — деб жавоб берган.

Ушаков эса Путиннинг Эрон бўйича қандай таклифлар берганини очиқламаган. Москва аввал ҳам Эрондан бойитилган уранни мамлакатдан олиб чиқишни таклиф қилган эди.

Трамп ўтган йили лавозимга киришганидан бери Украинадаги урушни тезроқ тугатиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Сайловолди кампаниясида у буни бир кунда ҳал қилишга ваъда берган. АҚШ бир қатор музокаралар ташкил этишда воситачи бўлди, аммо улар ҳали ўт очишни тўхтатишга ҳам олиб келмади.

Асосий масала ҳали ҳам ҳудудий масала бўлиб қолмоқда: Россия Донецк вилоятининг тўлиқ назоратини талаб қилмоқда, бу эса Украина учун қабул қилиб бўлмайдиган шарт. Охирги тўғридан-тўғри уч томонлама музокаралар февраль ойида, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан олдин бўлиб ўтган.


13:11 30.4.2026

Ташиевга ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уриниш айби қўйилди

Қамчибек Ташиев узоқ йиллар давомида президент Садир Жапаровнинг яқин сиёсий ҳамкори бўлиб келган.
Қамчибек Ташиев узоқ йиллар давомида президент Садир Жапаровнинг яқин сиёсий ҳамкори бўлиб келган.

Қирғистонда президент Садир Жапаровнинг яқин сиёсий ҳамкори бўлган ва 5 йилдан ортиқ Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқарган Қамчибек Ташиевга жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айблов қўйилди.

Гап 326-модда яъни «Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш ёки ушлаб туриш, шунингдек конституцион тузумни зўрлик билан ўзгартиришга уриниш» ва 337-модда яъни «Манфаатдорлик мақсадида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш» ҳақида кетмоқда.

Эҳтиёт чораси сифатида Ташиевга мамлакатдан чиқиб кетмаслик тўғрисида тилхат қўлланилган. Бу ҳақда «Озодлик»нинг қирғиз хизматига унинг адвокати Икрамидин Айтқулов маълум қилди.

29 апрель куни Ташиев унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Унинг баёнотини Facebook’да «Регион» телеканали раҳбари Ўткурбек Рахманов эълон қилди. Унда экс-ГКНБ раҳбари ўзини айбсиз деб ҳисоблашини ва оқланишига умид қилишини айтган, шунингдек тарафдорларини «қонун доирасида қолишга» ва ҳеч қандай ҳаракат қилмасликка чақирган.

ОАВ маълумотларига кўра, жиноият иши «75 мурожаатчилар хати» — бир гуруҳ сиёсатчи ва жамоат арбобларининг муддатидан олдин президент сайловларини ўтказиш тўғрисидаги мурожаати билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ташиевнинг ўзи тергов айнан қайси эпизод бўйича олиб борилаётганини аниқ айтмаган.

27 апрель куни президент Садир Жапаров Kaktus.media’га берган интервьюсида Ташиевнинг ушбу мурожаатга алоқадорлиги тергов ва суд томонидан аниқланиши кераклигини айтган.

9 февраль куни 75 кишидан иборат гуруҳ — жумладан собиқ бош вазирлар, депутатлар ва жамоат арбоблари — президент ва ўша пайтдаги парламент спикери Нурланбек Турғунбек ўғлига муддатидан олдин сайловлар ўтказиш тўғрисида мурожаат йўллаган. Кейинчалик айрим имзо чекканлар матн билан танишмасдан иштирок этганини айтган.

Мурожаат юзасидан ИИВ жиноят иши қўзғатган. Бир нечта фигурантлар, жумладан жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва Ўзбекистондаги собиқ элчи Эмилбек Узакбаев, экс-депутат Курманбек Дийканбаев, собиқ вице-премьер Аали Карашев ва ИИВнинг собиқ ўринбосари Курсан Асанов қўлга олинган.

Бу воқеалар фонида Ташиев, шунингдек собиқ бош прокурор Курманкул Зулушев ва экс-спикер Нурланбек Турғунбек ўғли ИИВга сўроққа чақирилган.

Ташиев 10 февраль куни ГКНБ (Миллий хавфсизлик қўмитаси) раҳбарлиги лавозимидан озод этилган. Кейинчалик Жапаров парламентда «президент одамлари» ва «махсус хизматлар одамлари» деган икки лагерга бўлиниш ҳақида гапириб, бу қарама-қаршилик Жоғорқу Кенеш доирасидан чиқиб кетганини таъкидлаган.

Сўнгги ҳафталарда Қирғизистонда бу жараёнлар фонида бир нечта депутатлар муддатидан олдин мандатларини топширди. Улардан айримлари коррупция ва суиистеъмолчиликка оид жиноят ишларининг фигурантларига айланган.


20:30 29.4.2026
ENERGY-OPEC/
ENERGY-OPEC/

БАА нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти - ОПЕКдан чиқди

28 апрел куни Бирлашган Араб Амирликлари нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти ОПЕКдан чиққанини эълон қилгач, ташкилот катта зарбага учради.

ОПЕК ва ОПЕК+нинг узоқ йиллик аъзоси бўлган БААнинг кутилмаган чиқиши энергия ишлаб чиқарувчи блок ичида тартибсизликка сабаб бўлиши ва уни заифлаштириши мумкин.

- Менимча, Яқин Шарқда ҳозир биз қайта геосиёсий шаклланишни кўряпмиз. Саудия Арабистони, Покистон, Миср ва Туркия ўзларини Яқин Шарқда энергия хавфсизлиги ва умуман хавфсизликнинг янги кафолатчилари сифатида шакллантирмоқда. БАА эса Ҳиндистон, Исроил ва АҚШ билан анча яқинлашмоқда. Бу геосиёсий қайта йўналиш шу билан ҳам кўриниб турибдики, БАА энергия вазири Саудия Арабистони билан маслаҳатлашилмаганини айтди. Бу икки давлат ўртасида муносабатлар қанчалик узилаётганини яққол кўрсатади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, йил бошида улар Яман масаласи бўйича ҳам кичик тортишув қилган эди. Бу ҳозирда геосиёсий нуқтаи назардан ушбу икки давлат ўртасида чуқур ажралиш борлигини кўрсатади, деди Rystad Energy компанияси геосиëсий таҳлил бўлими раҳбари Хорхе Леон.

БАА энергия вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий қарор минтақадаги энергия стратегиялари чуқур таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилинганини айтди.

Унинг сўзларига кўра¸ бу сиёсий қарор ва ишлаб чиқариш ҳажмлари билан боғлиқ жорий ва келгуси сиёсатларни синчиклаб кўриб чиқиш натижасида қабул қилинди.

Ал-Мазруий бу қарор Ҳормуз бўғозидаги вазият сабаб бозорга катта таъсир кўрсатмаслигини ҳам қўшимча қилди.

- Менимча, ОПЕКнинг парчаланиши Трамп маъмурияти учун фойдали бўлар эди, чунки бу жаҳон бозорида нархларни дарҳол пасайтириб юборади. Ҳатто Ҳормуз бўғози ҳозирча ёпиқ қолса ҳам, бундай хабарнинг ўзи нархларни туширишга етарли бўлади. Бу Трамп маъмуриятига босимни камайтиради. Аммо узоқ муддатда, агар нархлар паст бўлиб қолса, бу АҚШда нефть ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келади. Яъни, АҚШ истеъмолчилари ютади, ишлаб чиқарувчилар эса ютқазади. Албатта, паст нархлар нефть импорт қилувчи давлатлар — Европа мамлакатлари ва Хитой учун ҳам фойдали. Россия учун эса асосий салбий оқибат — жаҳон бозорида нефть нархларининг тушиб кетишидир. Чунки ҳозир бюджет харажатлари юқори ва бизга даромад олиш учун юқори нархлар керак. Ҳозирги шароитда юқори нархлар биринчи чоракда паст нархлар сабаб қоплай олмаган даромадимизни қисман бўлса ҳам қоплаш имконини беради, деди Россия миллий энергетик хавфсизлик фонди катта таҳлилчиси Игор Юшков.

ОПЕКнинг Форс кўрфази давлатлари аллақачон Ҳормуз бўғози орқали экспорт қилишда қийинчиликларга дуч келган.

Эрон ва Умон ўртасида жойлашган ушбу тор бўғоз орқали илгари жаҳон нефти ва суюлтирилган газининг бешдан бир қисми ташилар эди.

Бироқ февраль ойи охирида АҚШ ва Исроил Теҳронга ҳужум қилганидан сўнг, бу йўлак деярли тўлиқ ёпилган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Бирлашган Араб Амирликларининг ОПЕКдан чиқиш қарори, жаҳоннинг етакчи нефть ишлаб чиқарувчилари бирлашмаси бўлган ОПЕК+ форматининг тугашини англатмайди. Песков Россия гуруҳда қолишини қўшимча қилди.

- Бу Бирлашган Араб Амирликларининг суверен қарори, биз бунга ҳурмат билан қараймиз. Биз Абу-Дабидан Амирликлар энергия бозорларида масъулиятли позицияни сақлаб қолиши ва икки томонлама мувофиқлашувни давом эттириши ҳақидаги баёнотларни олқишлаймиз. Абу-Даби билан жуда конструктив ва дўстона муносабатларимиз борлигини инобатга олган ҳолда, биз БАА билан, жумладан энергия соҳасида, самарали ва мазмунли мулоқотлар давом этишига умид қиламиз, деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.

Бироқ, бўғоз қайта очилган тақдирда, БАА экспорт ҳажмларини сезиларли даражада ошириши мумкин.

БААнинг ОПЕКдан чиқиши АҚШ президенти Дональд Трамп учун катта ютуқ ҳисобланади. Трамп ташкилотни нефть нархларини сунъий равишда ошириш орқали “дунёнинг қолган қисмини талон-тарож қилишда” айблаб келган.

Трамп, шунингдек, АҚШнинг Форс кўрфази давлатларини ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилиши билан нефть нархларини боғлаб, АҚШ ОПЕК аъзоларини ҳимоя қилаётган бир пайтда, улар “бундан фойдаланиб, юқори нефть нархларини жорий этяпти”, деб айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG