Оқ Уй: Трамп ва Нетаньяҳу телефонда гаплашди
АҚШ Президенти Доналд Трамп бугун Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан телефон орқали гаплашди.
Бу ҳақда Оқ Уй матбуот котиби Каролайн Левиттнинг маълум қилишича, маъмурият Эрондаги вазиятни, миллий хавфсизлик жамоаси билан, яқиндан кузатишда давом этмоқда.
Италия мудофаа вазири Дубайда қолиб кетди
Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто, АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбаларидан сўнг парвозлар тўхтатилгани боис, оиласи билан Дубайда қолиб кетди.
Reuters агентлигининг хабар қилишича, вазир жума кечқурун Римдан фуқаролик рейсида Дубайда таътилда бўлган оиласи ёнига йўлга чиққан эди. У шанба кундуз Италияга қайтишни режа қилганди.
Ҳозир Дубайга ва Дубайдан парвозлар номаълум муддатга тўхтатилган.
Эрон: Олий раҳнамоси ва президент "соғ-саломат"
Эроннинг ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг Sky News телеканалига айтишича, Эрон Олий раҳнамоси ва президенти ҳам "соғ-саломат":
"Ҳаммаси соғ-саломат. Ҳа, ушбу террористик тажовуз оқибатида бир нечта қўмондонлар ҳалок бўлди. Лекин муҳими шундаки, Эрон миллати, жасур қуролли кучларимиз Эронни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни энг кучли усулда кўряпти".
Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ҳам шундай баёнот берганди.
Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Теҳрондаги Хоманаий қароргоҳи катта қисми вайрон бўлгани ва қорар тутун чиқаётганини кўрсатган.
Ҳозирча Хоманаий ва Пезешкиённинг қаерда экани номаълум қолмоқда.
Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги янги зиддиятли ҳолатдан хавотирда
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотир билдирди.
"Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз", дейилади баёнотда.
Эрон ОАВ ҳаво ҳужумларида 200 дан ортиқ одам ўлдирилгани, 750 га яқин одам жароҳатланганини билдирди. Булар орасида ўзбекистонликлар борми-йўқми - бу ҳақида ТИВ баёнотида ҳеч маълумот берилмади.