Линклар

Шошилинч хабар
31 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 12:12

205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

16:04 14.4.2026

Халқаро денгиз ташкилоти (ХДТ/IMO) Бош котиби Арсенио Домингес ҳеч бир давлат халқаро транзит учун ишлатиладиган халқаро бўғозларни блокада қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан тинчлик музокаралари келишувсиз якунланганидан сўнг, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Ҳормуз бўғозига кириш ёки ундан чиқишга ҳаракат қилаётган кемаларни тўсишни бошлаганини маълум қилган эди.

Арсенио Домингес, Халқаро денгиз ташкилоти Бош котиби:

"Ҳозирги инқироз ва можаро туфайли кемаларнинг ушбу йўлаклар орқали ўтиши хавфсиз эмас ва айнан шу нарса ҳаракатни тўхтатмоқда. Аммо ҳуқуқий нуқтаи назардан, халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ҳеч бир мамлакат халқаро транзит учун ишлатиладиган халқаро бўғозлар орқали безарар ўтиш ҳуқуқини ёки навигация эркинлигини тақиқлашга ҳақли эмас. Биз аъзо давлатлар, БМТнинг барча агентликлари ва манфаатдор томонлар билан муаммонинг асл сабабларини ҳал қилиш учун алоқада бўлиб турибмиз. Масалан, ўт очишни тўхтатиш орқали кемалар қатновини қандай тиклашимиз мумкинлигини кўриб чиқяпмиз. Геосиёсий ҳаракатлар ёки инқирозлар юк ташишга тобора кўпроқ салбий таъсир кўрсатаётгани сабабли, биз бундай салбий оқибатларни таъкидлаш учун жараёнга янада кўпроқ жалб қилинишимиз керак."

Домингес, шунингдек, Халқаро денгиз ташкилоти қоидалар белгиловчи ва мувофиқлаштирувчи сифатида вазиятнинг кескинлашишининг олдини олиш учун аъзо давлатлар ва БМТ агентликлари билан ишлаётганини айтди.

Шу билан бирга, у денгизчиларнинг хавфсизлиги ва ҳаётига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди, чунки Ҳормуз бўғозида 20 000 га яқин денгизчи ва 1 600 та кема қолиб кетмоқда.

20:21 14.4.2026

Покистон, Миср ва Туркия вакиллари 21 апрель куни амалдаги ўт очишни тўхтатиш муддати тугашидан олдин АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларни қайта тиклаш устида ишламоқда.

Душанба куни маҳаллий ОАВ АҚШ расмийлари ва минтақавий манбаларга таяниб хабар беришича, Вашингтон ҳам, Теҳрон ҳам можарони тугатиш бўйича келишувга эришиш имкони борлиги ҳақида ишора қилмоқда.

«Биз боши берк кўчага кириб қолганимиз йўқ. Эшиклар ҳали ёпилмаган. Иккала томон ҳам савдолашмоқда. Бу худди бозорга ўхшайди», — деди АҚШнинг Axios онлайн нашрига берган интервьюсида минтақавий манба.

Манбаларга кўра, Туркия ва Миср ташқи ишлар вазирлари Покистондаги ҳамкасблари билан алоҳида телефон орқали мулоқот қилганлар. Шундан сўнг иккала вазир Оқ уй вакили Стив Уиткофф ва Эрон Ташқи ишлар вазири Сайид Аббос Арақчи билан гаплашган.

АҚШ расмийсининг таъкидлашича, агар Эрон кўпроқ мослашувчанлик кўрсатса ва Исломободда муҳокама қилинган асосларни қабул қилса, келишувга эришиш мумкин.

Ҳозирги эътибор яқин кунларда бўлиб ўтадиган навбатдаги музокаралар раундигача қолган келишмовчиликларни камайтиришга қаратилган.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф душанба куни АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви ўз кучида қолаётганини айтиб, Покистон мулоқотга кўмаклашиш ва минтақада барқарор тинчликни тарғиб қилишда давом этишини қўшимча қилди.

13:41 15.4.2026

Туркия: мактабга ҳужумда 16 киши жароҳатланди

Туркиянинг Шанлиурфа вилоятида собиқ ўқувчи ўзи ўқиган мактабга қуролли ҳужум уюштирди. Расмийларнинг маълум қилишича, ҳужум натижасида 16 киши, жумладан, ўқувчилар яраланган, ҳужумчи эса ўзини ўлдирган.

Шанлиурфа вилояти губернатори Ҳасан Шилдақнинг журналистларга айтишича, ўқувчилар эвакуация қилинган, мактабга махсус хавфсизлик кучлари сафарбар этилган.

Шилдақнинг билдиришича¸ ҳужумчи 2007 йилда туғилган ўсмир.

- Эрталаб соат 9:30 атрофида 2007 йилда туғилган шахс мактабга ов милтиғи билан кириб, тартибсиз равишда ўт очган. Афсуски, бунинг натижасида 16 киши жароҳатланди: уларнинг тўрт нафари ўқитувчи, 10 нафари ўқувчи, бир полиция ходими ва бир ошхона ишчиси. Ҳужумчи мактаб ичида полиция томонидан қуршовга олингач, ўзини отиб ўлдирди ва ўлик ҳолда қўлга олинди,” деди Шанлиурфа вилояти ҳокими Ҳасан Шилдақ.

16:06 15.4.2026

МАГАТЭ Бош директори: Эрон кенг кўламли ядровий дастурга эга

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бош директори Рафаэль Гросси 15 апрель куни Эрон АҚШ билан бўладиган ҳар қандай келишув доирасида уранни бойитиш бўйича амал қилиши керак бўлган мораторий (вақтинчалик тақиқ) муддати бўйича якуний қарор сиёсий иродага боғлиқ бўлишини айтди.

Сеулдаги матбуот анжуманида сўзлаган Гросси, Теҳрон ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида маълум бир муросага рози бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Ушбу баёнотлар ўтган дам олиш кунлари АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида Эрон ядровий муаммоси билан боғлиқ кескинликка чек қўйишга қаратилган музокаралар якунидан сўнг янгради.

Музокаралар келишувсиз тугаган бўлиб, асосий ихтилофлар Эроннинг уранни бойитишни тўхтатиб туриш муддати билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Ғарб давлатларининг таъкидлашича, бу жараёндан ядро қуролини ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.

Эрон ҳар қандай эҳтимолий келишувнинг бир қисми сифатида халқаро санкцияларнинг бекор қилинишини талаб қилмоқда.

- Эрон уранни бойитиш жараёнини мукаммал эгаллаган — бу аниқ. Шундай экан, улар ишончни мустаҳкамловчи муқобил сифатида бундай йўлни танлайдими-йўқми, бу албатта уларнинг ўзига боғлиқ. Бу, шубҳасиз, эҳтимолдан холи эмас, лекин буни амалга оширишнинг кўплаб усуллари бор ва биз бу қандай қилинишини кўришимиз керак бўлади. Эрон жуда амбицияли ва кенг кўламли ядровий дастурга эга. Шунинг учун буларнинг барчаси МАГАТЭ инспекторлари иштирокини талаб қилади. Акс ҳолда, сизда келишув бўлмайди, балки келишув иллюзияси бўлади. Шу сабабли, томонлар келишувга эришган тақдирда, ушбу келишувнинг ажралмас хавфсизлик кафолати ва текширув қисмини таъминлаш учун бизнинг хизматимиз керак бўлишига ва бизга мурожаат қилинишига ишончим комил", деди Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бош директори Рафаэль Гросси.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG