Линклар

Шошилинч хабар
31 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 12:54

205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

17:33 15.4.2026

Трамп: Эрон билан музокаралар қайта бошланиши мумкин

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, АҚШ Президенти Дональд Трамп 14 апрел куни Эрон билан музокаралар яқин икки кун ичида қайта бошланиши мумкинлигини айтди.

Ўтган дам олиш кунларидаги музокаралар муваффақиятсиз якунлангани Вашингтонни Эрон портларига блокада жорий қилишга мажбур қилган эди.

"Яқин икки кун ичида нимадир содир бўлиши мумкин ва биз Покистонга боришга кўпроқ мойилмиз", — деган Трамп New York Post мухбирига.

"Бунинг эҳтимоли юқори, биласизми нима учун? Чунки фельдмаршал ажойиб ишни амалга оширмоқда", — деди Трамп Покистон армияси штаб бошлиғи, фельдмаршал генерал Осим Мунирга ишора қилиб.

Мунир шанба куни АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида бўлиб ўтган олдинги музокараларда иштирок этган эди.

The New York Times газетасининг душанба кунги хабарига кўра, Вашингтон Эроннинг ядровий фаолиятини 20 йилга тўхтатиб туришни таклиф қилган. Эрон эса, ўз навбатида, шанба куни Покистонда тўхтаб қолган музокаралар давомида ўз ядровий дастурини 5 йилгача муддатга тўхтатиб туриш таклифи билан жавоб қайтарган.

Газета музокаралардан хабардор манбаларга таяниб ёзишича, Вашингтон Эроннинг уранни бойитишига доимий тақиқ қўйишга интилмаяпти.

Ушбу муроса Теҳронга "Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида"ги шартномага мувофиқ ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳуқуқидан бутунлай воз кечмаганини даъво қилиш имконини беради.

Хабарда айтилишича, музокараларда кўрилаётган бошқа муҳим масалалар қаторига Ҳормуз бўғозида кемаларнинг эркин ҳаракатланишини тиклаш ҳамда Эроннинг ҲАМАС ва "Ҳизбуллоҳ" каби прокси гуруҳларни қўллаб-қувватлашини тўхтатиш киради.

"Ҳизбуллоҳ" ҳам жангари гуруҳ, ҳам Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партиядир. Қўшма Штатлар уни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса фақат унинг қуролли қанотини "қора рўйхат"га киритган.

13:36 16.4.2026

Зеленский: ЕИ ва Украина биргаликда антибаллистик тизимларни ишлаб чиқаради

Украина ва Германия Европанинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа дастурини ҳамда дронлар бўйича кенг кўламли икки томонлама шартномани муҳокама қилди, деди Германия сафар қилган Украина президенти Владимир Зеленский.

Берлинда Германия канцлери Фридрих Мерц билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Зеленский дронлар бўйича келишув Европадаги энг йириги бўлиши мумкинлигини ва гуруҳлар аллақачон аниқ деталлар устида ишлашни бошлаганини айтди.

- Умум Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, хусусан, Европанинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа воситаларини керакли ҳажмда ишлаб чиқариш ва ҳар қандай дрон ҳамда ҳаво нишонларидан тўлиқ ҳимояланиш қобилиятига тегишлидир. Биз Фридрих Мерц билан амалий натижага эришиш устида ишлаётганимиз ҳақида гаплашдик. Украина бунга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр. "Мен 100 фоиз аминманки, Европа ва Иттифоқ Украина билан биргаликда антибаллистик тизимларни ишлаб чиқаради. Бу вақт масаласи, ҳа. Ҳозирча бизда бу тизимлар йўқ экан ва тақчиллик мавжуд экан, биз оилаларимизни, халқимизни ҳимоя қилишимиз керак. Бунинг учун бизга PURL дастури (Европа давлатлари Украина учун сотиб оладиган АҚШда ишлаб чиқарилган PAC-3 антибаллистик ракеталари назарда тутилмоқда) зарур", деди Украина президенти Владимир Зеленский.

Зеленский, шунингдек, Киевнинг Венгрияда бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган янги ҳукумат билан муносабатлари прагматизм ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши кераклигини айтди.

У шикастланган "Дружба" нефть қувури апрель ойи охиригача ишга тушишини қўшимча қилди.

17:01 16.4.2026

Эрон: АҚШ билан воситачилар орқали хабар алмашувимиз давом этмоқда

Покистон армияси қўмондони, фельдмаршал Осим Мунир Эронга ташриф буюрди.

Эрондаги юқори лавозимли манбанинг Reuters агентлигига маълум қилишича, музокараларнинг охирги босқичида воситачилик қилган фельдмаршал икки томон ўртасидаги "ихтилофларни камайтириш" учун у ерга борган.

АҚШ ва Эрон расмийлари ҳозирда музокараларнинг янги босқичи учун Покистонга қайтиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Президент Дональд Трамп сешанба куни Fox Business Network телеканалига берган интервьюсида урушни "тугаш арафасида" деб ҳисоблашини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий якшанба куни музокаралар тўхтаб қолганидан бери икки томон Покистон воситачилари орқали хабар алмашаётганини тасдиқлади.

“Эрон делегацияси Теҳронга қайтган якшанба кунидан бошлаб то бугунгача Покистон воситасида АҚШ билан кўплаб хабарлар алмашдик. Бизнинг позициямиз ҳам музокаралар пайтида, ҳам ушбу алмашинувлар давомида жуда аниқ баён қилинган"¸ дея қўшимча қилди Бағоий.

Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамасдан АҚШнинг Ҳормуз бўғозидаги денгиз блокадаси давом этмоқда. Дунёдаги нефть ва газнинг бешдан бир қисми ушбу сув йўли орқали ўтади.

Ҳормуз бўғозидаги вазият ва АҚШнинг Эрон портларига кираётган ва чиқаётган кемалар блокадасига тўхталар экан, Бағоий сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида Эрон Ҳормуз бўғозида кемалар ҳаракати хавфсизлигига содиқ қолганини, бироқ АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган уруши минтақадаги хавфсизлик вазиятини ўзгартирганини айтди.

"Агар АҚШ ва Исроил Яқин Шарқдаги урушларини тўхтатса, Эрон ва Форс кўрфази соҳилбўйи давлатлари ушбу сувлар хавфсизлигини таъминлашга қодир", — дея қўшимча қилди у.

Бағоий, шунингдек, АҚШ-Эрон музокараларининг янги босқичи учун ҳозирча аниқ саналар белгиланмаганини айтди.

"Музокаралар Покистон воситачилигида давом этмоқда ва иккинчи томон дипломатия ҳақидаги иддаоларида қанчалик жиддий эканини вақт кўрсатади. Айнан Қўшма Штатлар ўз самимийлигини исботлаши керак", деди матбуот котиби.

Унинг айтишича, Эрон АҚШ билан уранни бойитиш параметрларини муҳокама қилишни мумкин деб ҳисоблайди, лекин ядро энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқини қатъий талаб қилади.

Бағоийнинг таъкидлашича, Эрон ҳеч қачон тинч бўлмаган мақсадлар учун ядровий дастурга эга бўлмаган, АҚШ эса халқаро ҳамжамиятни қўрқитиш учун уйдирмалардан фойдаланмоқда ва АҚШнинг барча баёнотлари Эронга босим ўтказиш учун шунчаки баҳонадир.

19:03 16.4.2026

Украина: Ракета ва дрон ҳужумларидан 16 киши ҳалок бўлди

Киев расмийларининг маълумотига кўра, Россия Украина пойтахти Киев ва бошқа шаҳарларга жорий йилдаги энг даҳшатли ҳужумини уюштирган. Тўртта шаҳардаги ракета ва дрон зарбалари оқибатида жами 16 киши¸ жумладан 12 ëшли бола ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди, биноларга жиддий зарар етган.

Киев мэри Виталий Кличко шаҳарнинг 45 нафар турғуни жароҳатланганини маълум қилди. Унинг айтишича, пайшанба куни эрталаб шаҳар яна бир ҳужумга учраган; жуда паст баландликда учган дрон 18 қаватли бинога келиб урилган.

Украина фавқулодда вазиятлар хизмати Киевдаги қурбонлар сони беш кишига етганини билдирди.

Ўғли билан бирга ҳужумдан омон қолган 41 ёшли маҳаллий турғун Елена Капустян портлаш уни даҳшатга солганини айтди.

- Бу шунчаки даҳшат, тамом. Мен мамлакатимиз учун ва бизда бор бўлган ҳамма нарса учун қўрқаман. Одамлар учун. Болаларга жуда ачинаман. Бугун жуда кўп одам ҳалок бўлди. Болалар вафот этди. Бу жуда ачинарли. Ўғлим қўрқиб кетди. Бу бинога зарба берилиши иккинчи марта содир бўлмоқда. Биз бироз ўзимизга келиб қолгандик. Охирги марта 'Шаҳид' (дрон) келиб урилганида ҳам уйда эдик," деди 41 ёшли Елена Капустян.

15 апрел куни Россиянинг Украинанинг Қора денгиз соҳилидаги Одесса портидаги турар жой биносига берган зарбаси натижасида бир киши ҳалок бўлди ва яна олти киши жароҳатланди, деб хабар берди маҳаллий ҳарбий маъмурият раҳбари Сергей Лисак.

Telegram’даги постида Лисак бинонинг бешинчидан еттинчи қаватигача бўлган хонадонлар шикастланганини айтди. У улашган суратларда камида битта хонадон қаттиқ вайрон бўлгани, ички қисмларда вайроналар сочилиб ётгани акс этган.

Воқеа жойига фавқулодда хизматлар сафарбар этилди, расмийлар ҳужум оқибатларини баҳолаётган бир пайтда аҳоли шикастланган бино олдига тўпланди. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган Александрнинг айтишича, снарядлар ҳар куни тепадан учиб ўтади, баъзан бинога жуда яқин масофадан ўтади.

Одесса мэри вазифасини бажарувчи Игор Ковалнинг таъкидлашича, шаҳар йирик денгиз порти сифатидаги стратегик ва логистик аҳамияти туфайли асосий нишон бўлиб қолмоқда.

"Одесса Россия ҳарбий жиноятчиларининг стратегик режаларида жуда муҳим ўрин тутади", — деди Ковал ва навбатдаги ҳужумларни кутиш мумкинлигини қўшимча қилди.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ҳужумда дрондан фойдаланилган бўлиши мумкин. Россия томони ушбу ҳужум юзасидан изоҳ бермади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG