Линклар

Шошилинч хабар
31 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 16:51

205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

20:25 5.5.2026

Янги ҳужумлар:

Россия армияси Украинадаги уч вилоятда темирйўл инфратузилмасига зарба берди. Полтава вилоятида тўрт киши ҳалок бўлди.

Яна 31 киши турли даражада жароҳат олган. Полтава туманидаги ҳужум оқибатида саноат корхонаси ва темирйўл инфратузилмаси зарар кўрган.

Яна бир ҳужум Днепропетровск вилоятидаги станцияга уюштирилди. Украина вице-бош вазири Алексей Кулебанинг маълум қилишича, рельсларда турган электровоз шикастланган.

“Настоящее Время” хабар беришича, Россиянинг Ленинград вилоятидаги Кириши нефть қайта ишлаш заводига ҳам дронлар ҳужум қилган, ракеталар эса Чебоксардаги “ВНИИР-Прогресс” корхонасига йўналтирилган.

Ленинград вилояти губернатори Украина армияси ҳужумининг асосий нишони “Сургутнефтегаз” компаниясига қарашли нефтьни қайта ишлаш заводи бўлганини тасдиқлади.

Dnipro Osint канали маълумотига кўра, зарбалар FP-5 “Фламинго” қанотли ракеталари орқали амалга оширилган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам буни тасдиқлади. Унинг айтишича, “Фламинго” ракеталари 1500 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, ҳарбий аҳамиятга эга корхонага зарба берган.

“ВНИИР-Прогресс” “АБС Электро” холдинги таркибига киради ва Россия армияси учун радиоэлектрон маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Улар орасида дронларни ҳимоя қилувчи “Комета” антенналари, шунингдек “Калибр” ва “Искандер” ракеталари учун сунъий йўлдош сигнал қабул қилгичлари ҳам бор.

20:27 5.5.2026

Эрон: Тинчлик таклифига АҚШ жавоби кўриб чиқиляпти

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Теҳрон томонидан тақдим этилган 14 банддан иборат тинчлик таклифига АҚШ жавоби кўриб чиқилаётгани ва музокаралар фақат урушни якунлашга қаратилганини билдирди.

Теҳрондаги ҳафталик матбуот анжуманида сўзга чиққан Исмоил Бақоий уранни бойитиш ёки ядровий дастурга оид тахминларни рад этди ва бундай масалалар кун тартибида эмаслигини айтди.

“Ҳозирги босқичда биз урушни тўлиқ якунлашдан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмаяпмиз. Келгусида қайси йўналишда ҳаракат қилишимизни, албатта, кейинчалик, ўз вақтида ҳал қиламиз,” деди Бақоий.

Бақоий, шунингдек, таҳдидли баёнотлар Эронга таъсир қилмаслигини таъкидлаб, бўғоздаги сўнгги кескинликлар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий зарбалари натижаси эканини таъкидлади.

Апрель ойи охирида Эрон ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Ароқчий Умон расмийлари билан Ҳурмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилган.

“Биз ва Умон Ҳурмуз бўғози соҳилида жойлашган давлатлармиз. Шунинг учун табиий равишда хавфсиз денгиз қатновини таъминлаш учун аниқ протокол ва механизм ишлаб чиқишимиз керак,” деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

20:29 5.5.2026

БАА Фужайра портида ёнғин

4 май куни тармоқларда тарқалган гувоҳлар видеоларида Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра амирлигида жойлашган нефть саноати ҳудуди узра тутун кўтарилаётгани акс этган.
Бу Эрон томонидан бутун мамлакат бўйлаб дрон ва ракета ҳужумлари амалга оширилганидан сўнг юз берган.

Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра амирлиги ҳукумати нефть саноати ҳудудида ёнғин чиққанини маълум қилди.

Reuters релеф, порт жойлашуви, механик кранлар ва ёқилғи омборлари асосида ҳудудни тасдиқлаб, гувоҳлар видеоларидаги маълумотлар сунъий йўлдош тасвирларига мос келишини хабар қилди.

БАА маълум қилишича, Эроннинг бу ҳужумлари жиддий кескинлашувни англатади ва мамлакат бунга жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Фужайра Ҳурмуз бўғозидан ташқарида жойлашган бўлиб, бу уни Яқин Шарқ нефтини экспорт қилишда бўғозни айланиб ўтиш мумкин бўлган кам сонли йўналишлардан бирига айлантиради.


20:33 5.5.2026

Трамп нефт нархи тушишига ишонч билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон можароси ҳал бўлиши билан бензин нархлари қисқа фурсатда пасайишига ишонишини билдирди.

“Улар энергия нархи 300 доллар бўлади, деб ўйлашган эди, тўғрими? Баррели 300 доллар. Аммо ҳозир тахминан 100 атрофида. Ва менимча, бу тугаганда яна анча пасаяди, жуда тез пасаяди, сиз ҳали кўрмаган даражага тушади, чунки энергия жуда кўп, бутун дунё бўйлаб тўла кемалар бор. Улар бу билан кўп нарса қила олмаяпти, чунки уларни анча ёвуз жой ‘гаровга олган’. Аммо биз буни ҳал қиляпмиз,” деди АҚШ президенти Дональд Трамп.

Шунингдек, Трамп Эронни огоҳлантириб, агар АҚШ кемалари Ҳурмуз бўғозида нишонга олинса, “ер юзидан супуриб ташланади”, деди.

Бу баёнот Вашингтон Форс кўрфази орқали тижорат кемаларини кузатиш учун денгиз амалиётини давом эттираётган бир вақтда айтилди. Ҳозирда 800 дан ортиқ кема ва тахминан 20 минг экипаж аъзоси глобал нефть оқими учун жуда муҳим бўлган ушбу бўғозда турибди.

Эрон бўғозга яқинлашаётган АҚШ кемаларига зарба беришини огоҳлантирган, шунингдек АҚШнинг Эронга тегишли олтита кичик қайиқни йўқ қилгани ва Эрон ракеталари ҳамда дронларини тўсгани ҳақидаги баёнотларни рад этди.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG