"АҚШнинг Эрон билан ўт очишни тўхтатиш келишуви ўз кучида"
АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг шу мазмундаги баёноти Эрон Бирлашган Араб Амирликларига ракета зарбалари бергани ва АҚШ ҳарбийлари Эронга тегишли олтита кичик қайиқни чўктирганига оид баёнотидан бир кун ўтиб айтилди.
4 май куни юз берган ҳужумлар алмашинуви қарийб бир ой аввал эълон қилинган сулҳ бузилгани ва Теҳрон, шунингдек АҚШ ҳамда Исроил кучлари ўртасида тўлиқ ҳарбий тўқнашувлар қайта бошланиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни кучайтирди.
АҚШ денгиз кучлари Эрон томонидан стратегик сув йўли ёпилгани оқибатида Форс кўрфазида тўсилиб қолган айрим тижорат кемаларини кузатиб боришни бошлади.
Россия: Бир йилда 10 ойдан кам ишлаган мигрантнинг ВНЖ мақомини бекор қилиш таклиф этилди
Россия Давлат думасида мигрантлар йил давомида 10 ойдан кам ишлаган бўлса, уларнинг ВНЖ мақоми яъни вақтинча яшаш рухсатини бекор қилиш таклиф этилди.
Бу ҳақда «Контекст» Telegram‑канали Дума спикери Вячеслав Володинга таяниб хабар берди.
Ташаббусга кўра, янги қоидалар жисмоний шахсларда, жумладан тадбиркорлик фаолиятига алоқаси бўлмаган уй‑рўзғор хизматлари соҳасида ишловчи хорижликларга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Ҳужжатларни бекор қилиш учун асос сифатида ҳисобот йилида 10 ойдан кам ишлаганлик ёки ўзини ва қарамоғидаги оила аъзолари учун НДФЛ бўйича белгиланган аванс тўлови тўланганини тасдиқлай олмаслик кўрсатилган.
Володиннинг айтишича, сўнгги уч ой ичида Россияда 8 мингдан ортиқ мигрантнинг яшаш учун рухсатномаси бекор қилинган. Бу 2025 йил бошига нисбатан 90 фоизга кўп.
Шунингдек, Дума спикери таъкидлашича, янги ҳужжатлар берилиши ҳам қисқарган: ВНЖ бериш 27,8 фоизга, вақтинча яшаш рухсатномалари эса 27,5 фоизга камайган.
Россияда ВНЖ ва вақтинча яшаш рухсатномаларини бекор қилиш қоидаларининг кескинлашиши ўзбек мигрантлари учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Чунки Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг катта қисми уй‑рўзғор хизматлари, қурилиш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда мавсумий ёки вақтинчалик ишлайди — бу эса йил давомида 10 ой тўлиқ ишлаш талабини бажаришни қийинлаштиради. Шу боис, янги тартиб амалга кирса, иш давомийлигини исботлай олмаган ёки НДФЛ бўйича аванс тўловларини расмийлаштирмаган минглаб ўзбек мигрантлари яшаш рухсатномасини йўқотиш хавфи остида қолиши мумкин.
Трамп Эрондаги уруш тез орада тугашини айтди
АҚШ президенти Дональд Трамп 6 май куни кечқурун Эрондаги уруш тез орада тугашини айтди. Унинг айтишича, Вашингтон Ҳормуз бўғозидаги тўхтаб қолган вазият ва Теҳроннинг ядровий дастури бўйича келишув изламоқда.
«Содир бўлаётган нарсаларга қарасангиз, биз бунни жуда муҳим бир сабаб учун қилаяпмиз: уларнинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўя олмаймиз. Менимча, одамларнинг кўпчилиги бунни тушунади. Улар нима қилаётганимизни тўғри деб ҳисоблайди ва бу тез тугайди», - деди АҚШ президенти Дональд Трамп Жоржия штати губернатори лавозимига номзод Бёрт Жонс учун ўтказилган телеконференцияда.
Эрон чоршанба куни АҚШнинг тинчлик таклифини кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Манбаларнинг айтишича, бу таклиф урушни расман тугатишни назарда тутади, аммо Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш ва Ҳормуз бўғозини қайта очиш каби АҚШнинг асосий талаблари ҳал этилмаганича қолмоқда.
Axios нашри манбаларига таяниб хабар қилишича, АҚШ келаси 48 соат ичида Эрондан бир нечта муҳим масалалар бўйича жавоб кутаяпти. Манбалар буни уруш бошланганидан бери тарафлар келишувга энг яқин келган палла деб атаган.
Россия 9 майда интернетни тўлиқ ўчирмоқчи
Москвада 9 май куни мобил интернетга, жумладан «оқ рўйхат»даги сайтларга ҳамда СМС алмашиш сервисларига кириш чекланади, деб хабар берди Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги.
Вазирлик таъкидлашича, уй интернети ва Wi‑Fi чекловсиз ишлайди.
7 ва 8 май кунлари Москвада мобил интернетни ўчириш ёки чеклаш режалаштирилмаяпти, дея маълум қилди вазирлик, аммо «бевосита хавфсизлик таҳдидлари юзага келса, тезкор чекловлар жорий этилиши мумкин»лиги қайд этилди.
«Фонтанка»нинг ёзишича, Downdetector сервисида 7 май тонгидан бери Ленинград вилояти фойдаланувчиларидан мобил интернетдаги узилишлар ҳақида шикоятлар кўпайган.
4 майдан бошлаб Москва ва Петербургда мобил алоқа операторлари абонентларни 5–9 май кунлари мобил алоқа чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантира бошлаган.
4 май куни Россия Мудофаа вазирлиги 8–9 май кунлари бир томонлама оташкесим эълон қилганини маълум қилди. Украина президенти Владимир Зеленский эса жавобан 6 май соат 00:00 дан «сукунат режими»ни эълон қилди, аммо у деярли дарҳол Россия томонидан бузилган. 6 май кечқурун Зеленский Украина жавоб беришини айтди.
7 майга ўтар кечаси дронлар Россияга оммавий ҳужум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги 347 та украин дрони йўқ қилинганини маълум қилди. Москва осмонида, шаҳар мэри Сергей Собянинга кўра, ПВО кучлари 13 та дронни уриб туширган. Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз дрон ҳужуми оқибатида 13 киши яраланганини билдирди. Твер вилоятидаги Ржев шаҳри ҳам ҳужумга учраган. Украин телеграм‑каналлари Москва вилояти Наро‑Фоминск шаҳрида Россия Мудофаа вазирлигининг «Нара» ҳарбий‑логистика мажмуаси ҳужумга учраганини ёзмоқда. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.