Линклар

Шошилинч хабар
19 Aprel 2026, Тошкент вақти: 06:14

Тошкент ва Кремлнинг сирли келишувлари ортида нима бор?

Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари бундан олдин 2024 йилнинг сентябрида учрашган.
Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари бундан олдин 2024 йилнинг сентябрида учрашган.

2026 йил 13 апрелда Москвада икки мамлакат бош вазирлари — Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин иштирокида Қўшма комиссиянинг 6-мажлиси бўлиб ўтди. Унда жумладан нефт ва газ масаласи кўтарилди.

Москвадаги музокараларда нималар муҳокама қилинди? Бу келишувлар Ўзбекистон иқтисодиёти учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Арипов ва Мишустин нима келишди — ва бу Тошкент учун фойдалими?

НИМАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ВА НИМАЛАР КЕЛИШИЛДИ

Россия “геополитик турбулентликка қарамасдан” Ўзбекистонга нефть ва табиий газ етказиб беришни кўпайтиради", деди Россия Бош вазири:

“Ҳамкорликни кучайтиришнинг асосий соҳаларидан бири сифатида биз энергетика соҳасини кўриб чиқмоқдамиз. Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси асосида интеграциялашган атом электр станциясини қуриш ишлари бошланди. Март ойида бетон ишларига киришилди. Ушбу йирик ташаббусни амалга ошириш, шубҳасиз, Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасига қўшимча туртки беради, аҳоли ва бизнесни ўн йиллаб тинч атом энергияси билан таъминлаш имконини яратади.

Ёқилғи соҳасида ҳам ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Россия нефти ва табиий газини етказиб беришни давом эттириш, шунингдек улар ҳажмини ошириш бўйича келишувларга эришилди.”

Томонлар савдо, туризм, маданий алоқалар, технологик ҳамкорлик, фан ва таълим соҳаси, телекоммуникация, транспорт-логистика, металлургия ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамкорликни ошираётганини таъкидлаб ўтди.

Мишустин ўтган йил ўзаро савдо айланмаси 12,5% га ўсиб, 1 трлн рублга — тахминан 13 млрд долларга яқинлашганини таъкидлади.

Ўз нутқида, Ўзбекистон бош вазири 2030 йилга бориб икки томон ўзаро савдони 30 млрд долларга етказишни режалаштираётганини айтди.

“Сўнгги беш йил ичида икки томонлама савдо айланмаси икки баробарга ошди ва 2025 йил якунларига кўра, сиз таъкидлаганингиздек, 13 миллиард доллардан ошди. Бизнинг маълумотларимизга кўра, бу ижобий динамика жорий йилда ҳам сақланмоқда: йилнинг дастлабки икки ойида савдо ҳажми яна 30 фоизга ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 3,2 мингдан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Лойиҳалар портфели қарийб 44 миллиард долларни ташкил этади. 2025 йилга қадар Россия инвестицияларининг тахминан 5 миллиард доллари ўзлаштирилди,” деди Абдулла Арипов.

Углеводородлар экспортини оширишдан ташқари, Москва Ўзбекистоннинг энергетика инфратузилмасини модернизация қилишда ҳам иштирок этади, жумладан янги қудуқлар бурғулаш, газ транспортировкаси ва қайта ишлаш тизимларини янгилашда.

Анжуманда, жумладан, Россия мутахассислари нефт ва газдан ташқари Жиззах вилоятида «Росатом» иштирокида атом электр станцияси қурилишнии олиб бораётгани, қўшма технопарклар фаолият кўрсатаётгани, янги саноат майдончалари ишга туширишга тайёрланаётгани айтилди.

Ўз чиқишида Абдулла Арипов ўзбекистонликлар учун энг муҳим бўлган мавзу - нефт-газ масаласига оид келишув натижаларига тўхталиб ўтирмади.

Лекин, ОАВга сиздирилган маълумотларга кўра, томонлар рус нефти ва табиий газини етказиб беришни давом эттириш ва ҳажмини ошириш тўғрисида келишиб олгани маълум бўлди.

2023 йилда «Газпром» Ўзбекистонга 1,28 млрд куб. м табиий газ етказди. 2024 йилда — 5,64 млрд куб. м. 2025 йилда эса прокачка ҳажми 6 млрд куб. м деб баҳоланди. Яъни икки йил ичида етказиб бериш деярли беш баробар ошди.

Томонлар кечаги келишувда келажакда энергия етказиб беришнинг аниқ ҳажмларини ҳам ошкор этмади. Бу ноаниқлик эса мутахассисларда қатор ўринли саволларни юзага келтирди.

АҚШнинг Energy Information Administration ташкилоти маълумотига кўра, 2025 йил давомида Ўзбекистоннинг тасдиқланган нефт захиралари тахминан 594 миллион баррел, газ захиралари эса 1.8 триллион куб метрга яқин.

НЕФТ ВА ГАЗДАГИ ВАЗИЯТ

Охирги йилларда Ўзбекистонда “Eriell”, “Saneg” ва “Enter engineering” билан боғлиқ йирик можаролар мамлакат энергетика ва нефт-газ соҳасидаги йиғилиб қолган муаммоларни юзага чиқарди.

Ўзбекистонда энг муҳим стратегик энергетик ресурслар назоратига берилган йирик ушбу монопол ширкатлар ўз ишчиларидан 131 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздор бўлгани, бу қарзни қоплаш учун ҳукумат бизнес мулкларини сотувга чиқаришга қарор қилгани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар берганди.

Маош қарзи 131 миллион доллар бўлишига қарамай, сўнгги қарийб 10 йил ичида бу қудратли холдинг эгаси Бахтиёр Фозилов хусусий бизнес қўлига берилган лойиҳалар қиймати салкам 40 миллиард доллар экани айтилганди. Жорий йилнинг январь ойида Бахтиёр Фозиловни "бош пудратчи" сифатида барча энергетика лойиҳаларидан четлатилгани ҳақида хабарлар сиздирилди.

Ҳукумат вакиллари бу монополистга қарши тергов-суриштирув ишлари давом этаётгани билан чекланмоқда.

Молиявий ва иқтисодий инқироз фонида Ўзбекистон ҳукумати президентнинг яна бир ишонган одами - "Ўзбекгидроэнерго" АЖга раҳбарлик қилиб келган Абдуғани Сангинов “Ўзбекнефтгаз” раиси этиб тайинланди. Сангинов бир қанча нефть базалари раҳбарларини ишдан олди, соҳада “тозалаш”ни бошлаб юборди.

Ўзбек газ саноатидаги коррупцион вазият ва эҳтимолий ҳавотирли сценарийлар борасида Озодликнинг қатор суриштирувларида маълумот берилган эди.

Мирзиëев ҳукумати билан махфий келишув ва сохта компаниялар орқали "Газли"ни олган Путиннинг ишонган одами, рус олигархи Геннадий Тимченко уни Фозиловга ўтказиб бергани тўғрисида Озодлик "Кремль чангалидаги ўзбек гази" "деб номланган журналистик суриштирув натижаларини ҳам эълон қилган эди.

Уруш ҳолатида ва мисли кўрилмаган халқаро санкциялар остида бўлган Россия билан бундай шартномага келиши Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий қарамлигини оширмайдими? Ушбу келишувлардан мамлакатга фойда кўпроқми зарар?

КЕЛИШУВНИНГ САЛБИЙ ВА ИЖОБИЙ ТОМОНЛАРИ

Ўзбекистон энергия манбаларида кескин танқисликни бошдан кечирмоқда. Мамлакат ўз газ ишлаб чиқаришида қисқариш кузатилмоқда: республикадаги газ қазиб олиш 4,5% га — деярли 2 млрд куб. м га камайди. Рус гази бу танқисликни қоплаб, уйларда газ узилишларининг олдини олмоқда. Етказиб беришни таъминлаш учун янги газ ўлчов станциялари қурилди, газ насос ускуналари алмаштирилди, 22 км янги магистрал газ қувури тортилди ва 56 км мавжуд қувур таъмирланди. Яъни Россия Ўзбекистон инфратузилмасига инвестиция киритмоқда.

2023 йилда имзоланган 2 йиллик келишувга кўра, "Газпром" Ўзбекистонга суткасига 9 млн кубометр (йилига 2,8 млрд кубометр) газ етказиб беради. Манбалар нарх "минтақадаги бозор нархлари асосида" шакллантирилишини таъкидлайди.

Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов нима учун бундай вазият юзага келганини бундай изоҳлайди:

- Ўзбекистонда нефт ва газ ишлаб чиқаришни ошириш бўйича барча лойиҳалар барбод бўлди ва бу ҳам Россия билан боғлиқ. Чунки барча конлар Россия олигархлари билан чамбарчас боғлиқ ва руслар манфаатларини ҳимоя қилувчи “Эриэлл”га берилди. Бу ерда Россия иккиюзламачилик ўйинини олиб бормоқда: бир томондан нефт ва газ қазиб олиш соҳасида “Эриэлл” билан боғлиқ шубҳали лойиҳаларни амалга оширяпти, бошқа томондан эса ўзининг нефт ва газини етказиб бериш ҳажмини кўпайтиряпти ва Ўзбекистонни қарамлигини оширмоқда.

Суҳбатдош фикрича, биринчи ва асосий хавф — бир томонга боғлиқлик. Газ нархи ва шартлари бўйича музокараларда Россия кучли позицияга эга. Россия энергетика ҳамкорлигини геосиёсий позицияларини мустаҳкамлаш учун восита сифатида кўриб чиқмоқда.

Иккинчи хавф —санкциялар мавжудлиги. АҚШ ва Европа Россиянинг йирик нефт компанияларига — «Сургутнефтегаз», «Газпромнефть», «ЛУКОЙЛ» ва «Роснефть»га — блокловчи санкциялар жорий этди; уларнинг улуши рус нефти экспортининг 75% дан ортиғини ташкил этади. Ўзбекистон Россия билан энергетика соҳасида чуқурлаша борган сари иккиламчи санкциялар хавфи ошиб боради.

Таҳлилчилар Россия Ўзбекистоннинг нефть ва газ сектори устидан назоратни янада кучайтираётганини, бу геосиёсий ва энергетик хавфсизлик борасида хавфларни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирмоқда.

- Россиядан Ўзбекистонга нефт ва газни етказиб бериш бўйича келишув кимга фойдалироқ? Биринчи навбатда Россия Федерацияси аллақачон дунёдаги вазиятни акс эттирувчи оширилган нархлар бўйича етказиб беради. Афсуски, етказиб берилаётган нафт-газ нархи очиқланмаётир. Бу ёпиқ мавзу! Биз на Ўзбекистоннинг транзит учун Қозоғистонга қанча, Россияга қанча маҳсулот учун бераётгани ҳозиргача номаълум. Бу масалада очиқликнинг йўқлиги бунинг коррупцион характерга эга келишув экани белгисидир. Одатда откатлар бор жойда рақамлар яширилади ва жамоатчиликдан беркитилади. Ўзбекистонга кўпроқ ҳажмда нефт ва газнинг етказилиши эса жаҳон бозоридаги вазиятга бевосита боғлиқ. Бу вазиятда ҳар эҳтимолга қарши Ўзбекистон ёқилғини заҳиралаб олишни ният қилган, кўринади. Масалан Европада 2-3 ҳафталик нефт заҳираси қолган ва кейин инқироз бўлиши кутилмоқда. Саноат ва ишлаб чиқариш суръатлари, авиаташишлар пасайиши кутилмоқда. Шу боис Ўзбекистон нефт заҳираларини кўпайтиришга қизиқиш билдирмоқда, дейди Алишер Илҳомов.

Ўз исми ошкор этилишини истамаган Ўзбекистондаги нефт - газ саноатига алоқадор мулозим фикрича, Эриелл ва ИнтерИнжиниринг компаниялари Россиянинг Газпром банкидан бир неча миллиард доллар (камида 6 миллиард доллар) кредитлар олиб банкротлик ёқасига келган ва бу қарзларни компаниянинг йирик нефт газ активларини сотиш эвазига фақат қисман қоплаши мумкин.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистондаги коррупция ва Кремлнинг ўзбек нефт газ саноати устидан ўрнатган назорати сабаб Ўзбекистон Россия газ импортига қарамлиги мисли кўрилмаган даражада ортди.

ХУЛОСА

Арипов ва Мишустин ўртасидаги келишувлар Ўзбекистоннинг ҳозирги энергия танқислигини ҳал қилишда амалий аҳамият касб этади.

Аммо узоқ муддатда бир томонга — Россияга — ҳаддан ташқари боғлиқлик геосиёсий ва иқтисодий хавфлар туғдиради. Ўзбекистон учун мақбул стратегия — қайта тикланувчи энергия ва бошқа манбаларни ривожлантириш, дея хулоса қилади Алишер Илҳомов.

- Энергетика соҳасида мен Ўзбекистон ҳукуматининг бир ишини мақташим мумкин: қуёш, шамол каби қайта тикланувчи энергия бўйича станциялар сонининг кўпайтирилаётгани. Дунёда юзага келган вазиятга қараганда Ўзбекистон бу ҳаракатлар темпини ошириши керак. Дарҳақиқат, бундай оғир вазият бир томондан Россия билан муносабатлар табиатини белгиласа, бошқа томондан жаҳондаги нефт-газ соҳасидаги вазият таъсири. Давлат раҳбарияти бу хатарларни ҳисобга олиб, узоқни кўзловчи ва адекватроқ энергетика тараққиёти стратегиясини қабул қилиши ва яна Россияга қарамликка тушиб қолмаслик олдини олиши керак.

Форум

XS
SM
MD
LG