Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2024, Тошкент вақти: 06:47

"Ўлмай қолганим мўъжиза". Қамоқдаги блогер Абдуқодир Мўминовнинг қийноққа солингани иддао қилинди


Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва тармоқ фойдаланувчилари Мўминовнинг қамалишини президент Мирзиёев куёвларининг бизнеси билан боғлашади.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва тармоқ фойдаланувчилари Мўминовнинг қамалишини президент Мирзиёев куёвларининг бизнеси билан боғлашади.

Шу йилнинг 4 август куни Ўзбекистон жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб 7 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган таниқли блогер Абдуқодир Мўминов ўзининг тергов жараёнида шафқатсиз қийноқларга тутилганини иддао қилган.

Бу ҳақда Озодликка маҳкумнинг онаси Сабоҳат Абдуллаева гапириб берди.

15 август куни Тошкентдаги 1-сонли тергов ҳибсхонаси (Тоштурма)да ўғлини бориб кўрган Сабоҳат Абдуллаева ўғлидан биринчи навбатда соғлиги ҳақида сўрагани, у “кўриб турганингиздек, ўлмадим”, деб жавоб берганини айтади.

Сабоҳат Абдуллаеванинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов шу йилнинг 8 февраль оқшомида расмийлар айтгани каби, процессуал тартибда ушланмаган, балки Тошкентдаги метан газ қуйиш шохобчасида ниқоб кийган одамлар томонидан “қўл-оёғи боғланиб мажбуран машинага ўтқазилган ва ўғирлаб кетилган”.

 Абдуқодир Мўминовнинг онаси билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:49 0:00

Онасининг Абдуқодир Мўминов сўзларидан иқтибос келтиришича, у терговнинг илк кунидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси – ИИББ биносининг 3-қаватида жойлашган 311-хонада бир гуруҳ тезкор ходимлар томонидан қийноққа солинганини иддао қилган.

“Ўғлимни полга эмаклатиб, чап қовурғасига тинимсиз тепишган. Ҳатто жинсий аъзоларигача туфлиларининг пошнаси билан тепишган. Қийноқлар натижасида кўп марта ҳушини йўқотган, ҳушига келтириб, яна аёвсиз қийнашган”, дея Абдуқодир Мўминовнинг сўзларидан иқтибос келтиради Сабоҳат Абдуллаева.

Онасининг Озодликка айтишича, Абдуқодир Мўминов ўзини қийноққа солган уч нафар тезкор ходимларнинг исмларини келтирган. У Тошкент шаҳар ИИББда ўзини тергов қилган О.К, шунингдек, ИИВда ишлаши айтилган “Азиз” ва “Иброҳим” исмли тезкор ходимларнинг жисмоний ва руҳий тазйиқлари остида адвокат олишдан бош тортишга мажбур бўлганини айтган.

Онасининг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов қийноқлар остида ўзи ёзмаган кўрсатмаларга имзо қўйишга мажбурланганини иддао қилган.

Абдуқодир Мўминов суд жараёнида. Тошкент, 23 июль, 2023 йил.
Абдуқодир Мўминов суд жараёнида. Тошкент, 23 июль, 2023 йил.

“Қийноқнинг қанақа тури бўлса, ҳаммасини қўллашди. Ўлмай қолганим мўъжиза”, дея ўғлининг сўзларидан иқтибос келтиради Сабоҳат Абдуллаева.

Унинг айтишича, Абдуқодир Мўминов тергов жараёнида ҳар куни 1-қаватдан 3-қаватга эмаклаб чиқишга мажбурлангани, чап биқинига қаттиқ тепишгани, бир неча ой давомида жойидан туришга қийналганини айтган. У буйрагида ҳануз оғриқ борлиги, аммо шифокорларга кўринишга изн беришмаётганидан шикоят қилган.

“Менга энг қаттиқ таъсир қилгани – ўғлим “она, сиз нега суд ҳукми ўқилишига келмадингиз?” дегани бўлди, - дея сўзларини давом эттиради Сабоҳат Абдуллаева. Ваҳоланки, мен суд залида эдим. Кўринмас жойда эдим, бир журналист қиздан “илтимос, жойимизни алмашайлик, мен ўғлимни кўриб туришим керак”, деб илтимос қилиб, олдинроққа ўтирдим. Ўғлимга имо-ишора билан далда беришга уриндим. “Қўрқма, ўзингни бақувват тутгин, мен сенга ёрдам бераман, ҳаммаси яхши бўлади”, деган сўзларни имо-ишора билан тушунтиришга уриндим. Менга бошини чайқаб, яхши бўлади, дегандай кўзини қисиб қўйганди. Кеча ундан “сен нима, мени кўрмадингми?”, десам ўйланиб қолди ва “она, менинг қонимни текшириш керак”, деди. Овқатига биронта дори қўшиб берган, деган тахмини бор, менда ҳам бор шундай хавотир”, дейди Сабоҳат Абдуллаева.

Блогер онаси: Мирзиёев, қўлим ёқангда!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:21 0:00

Ўзбекистон расмийлари Абдуқодир Мўминовнинг қийноққа солингани ҳақидаги иддаоларга ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Шу йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Мўминов тергов жараёнида қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни рад этиб чиққан эди.

Бош прокуратура вакили Абдуқодир Мўминов қийноқлар натижасида вафот этгани ҳақидаги хабарларни «мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. А.Мўминов тирик ва соғлом», дея рад этган.

Сабоҳат Абдуллаева билан тўлиқ видео суҳбатни 16 август куни кечроқ Озодлик YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.

  • Шу йилнинг 4 август куни Тошкентнинг Миробод туман суди YouTube’да 247 минг обуначиси бўлган “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топиб 7 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этган.
  • Қамоқ жазосидан ташқари, суд ўз ҳукми билан Абдуқодир Мўминовни 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган.
  • Ҳукмга мувофиқ, судланувчидан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳам кўзда тутилган. Мўминов иши бўйича бир неча тадбиркор дохил 14 киши жабрланувчи деб топилган, умумий зарар 903,4 миллион сўм деб баҳоланган.
  • 2022 йил декабрида Абдуқодир Мўминов номаълум шахслар унга ҳужум қилиб, машинасининг ойналарини синдиргани ва ўзини дўппослаганини айтган. Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 164-моддаси (“Талончилик”) бўйича жиноят иши очгани ҳақида хабар берган, аммо унинг натижаси ҳақида жамоатчиликка ҳеч қандай хабар берилмаган.
  • Шу йилнинг февралида Мўминов 2021 йил октябрида юз бергани айтилган фирибгарлик ва товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Абдуқодир Мўминов ўзига қўйилган айбларни тан олган-олмагани ҳанузгача номаълум. Судга қадар блогер 5 нафар адвокатнинг хизматидан воз кечган. Абдуқодир Мўминов президент Шавкат Мирзиёевга қаратилган танқидий чиқишлари билан танилганди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва тармоқ фойдаланувчилари Мўминовнинг қамалишини президент Мирзиёев куёвларининг бизнеси билан боғлашади.

Ўзбекистон Олий суди Абдуқодир Мўминов устидан маҳкамани очиқ деб эълон қилган, аммо кўплаб маҳаллий ва халқаро журналистлар суд залига қўйилмаганидан шикоят қилишган.

Абдуқодир Мўминов устидан ҳукм Ўзбекистонда қатор блогер ва журналистларга қарши тергов, маҳкама ва қўрқитишлар манзарасида эълон қилинди.

Сўнгги ойларда ўнлаб журналист, блогер ва тармоқ фаоллари танқидий мақола ва постлари, шунингдек, Озодликнинг мамлакат энергетика тизимидаги инқироз, ҳокимият юқори доираларидаги коррупция ва непотизм, шахсан президент Мирзиёев оиласи мансубларининг бизнес манфаатларига доир суриштирувларини бўлишгани ёки уларга муносабат билдиргани учун Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га чақиртирилгани, огоҳлантирилгани ва таҳдид қилингани Озодликка маълум.

Форум

XS
SM
MD
LG