Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2022, Тошкент вақти: 13:21

Халқаро хабарлар

Алла Пугачёва яна Россияни тарк этди – ОАВ

Алла Пугачева

Таниқли қўшиқчи Алла Пугачёва фарзандларини олиб, Россиядан чиқиб кетди. Бу ҳақда “Известия” нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр примадоннага тегишли экани айтилаётган Chevrolet Express автомобиль Москвадаги “Внуково-3” аэропорти VIP-терминалига кириб бораётган видеони ёйинлаган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, артист аёл болалари билан Москвадаги Внуково аэропортидан Исроилга учиб кетган. Қўшиқчининг мамлакатга қачон қайтиши маълум эмас. Пугачёва қайтишга чипта олмаган”, дейилган “Известия” нашрининг Telegram-каналида.

Пугачёванинг ўзи ва унинг вакиллари Россиядан чиқиб кетишга оид маълумот юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Март ойида Россияни тарк этган Пугачёва мамлакатга қайтиб келгани ҳақида 27 август куни маълум бўлган эди. 18 сентябрь куни қўшиқчи Адлия вазирлигини эри Максим Галкин киритилган “хорижий агентлар” рўйхатига ўзини ҳам қўшишга чақирган эди. Кремль вакиллари бу чақириқни шарҳлашдан бош тортишган.

Кун янгиликлари

Тан олинмаган Ичкерия вакиллари блогер Тумсо Абдураҳмонов тириклигини айтишмоқда

Тумсо Абдураҳмонов

Чеченистонлик мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмонов тирик ва у айни пайтда Швеция полицияси ҳимояси остида. Бу ҳақда Озодликнинг Кавказ.Реалии лойиҳасига тан олинмаган Ичкерия чечен республикасининг қувғиндаги ҳукумати матбуот хизмати вакиллари маълум қилишган.

Улар “Грозний” давлат телерадиокомпанияси директорининг Абдураҳмонов муҳтамал ўлимига ўзини Ичкерия бош вазири деб атовчи Аҳмед Закаев алоқадор бўлиши мумкинлигига оид иддаосини рад этишган.

Разман Қодировнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган блогер Швецияда гўё ўлдириб кетилгани ҳақида бундан бир неча кун аввал бир неча манба, шу жумладан 1ADAT телеграм-канали хабар тарқатган.

“Ичкерия чечен республикаси ҳукумати эга бўлган маълумотга кўра, Тумсо Абдураҳмонов тирик ва швед полициясининг ҳимояси остидадир”, деган матбуот хизмати вакили. Ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда сўзлаган вакил Абдураҳмоновнинг қандай сабабларга кўра ҳимоя остига олинганига аниқлик киритолган эмас.

Кавказ.Реалии таҳририяти бу борада расмий сўров билан Швеция полициясига мурожаат қилган. “Ҳозир биз аввал берган изоҳимизга ҳеч қанақа қўшимча қўшолмаймиз”, дейилган полиция матбуот котиби Ирен Соколовнинг расмий жавобида.

Аввалроқ Швеция полицияси Абдураҳмоновнинг ўлдирилган бўлиши мумкинлигига оид маълумотни тасдиқламаган ва бу борада изоҳ беришдан ҳам бош тортган.

Бишкекда Россия элчихонаси биноси олдида пикет ўтказмоқчи бўлган фаол жаримага тортилди

Қирғизистонлик фаол Ондуруш Токтонасировнинг (кадр ўртасида) Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганига қарши акцияда қўлга олиниши, Бишкек, 2022 йил апрели (архив сурати)

Қирғизистон пойтахтида маҳаллий фаол Ондуруш Токтонасиров “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани учун” 3 минг сўм (тақрибан 35 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига фаолнинг ўзи маълум қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Токтонасировни Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга ташрифига қарши пикет ўтказиш учун Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдига кетаётган пайтда қўлга олган.

Фаол Озодликка судга мурожаат қилиш ниятида эканини, чунки ўзига солинган жаримани асоссиз деб билишини айтган.

Токтонасиров Россиянинг Украинага босқинига қарши фаол позицияси билан танилган. Аввалроқ у Россия элчихонаси олдида бир неча марта акция ўтказган.

Владимир Путин Бишкекка 9 декабрь тонгида етиб келган. Бу Путиннинг Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери Қирғизистонга илк сафари бўлиб ҳисобланади.

Бугун Бишкекда Евросиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтмоқда. Путиндан ташқари Қирғизистон пойтахтига Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь лидери Александр Лукашенко келишган. Ташкилотда кузатувчи мақомига эга Ўзбекистонни эса бош вазир Абдулла Арипов тамсил этмоқда.

Қирғизистон президенти маъмурияти маълумотига кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг раҳбарлари саммитда жорий иқтисодий вазият ва интеграция масалаларини муҳокама қилишни режаланганлар.

Тhe Insider: Кремлга алоқадор олигархлар Латвияда бизнес қилмоқда

Искандар Маҳмудов.

Кремлга алоқадор ва Россия Мудофаа вазирлигидан пудратларни олувчи рус миллиардерлари Искандар Маҳмудов ва Анедрей Бокарев шахсан ҳамда воситачилар ёрдамида Латвияда бизнес қилмоқда. The Insider ўтказган журналистик суриштурувда мана шу ҳақда гап боради.

Муаллифларга кўра, 2017 йилгача миллиардерлар “Калашников” концернида ўз улушларига эга бўлган, уларнинг “Коломенский завод”и Россия ҳарбий кемаларига дизель етказиб берган.

Уларнинг “Калашников” концернидаги бизнес ҳамкорларидан бири Алексей Криворучко айни пайтда мудофаа вазири ўринбосаридир.

Маҳмудов ва Бокаревнинг активлари орасида “Россиядаги энг йирик пудратчилардан бўлган” Уральск тоғ-металлургия ширкати, “Кузбассразрезуголь” ва “Трансмашхолдинг” ҳам бор.

Суриштирув муаллифлари Маҳмудов ва Бокарев Латвияда воситачилар тармоғи орқали Рига электромашинасозлик заводи (Rīgas elektromašīnbūves rūpnīca (RER)га ва унинг шўъбаси LATVOга эгалик қилишини билдирганлар. RERнинг 2021 йилдаги даромади 33 миллион евро бўлган.

Бу ширкат барча Европа давлатларида фаолият юритади ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Масалан, май ойида RER Чехияга троллейбуслар ва электробуслар учун янги двигателларни етказиб берган.

Европа минтақавий ривожланиш фонди ширкатга электромобилларга оид махсус лойиҳа доирасида 527 минг евро берган. Бундан ташқари завод Латвия ҳукуматининг тадбиркорларни қўллаш фондидан ҳам маблағ олиб турган.

The Insider суриштирувида Маҳмудов ва Бокарев заводни “Холдинг ТрансКомпонент” ва “Крона Груп” ширкатлари воситасида бошқариши қайд этилган. Номинал эгалар сифатида Россия фуқароси Игорь Лозовой ва Литва фуқароси Сергеюс Гречукас номлари келтирилади.

Суриштирувда айтилишича, Маҳмудов ва Бокарев пул ювишда гумонланган. Уларга нисбатан Германия ва Испанияда 2007-2008 йилларда бир нечта жиноят иши очилган.

Маҳмудов ва Бокарев Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Москва вилоятида катта ёнғин: “Мега Химки” савдо маркази ёниб кетди

"Мега Химки"даги ёнғин.

Москва вилоятидаги “Мега Химки” савдо марказининг OBI қурилиш гиперматкети тўлиқ ёниб кетди. Ҳозирча ёнғинда жабрланганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ёнғин майдони 7 минг квадрат метр бўлган. Интерфакс агентлиги фавқулодда хизматларга таянган ҳолда 15 минг квадрат метр, “112” телеграм канали эса 17 минг квадрат метр майдон ёниб кул бўлганини билдирди.


Ёнғинни ўчиришга 30 киши ва 9 та техника жалб қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ТАССга OBI гипермаркетида портлаш бўлганини, шундан сўнг бино қулаб туша бошлаганини билдирган.

Ҳозирча ёнғин сабаблари номаълум.

Бишкекда ўтадиган Евросиё олий иқтисодий кенгаши саммитида газ бозори муҳокама қилинади

Саммитда қатнашиш учун Бишкекка Владимир Путин келди.

Бишкекда 9 декабрда Евросиё олий иқтисодий кенгаши саммити бўлиб ўтади. Саммитда қатнашиш учун 8 декабрда Бишкекка Беларусь президенти Александр Лукашенко, 9 сентябрь эрталаб эса Россия президенти Владимир Путин етиб келди. Бундан ташқари ташкилотга аъзо бошқа давлатларнинг ҳам раҳбарлари келиши кутилмоқда.

Саммитда Евросиё иқтисодий иттифоқининг ҳозирги иқтисодий аҳволи, Евросиёдаги интеграциянинг долзарб масалалари муҳокама этилади. Жумладан, ташкилот доирасида газ бозорини ташкил қилиш, Саудия Арабистони билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа 17 масала кўриб чиқилади. Саммит якунида бир қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши кутилмоқда.

Евросиё иқтисодий иттифоқига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо ҳисобланади. Мазкур иттифоқ бож тўсиқларини олиб ташлаш, халқ ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган эди. Бироқ шу кунгача давлатлар ўртасидаги бу каби тўсқинликлар давом этмоқда ҳамда тадбиркорлар ташкилотга аъзо давлатларга маҳсулотларини етказиб беришда қийналмоқда.

АҚШ Конгресси бир жинсли никоҳларни тан олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси пайшанба куни мамлакат ҳудудида бир жинсли никоҳларни тан олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун учун 258 киши овоз берди, 169 киши қарши бўлди.

Қонун АҚШнинг барча штатларига гей никоҳларни тан олиш мажбуриятини юклайди. Шунингдек, бошқа штатларда тузилган гей никоҳларни ирқий ёки миллий сабаблар ортидан тан олишдан бош тортиш тақиқланади.

Қонун аввал Сенат томонидан ҳам қабул қилинган эди. Қонунни 61 сенатор қўллади, 36 сенатор қарши чиқди. Қонун президентга имзолаш учун жўнатилди.

2015 йилда АҚШ Олий суди барча штатларни бир жинсли никоҳларни тан олишга мажбурловчи қарорни қабул қилган эди. Бироқ шундан сўнг Олий суд таркибига учта консерватив судья киритилди. Фаоллар консерватив судьялар босими остида Олий суд қарори бекор қилиниши мумкинлигидан ташвишланиб келаётган эди.

Politico журнали Владимир Путинни “йилнинг омадсиз одами” деб эълон қилди

АҚШда нашр этиладиган нуфузли Politico журнали Россия президенти Владимир Путинни “йилнинг омадсиз одами” деб эълон қилди.

“Путин кўпдан бери Россияга СССР каби буюк давлат мақомини қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг ўрнига унинг босқинчилиги мамлакатни учинчи тоифадаги давлатлар қаторига қўшиб қўйди”, деб ёзди нашр.

Шу билан бир қаторда журнал Путинни Европадаги энг таъсирга эга президентлар рўйхатининг “ҳаёлпарастлар” бобида 28-ўринга қўйди.

“Унинг ўрнида бошқалар бўлганида талафотларни қайд этган ҳолда чекинган бўлар эди, бироқ Путиннинг ўжарлиги туфайли урушнинг чўзилиб кетиш эҳтимоли бор. Европа учун бу яна иқтисодиёт ва сиёсатга таъсир кўрсатадиган жиловлаб бўлмайдиган инфляцияни, энерготашувчиларга нархнинг ўсишини, ўғит ва газ етишмовчилигини англатади”, дейилади мақолада.

Журнал Европанинг энг таъсир ўтказа олувчи сиёсатчиси сифатида Украина президенти Владимир Зеленскийни қайд этган.

“Европа европалик бўлиш нима эканлигини қайта англашга киришди. Бу сезиларли тарзда президентга айланган украин комигининг шарофати билан юз бермоқда», дейилади мақолада.

Аввалроқ АҚШда чиқадиган Time журнали 2022 йилда Владимир Зеленский ва Украина руҳини “йил одами” деб эълон қилганди. Журнал президент Зеленский ва украиналикларга бағишланган репортажни ҳам чоп қилган.

АҚШ Конгресси мудофаа бюджетини 858 миллиард доллар миқдорида тасдиқлади

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 2023 йил учун мудофаа бюджетини 858 миллиард доллар миқдорида тасдиқлади. Бу 2022 йил бюджетидан деярли 80 миллиардга ва президент Жо Байден сўраган маблағдан 45 миллиардга кўпдир.

Ҳужжатда 800 миллион доллар Украинага ҳарбий ёрдам сифатида берилиши қайд этилган. Бу Байден маъмурияти сўраганидан 500 миллион долларга кўпдир. Кейинги ўн йил давомида Тайвань мудофаасини қўллаб-қувватлашга 10 миллиард доллар ажратилади.

6 миллиард доллар эса Европада ҳарбий таҳдидларнинг олдини олишга берилади. Бу ерда гап асосан Россияга қаршилик кўрсатиш ҳақида бормоқда. Ҳужжатда Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш беш йилга тақиқланиши таъкидланган.

Бундан ташқари ядровий қуролга эга янги стратегик B-21 бомбардимончи самолётларини ишлаб чиқаришга, армияга 36 та F-35 қирувчи самолётларини сотиб олишга ҳам пул ажратилди. Ҳарбий денгиз флотига кемалар қуриш учун 32 миллиард доллар берилади.

Мудофаа бюджетига оид ҳужжат 4 408 саҳифадан иборат. Унда АҚШдаги ҳарбий госпиталлар инфраструктурасини яхшилашга 50 миллиард доллардан кўпроқ пул сарфланиши айтилади.

Бюджет лойиҳаси Сенатда ҳам енгиллик билан қабул қилиниши кутилмоқда. Шундан сўнг уни президент Байден имзолайди.

Эронда сентябрда бошланган норозилик намойиши иштирокчиларидан биринчиси қатл этилди

Муҳсин Шакарий қатл этилганига оид хабар

Эрон расмийлари шу йил кузида бошланган аксилҳукумат намойишларида иштирок этганлик учун ўлим жазосига ҳукм этилган 11 нафар норозидан биринчиси бўлмиш Муҳсин Шакарийни қатл этишган. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар қилди.

Эронлик фаол Шакарий, хабарларга кўра, 8 декабрь тонгида осиб ўлдирилган. Аввалроқ Эрон инқилобий суди уни “Худога қарши душманлик”да айбдор деб топган. Суд унинг норозилик чиқишлари пайтидаги хатти-ҳаракатини шундай таърифлаган – 25 сентябрь куни у Теҳрондаги йўлни тўсишда иштирок этиб, “Басиж” отряди аъзосини пичоқ билан яралаган. Фаолнинг ўзи “зарур ҳуқуқий таомилсиз жараён”дан кейин судланганини билдирган.

Ҳуқуқ фаоллари, халқаро ҳамжамият Теҳронга босим кўрсатмаган тақдирда, Эрон расмийлари эндиликда қарийб ҳар куни норозилик намойишлари иштирокчиларини қатл этиши мумкинлигидан хавотир олмоқдалар.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Эронда бошланган норозилик акцияларига “ҳижобини нотўғри ўраган”и учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли фаол Маҳса Аминийнинг ўлими сабаб бўлган эди. Мамлакатда норозилик чиқишлари турли шаклларда ҳалигача давом этмоқда.

Расмийлар намойишчиларнинг айрим талабларини қондиришга уринмоқда, жумладан Эрон бош прокурори Муҳаммад Жаъфар Мунтазирий ҳижобда юриш мажбуриятига оид қонун қайта кўриб чиқилаётганини билдирган.

Айни пайтда норозилик намойишлари куч билан аёвсиз бостириб келиняпти. Ҳуқуқ фаоллари акциялар чоғида шу пайтгача 500 дан зиёд одам ҳалок бўлгани, улардан 400 нафардан кўпроғи намойишчи ва бир неча ўн нафари ҳуқуқ-тартиботчи экани, 18 мингга яқин одам қўлга олинганини маълум қилганлар. Шу кунгача қўлга олинган намойишчиларга нисбатан ўлим жазосига оид 11 та ҳукм чиқарилган.

Маҳкум айирбошлаш: Америкалик Бриттни Грайнер россиялик Виктор Бутга алмашилди

Виктор Бут ва Бриттни Грайнер.

Россия ва АҚШ ўзаро маҳкум айирбошлади – Россияда қамоқ жазосига ҳукм этилган америкалик баскетболчи аёл Бриттни Грайнер Қўшма Штатларда жазо муддатини ўтаётган рус бизнесмени Виктор Бутга алмаштирилди.

Бу ҳақда аввалроқ CNN телеканали тарқатган хабарни ҳам Россия, ҳам АҚШ томони тасдиқлади.

АҚШ Президенти Жо Байден Грайнер билан телефонда сўзлашгани, у самолётда ватанига қайтаётганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасида айтилишича, маҳкумларни айирбошлаш Абу-Даби аэропортида амалга оширилган. "Россия фуқароси ватанига қайтди", дейилган Россия ТИВ телеграм-канали орқали ёйинланган хабарномада.

Аввалроқ Россияда судланган америкалик Тревор Рид АҚШ қамоқхонасида сақланаётган россиялик учувчи Константин Ярошенкога алмаштирилган эди. Бу айирбошлаш ҳам Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин амалга оширилган. Маҳкум алмаштиришга оид музокаралар, Украина уруши ортидан ўзаро алоқалар кескин совиб кетганига қарамай, Москва ва Вашингтон ўртасида ҳамон сақланиб келаётган мулоқотга оз сонли мисоллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Грайнер Екатеринбургдаги Урал тоғ-кон металлургия ширкатининг аёллар баскетбол клубида ўйнарди. У АҚШ миллий терма жамоаси таркибида икки марта Олимпия ўйинларида иштирок этиб, ғолиб бўлган. Спортчи аёл 2022 йил февралида Москванинг Шереметьево аэропортида қўлга олинган. Унинг сумкасидан вейп учун наша мойи топилган. Россияда тақиқланган бу модданинг АҚШдаги айрим штатларида сотилиши қонунга зид эмас.

Шу йил август ойида Москва вилоятининг Химки туман суди Грайнерни наркотик контрабандасида айбдор деб топиб, уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган. 17 ноябрь куни унинг адвокатлари спортчи Мордовиядаги колонияга этап қилинганини маълум қилишган. Вашингтон Грайнерга нисбатан чиқарилган ҳукмни “адолатсиз” деб атаган ва спортчи аёлнинг озод этилиши учун курашажагини билдирган.

Колумбиялик ҳукуматга қарши қуролли гуруҳларга қурол сотишга ҳозирланганликда айбланган Виктор Бут АҚШдаги суд ҳукми билан 2012 йили 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. У ўзига қўйилган айбловни тан олган эмас, Москва ҳам шундай фикрда бўлган.

Россия ва АҚШ бир неча ойдан бери Бриттни Грайнер ва Пол Уиланни АҚШда қамоқ муддатини ўтаётган россияликларга алмаштириш юзасидан музокара олиб боришаётган эди.

АҚШ Сенати қўмитаси Россиянинг Украинага қарши хатти-ҳаракатини геноцид деб топди

Украинанинг Буча шаҳрида топилган жасадлар (архив сурати)

АҚШ Сенатининг халқаро ишлар қўмитаси Россиянинг Украинага қарши хатти-ҳаракатини украин халқига нисбатан геноцид деб тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжат Россияни ҳарбий босқин чоғида "Украина халқига қарши геноцидни амалга оширган"ини қоралаб, АҚШ ва иттифоқчиларини Украина ҳукуматини дастаклашда давом этишга ҳамда "ушбу мудҳиш жиноятларда айбдор бўлганларни жавобгарликка тортишга қаратилган терговлар ўтказиш"га чақирган. Резолюция АҚШ президенти Жо Байденга "Магнитский акти" доирасида геноцидга алоқадор шахсларга қарши санкциялар жорий қилишни таклиф қилган.

Резолюцияга демократлардан Бен Кардин ва Ричард Блюменталь, республикачилардан эса Линдси Грэм ва Жим Риш каби сенаторлар муаллифлик қилишган.

"Ўз ҳаракатлари билан Путин ўз мақсади украин халқини йўқ қилиш эканини очиқ-ошкор намойиш қилди. Мен унинг Ирпень ва Киев вилоятининг бошқа жойларидаги ваҳшийликларини исботловчи далилларни шахсан кўрдим", деган Риш.

Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятлар Халқаро жиноят суди томонидан тергов қилинмоқда.

Россия ўз ҳарбийларининг тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини рад этиб келади. Қотилликлар тўғрисида маълумот тарқатганлар у ерда армияга оид фейклар тўғрисидаги модда асосида таъқиб қилинишига асос бўлиши мумкин.

Аввалроқ Россиянинг Украинага ҳарбий босқини туфайли дунёдаги бир неча мамлакат Россияни терроризм ҳомийми ёки террористик режим деб эълон қилган, бу каби резолюция Европа парламенти томонидан ҳам маъқулланган. АҚШ Конгрессига бу каби ҳужжатлар аввал ҳам бир неча бор киритилган, бироқ улардан биронтаси ҳам ҳалигача қабул қилинган эмас.

Зеленский Украинадаги уруш 2023 йилда тугаши мумкинлигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский уруш 2023 йилда тугаши мумкинлигига умид билдирди.

“Мен украиналиклар янги йилда, аммо тинч замонда, энг таъсирли одамларга айланишига ишонаман”, деди Зеленский Politico нашрига берган интервьюсида.

Мазкур нашр украин президентини Европада йилнинг энг таъсир кўрсатган шахси сифатида эълон қилган эди.

Зеленский интервьюсида Украинага ва украиналикларга “бу оғир паллада кўмак кўрсатаётган барча дўстларга” миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ АҚШда чиқадиган Time журнали 2022 йилда Владимир Зеленский ва Украина руҳини “йил одами” деб эълон қилганди. Журнал президент Зеленский ва украиналикларга бағишланган репортажни ҳам чоп қилган.

Россия президенти Владимир Путин эса 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.

Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.

Перу президентига импичмент билдирилди ва ҳибсга олинди

Перу парламенти 7 декабрда президент Педро Кастильога импичмент эълон қилди. Маҳаллий полиция унинг ҳибсга олинганини билдирди. Президентга нисбатан ҳокимиятдан ўз манфаати учун фойдаланиш ва давлат тўнтаришига уриниш моддалари асосида жиноят иши очилди.

6 декабрда Кастильо парламентни тарқатиш ва мамлакатда фавқулодда ҳолат ҳамда комендантлик соати эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бироқ парламент тарқалиб кетишга қарши чиқди ва президентга импичмент эълон қилди. Парламент президент қарорини давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолади.

Кастильо парламентни тарқатганидан сўнг фавқулодда ҳукуматни ташкил этишни, навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказишни ва “Эркинликлар Буюк хартияси”ни ёзишни, яъни мамлакат Конститутциясини ўзгартиришни режалаштирган эди.

Президент лавозимини эндиликда вақтинча вице-президент Дина Болуарте бажармоқда.

"Новая газета - Европа"нинг ёзишича, Перу парламенти сўнгги 6 йил ичида бешинчи президентни истеъфога чиқармоқда. Педро Кастильо Перуни 2021 йилнинг июнидан бери бошқариб келаётганди.

Путин: Украинадаги ҳарбий амалиёт узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.

Путин бу ҳақда 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда гапирди. Кенгаш аъзоларининг асосий қисми Кремль сиёсатини тўлиқ қўллайдиган шахслардир.

“Азов денгизи ҳам Россия Федерациясининг ички денгизига айланди”,- деган Путин рус императори Пётр I ҳам Азов денгизига чиқиш учун курашганини таъкидлади.

Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.

Путин учрашувда “махсус амалиёт” деган сўздан ташқари “уруш” деган сўзни ҳам ишлатди. Унга кўра, “урушни Украина ҳукумати 2014 йилда бошлаган”.

Россия президенти ядровий уруш таҳдиди ошиб бораётганини таъкидлар экан, Москва ядровий қурол қўлламаслигига кафолат бермади. “Биринчиси қўлламаса, демак, иккинчиси ҳам қўлламайди”, деди Путин “биринчиси” деганда Ғарбни назарда тутган ҳолда. Унга кўра, Россия ҳукумати “ҳали ақлдан озгани йўқ ва ядровий қурол билан устара каби муомала қилмоқчи эмас”.

Айни пайтда Путин Россия миллий манфаатларни дастлаб тинч йўл билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишини, агар бу натижа бермаса “барча имкониятларни ишга солишини” айтди.

Time журнали Владимир Зеленскийни “йил одами” деб эълон қилди

Time журнали муқоваси

АҚШда чиқадиган Time журнали 2022 йилда Владимир Зеленский ва Украина руҳини “йил одами” деб эълон қилди. Журнал президент Зеленский ва украиналикларга бағишланган репортажни ҳам чоп қилган.

“Жасорат ҳам худди қўрқув каби юқумли бўлиши мумкинлигини исботлагани учун; эркинлик ҳимояси учун одамлар ва халқларни бирлаштира олиш қобилияти учун; дунёга демократия ва тинчликнинг мўрт эканини хотирлатгани учун Владимир Зеленский ва Украина руҳи Time журналининг “йил шахси” деб эълон қилинди”, дейилган нашр баёнотида.

“Украина руҳи” дер экан, журнал бу ўринда Россия агрессиясига қарши туриш рамзига айланган Украина ва бошқа мамлакатлар фуқароларини назарда тутган.

Аввалроқ Financial Times нашри ҳам Зеленскийни “йил одами” деб эълон қилган. Зеленскийга бағишланган материалда нашр Украина лидери ўз халқнинг жасорати ва матонати тимсолига айланганини қайд этган.

Олдин актёр ва шоумен бўлган Владимир Зеленский 2019 йили Украина президенти этиб сайланган эди. Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан буён Зеленский мамлакат мудофаасига раҳбарлик қилиб келмоқда. У Россия қўшинлари Киевни қуршовга олишга уринган пайтда ҳам пойтахтни тарк этган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG