Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 05:16

Андижонлик шоликор фермерлар ерларини ҳоким олиб қўйганидан бехабар қолди


Андижон тумани ҳокимлиги

Андижон туманидаги 18 шоликор фермер хўжалигининг ери туман ҳокимининг 2019 йил, 25 декабрдаги қарори билан захирага олиб қўйилди.

Андижон вилоят, Андижон туманидаги шоликор фермерлар уларнинг ери туман захирасига олиб қўйилганини бир ҳафтадан кейин билди.

Фермерларнинг айтишича, бунга туман ҳокимининг “Андижон дон маҳсулотлари” АЖ билан тузган шартномаси борлигига қарамасдан, шоли пишган пайт, октябрда Андижон туманидаги “Агрометр” МЧЖ билан қайтадан мажбурий шартнома туздиргани сабаб бўлган.​

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бу муаммони ўрганаётганини Озодликка айтди.

Озодликка арз қилган фермерларнинг айтишларича, туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов уларнинг “Андижон дон маҳсулотлари” АЖ билан тузган шартномаси борлигига қарамасдан, шоли пишган пайт, октябрь ойида Андижон туманидаги “Агрометр” МЧЖ билан қайтадан мажбурий шартнома туздирган.

Фермерлар “Агрометр” МЧЖга шолини топширишни бошлаганда, маҳсулот қабул қилиб олингани ҳақида уларга “накладной” (юк хати) берилмагани сабабли шолини бозорда сотиб, пулини банкка қўйганини айтмоқда.

“Агрометр” МЧЖ раҳбари Фарҳод Обиджонов фермерларга юк хати берилмаганини инкор қилди.

Фермер Иброҳим Одилбековнинг айтишича, улар бундан бир ҳафта ўтгандан сўнг хабар топишган:

Январь ойида бошқа ҳудуддаги фермерлардан еримиз захирага олиб қўйилганини эшитдик, кейин ўзимиз излаб, кадастрдан бу қарорни топдик.


- Тўққиз йилдан буён шоликорман. Ёшим 70 дан ошди. Ҳозир “Иброҳим Одил Азиз” фермер хўжалигимизни ўғлим бошқаряпти. 6 гектар ерим бор эди. 2019 йилдаги мақбуллаштиришда режаларни доим ортиғи билан бажариб келганим учун 24 гектар қилиб беришди. Январь ойида бошқа ҳудуддаги фермерлардан еримиз захирага олиб қўйилганини эшитдик, кейин ўзимиз излаб, кадастрдан бу қарорни топдик. Ҳамма фермерлар ҳайрон қолди. Бизни огоҳлантирган ҳам, бир оғиз сўраган ҳам йўқ.

Фермернинг айтишича, шолини экиб бўлишганидан сўнг улар билан биринчи шартномани кеч бўлса ҳам “Андижон дон маҳсулотлари” корхонаси тузган:

Шолини Олтинкўлдаги омборга олиб бормоқчи эдик, лекин ҳокими ўзимиздаги “Агрометр” МЧЖга топширасизлар, деди.


- Биз майнинг биринчи ўн кунлигида шолини экиб бўлдик. Август ойида, шоли бош тортаётган пайтда келишиб, “Андижон дон маҳсулотлари” корхонаси билан шартнома қилинглар деди. Шартнома бўйича улар бизга уруғлик, аванс пули бериш керак эди. Уларни бермаган. Шундай бўлса ҳам шартнома қилиб қўйдик. Октябрь ойида шолини йиғиштириб, Олтинкўлдаги омборга олиб бормоқчи эдик, лекин туман ҳокими ҳаммасини ўзимиздаги “Агрометр” МЧЖга топширасизлар, шу ерда тўплаб топширамиз деб буйруқ берди.

Иброҳим Одилбеков “Агрометр МЧЖ”га икки марта шоли топширган, аммо юк хати берилмагани сабабли тўхтатиб қўйган:

- Кейин бу корхона билан шартнома туздик. Биринчи марта 800 кило шоли топширдим, лекин кейин оласизлар деб накладной бермади. Иккинчи марта яна шунча топширдим, яна накладной бермади. Бошқа топширмадик. Барча фермерларнинг шолисини накладнойсиз қабул қилган. Кейин бозорга олиб чиқиб сотдикда, маҳсулот пули қилиб банкка қўйдик. Бизни энди план бажармадинг деб, ерни олиб қўяяпти.

Иброҳим Одилбековга кўра, фермерларнинг аксарияти “Агрометр МЧЖ” билан шартнома ҳам тузмай, маҳсулотни топширган.

Фермернинг айтишича, 2019 йилда уларнинг ерлари кенгайтирилганидан сўнг, “ерни захирага топшираман” деган аризага мажбуран имзо қўйдириб олинган:

Кейин бир қўли билан ҳокимнинг қарорини бера туриб, бошқа қўли билан аризамизни олди.


- Мен ҳам планларни доим бажариб келганим учун иккита фермерни ерини қўшиб беришган эди. Энди, “ерни захирага топшираман” деган ариза ёзасан, лекин число қўймайсан, йилини ёзмайсан, бўлмаса ер йўқ, деди. Биз унамадик, бир ҳафта қарорни бермай чўзиб юрди. Кейин бир қўли билан ҳокимнинг қарорини бера туриб, бошқа қўли билан аризамизни олди. Демак бу ерни олиб қўйиш олдиндан режалаштирилган ва уюштирилган экан.

Шоликор фермер Неъматжон Ҳасанов ҳам улардан шу усулда санаси қўйилмаган ариза ёздириб олинганини айтар экан, Олтинкўлдаги омборга бир марта шоли топширишга улгурганини айтади:

Мен ҳам 17 тонна шоли топширдим, кейин тўхтатиб қўйдим. Роса югур-югур қилиб, зўрға накладной олдим.


- Мен биринчи марта 860 кило шоли топширдим. Кейин ҳоким мажлис қилиб, ўзимизга оборишасан деб буйруқ берди. Бошида накладной ҳам бермади, шартномамиз ҳам йўқ эди. Мен ҳам 17 тонна шоли топширдим, кейин тўхтатиб қўйдим. Роса югур-югур қилиб, зўрға накладной олдим. Беш-олти фермер ҳали ҳам олмаган. Бизнинг биринчи шартнома қилган жойимизга шоли топширишни ҳоким тўхтатиб қўйганидан сўнг, планлар ҳам бажарилмай қолди.

Фермерларнинг айтишларича, туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов уларнинг “Андижон дон маҳсулотлари” корхонаси билан тузган биринчи шартномасини ўзбошимчалик билан бузиб, шолини ўзининг туманидаги “Агрометр” МЧЖнинг омборига тўктирган.

Аксарият фермер “Агрометр” МЧЖ билан шартнома тузилмаган бўлса ҳам, унинг омборига шолини топширишга мажбур бўлган.

Фермерлар топширган маҳсулотининг пулини шу пайтгача ололмаган.

Исми сир қолишини сўраган шоликор фермерлардан бири, “Агрометр МЧЖ”га ишонмагани учун у билан шартнома тузишдан бош тортганини айтди:

Нега ҳоким шартномага тупириб, ўзига қарашли фирмага донни топширишни талаб қилди?


“Бу фирибгар ташкилот эканлигини ҳамма билади. Фирибгар бўлмаса нега бизни аҳмоқ қилади. Бизнинг “Андижон дон маҳсулотлари” корхонаси билан шартномамиз бор эди. Фермерлар Олтинкўлдаги омборга шоли топширишни бошлаган эди. Нега ҳоким шартномага тупириб, ўзига қарашли фирмага донни топширишни талаб қилди? Шу ерда тўплаб топширамиз эмиш. Бу иккита ишку. Бундан ҳокимнинг манфаати бор шекиллики, шундай иш қилди”.

“Агрометр МЧЖ” раҳбари Фарҳод Абиджанов фермерларга топширилган ҳосил учун юк хати берилмаганини инкор қилди:

- Булар накладной олган, шолини шартнома билан топширган. Фермер накладнойни ўзи олмаса, мен унинг қўлига уриб бермайманку. Булар нотўғри айтибди, ҳаммаси накладной ҳам олган, шартномаси ҳам бор.

Фарҳод Абиджанов нима учун фермерлар билан шоли пишган пайтда, октябрда шартнома имзолангани сабабини изоҳлаб бера олмади:

- Буни гаплашиб, кейин сизга айтаман, деди Фарҳод Абиджанов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, Андижон вилоят Фермерлар кенгашининг собиқ раҳбари Бегали Қодиров Озодлик билан суҳбатда бу муаммо бўйича фермерлар унга ҳам мурожаат қилганини айтди:

Улар фермерлар кенгашга ариза берсин, бу билан мен ўзим шуғулланаман


- Мен бу фермерларнинг ҳаммасини ҳоким Улуғбек Исомиддиновнинг олдига олиб бордим. Ҳоким агар булар ҳисобот топширган бўлса, ўзларида техникаси бўлса, ўзларини ичидан кластер қиламан, деди. Лекин бу ишни қилмади. Ҳозир битта фермерга тўрт гектарини берибди, деб эшитдим. Улар фермерлар кенгашга ариза берсин, бу билан мен ўзим шуғулланаман.

Андижон тумани ҳокими ва ўринбосарларининг телефонлари жавоб бермагани боис, бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик 30 январь куни олган маълумотга кўра, “Иброҳим Одил Азизбек” фермер хўжалигига 6 гектар ер қайтариб берилган. Лекин фермер Иброҳим Одилбеков бундан норози.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг ноқонуний ишлари ҳақида фермерлар аввал ҳам Озодликка шикоят қилган эди.

2019 йилнинг 20 августида ҳокимнинг топшириғи билан фермерларга мажбуран сотилган дала ҳовлиларни қуриш ҳам уларнинг ўзига юклангани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

29 июнда Андижон туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерларнинг иддао қилишича, улар режани бажарган бўлса-да, туман ҳокими “унинг ўзи учун 2-3 тоннадан” буғдой беришни талаб қилган эди

2018 йилнинг май ойида Андижон вилояти Андижон тумани ҳокимининг оғзаки буйруғи билан фермерлар ўзлари олмаган солярка (дизел ёнилғиси) нинг “юк хати”га имзо қўйиб беришга мажбурлангани ҳақида Озодлик ёзган эди.

2018 йилнинг январь ойида Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов фермерлар билан 25 январда ўтказилган йиғилишда чигит экишда қўлланиладиган “плёнкага” пул ўтказмагани учун фермерларни ҳақорат қилган эди.

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар ҳам Улуғбек Исомиддиновнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ҳам ёзган, лекин ҳокимга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

"Андижоннома" газетасида 2019 йил 2 март куни журналист Қобилжон Асқаровнинг "Ўзи хон, кўланкаси майдонми?" сарлавҳали танқидий мақоласи чоп этилган эди.

Унда Улуғбек Исомиддинов раҳбарлик қилаётган туманда кадрлар қўнимсизлиги жуда кўп соҳаларга салбий таъсир кўрсатаётгани, фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик қилинаётгани ва таълим тизимидаги қолоқлик ҳолатлари ҳақида гап бўлган.

Андижон тумани ҳокимлиги бу мақола учун газетани судга берган, лекин мақола муаллифи Қобилжон Асқаров судда ютиб чиққан эди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG