Линклар

Шошилинч хабар
05 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

АҚШда янги молиявий инқироз шарпаси. 2008 йил такрорланадими?


Ўтган ҳафта АҚШда бошланган банк инқирози кўпчиликка 15 йил бурунги воқеаларни эслатди. Ҳаммаси анъанавий валюталардан ташқари криптоактивлар билан ҳам ишловчи Silvergate банкидан бошланди. 2022 йил охирида Silvergate мижозлари орасида 94 та криптобиржа ва қарийб 900 та институционал инвестор бор эди. 8 март, чоршанба куни банкнинг она ширкати – Silvergate Capital – банк амалдаги қонунчиликка мувофиқ режали равишда тугатилишини маълум қилди.

“Ёнғин” кўп ҳаялламай турдош тармоқларга тарқалди. Атиги икки кундан сўнг АҚШнинг юқори технологик стартапларга хизмат кўрсатувчи асосий банкларидан бири – Калифорниядаги Silicon Valley Bank (SVB, “Кремний водийси банки”) ҳам “омонатчилар қочиб кетиши” оқибатида хонавайрон бўлди.

SVB – активлари ҳажмига кўра АҚШнинг 16-банки саналади, унинг “синиши” эса 2008 йилдан бери мамлакат банк секторидаги энг катта фалокат бўлди. Балансида жуда катта миқдорда паст фоизли корпоратив облигациялар борлиги банкнинг бошига етди: бунақа облигацияларни катта зарар кўрмасдан тез сотиш имкони йўқ ҳисоб, шу боис ҳам, депозитини қайтаришни талаб қилувчи мижозлар сони критик нуқтадан ошганида банк раҳбарияти чорасиз қолди. Боз устига, муаммолар қалашиб кетиши ҳафтанинг энг сўнгги соатларига – бозорлар ёпилган пайтга тўғри келди.

12 март, якшанба куни Нью-Йоркдаги регулятор идора маҳаллий Signature банки ёпилиши ҳақида қарор қабул қилди – унинг активлари таркиби Silicon Valley’никига ўхшаш эди. Ниҳоят, алғов-далғов билан ўтган дам олиш кунлари охирларида Федерал ғазначилик, Федерал захиралар тизими ҳамда Омонатларни суғурталаш федерал корпорацияси қўшма баёнот билан чиқди. Унга кўра, касод бўлган банкларнинг барча омонатчилари 13 март, душанбадан эътиборан ўз ҳисобварақларидан фойдаланиши мумкин эди. Ғазначилик бунинг учун 25 миллиард доллар маблағ ажратди.

Ўз навбатида Федерал захиралар Silicon Valley ва бошқа банкларнинг хонавайрон бўлишидан азият чекиши мумкин бўлган бошқа банкларни шошилинч молиялаш дастурини ишга туширди. Регулятор ушбу дастур доирасида гаровга “мақбул активлар” қўя оладиган кредиторларга бир йилгача муддатга кредитлар таклиф қилади.

Мазкур чора-тадбирлар бошқа банклардан омонатчилар қочиб кетишини тўхтатиш ва қимматли қоғозлар арзонгаровга сотиб юборилишининг олдини олиш учун ҳозирча кифоядек туюлмоқда. Акс ҳолда янги ҳафта бошида биржалар бирин-кетин қулаб, акция ва облигациялар сариқ чақага айланган бўлур эди. Воқеалар бунақа тус олган тақдирда талафот кўлами миллиардлар билан эмас, балки триллионлар билан ўлчанган бўларди.

Бу воқеалар барча учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлди, дейиш қийин. Айни сценарийни иқтисодчи Сергей Алексашенко 2021 йилнинг иккинчи ярмидаёқ деярли батафсил тасвирлаб берган эди. Ўша кезлар АҚШда инфляция юқорига ўрмалай бошлаган, Федерал захиралар тизими раҳбарияти эса бозорни ставкалар кўтарилишига тайёрлашга киришганди. Ўшандаёқ аён бўлган эдики, “нол ставкали” деярли текин кредитлар бериш сиёсати оқибатсиз қолмаяжак. Қолаверса, у пайтга келиб жуда паст фоизлар билан янги кредитлар жалб қилиш ҳисобига кун кўрадиган “зомби ширкатлар”нинг бутун бир синфи шаклланиб улгурган эди. Бунақа ширкатлардан аксари юқори технологиялар соҳасида фаолият юритган ва улар, алалоқибат, “Кремний водийси банки”нинг касодга учрашига сабаб бўлди.

Аммо Америка пул сиёсатини юритадиганлар 2008 йилдан яхшигина сабоқ чиқаришган кўринади: улар бир вақтлар инқирознинг назоратсиз ривожланишига олиб келган хатоларга энди қўл уришмаяпти, сўнгги 15 йил давомида шишиб, катталашган молиявий “пуфак”ларни локаллаштириб, қаттиқ “пақиллатмасдан”, аста-секин “дамини чиқаришга” ҳаракат қилишмоқда. Айни чоғда АҚШ ҳукумати ёппасига ҳаммани қутқармоқчи эмаслигини ҳам билиб қўйиш керак.

Молиявий барқарорликка тупуриб, фойда кетидан қувган “зомби ширкатлар” ва молиявий институтларнинг ҳиссадорлари ўз маблағларидан айриладилар. Молия тизимини рақобатга лаёқатсиз ёки шунчаки зиёнкор корхоналар ва банклардан тозалаш жараёни тадрижий ва режали равишда олиб борилади. Бироқ бунақа тактика билан юқори инфляция анчагина узоқ сақланиб туриши мумкин.

Шунингдек, нисбатан баланд фоиз ставкалари шароитида фонд ва товар бозорлари АҚШ Федерал захиралар тизими ва бошқа пешқадам мамлакатлар марказий банкларининг фоизсиз саховатпешалик давридаги каби эртакнамо даромадлар келтирмайди. Лекин, жиловдаги инфляциянинг салбий оқибатлари билан бирга афзалликлари ҳам бор: у рискларни камайтириб, уй хўжаликларидан тортиб давлатгача – иқтисодиётнинг барча субъектлари ҳисобига кредит олиш даражасини фавқулодда оширади. Содда қилиб айтганда, умумий нархлар ўсиши туфайли қарзлар ҳам қадрсизланади.

Аммо бу глобал молиявий инқироз дунёга энди мутлақо хавф солмайди, дегани эмас. Пул сиёсати тепасида турганлар яқин бир неча йил бамисоли миналар кўмилган далада юргандек эҳтиёт бўлишлари ва ставкаларни ошириш билан қўшимча пул зарб қилиш зарурати орасидаги нозик чегарани топишлари лозим – инқирозни чуқурлаштириб юбормаслик, қолаверса, тийиқсиз инфляцияга йўл қўймаслик учун. Лекин бугунги кунда ўша нозик чегарани топиш 15 йил бурунгидан осонроқ, ҳарқалай.

Форум

XS
SM
MD
LG