Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:06

АҚШ Афғонистонга ёрдам тариқасида Толибон билан баъзи молиявий операцияларга рухсат берди


Август ойида Толибон жангарилари ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин урушдан вайрон бўлган мамлакат гуманитар инқироз ёқасига келиб қолди. Шу сабабли АҚШ Афғонистондаги муҳтожларга ёрдам бериш учун қўшимча чораларни эълон қилди.

АҚШ Молия вазирлиги 22 декабрь куни АҚШ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар расмийларига агарда бу расмий бизнес бўлса, Толибон ёки Ҳаққоний тармоғи билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш имконини берувчи учта “умумий лицензия”ни жорий қилди.

Бу лицензиялар айрим турдаги лойиҳалар, жумладан, “асосий инсоний эҳтиёжлар”, қонун устуворлиги ва таълим учун гуманитар дастурлар билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилотларни Афғонистондаги икки жангари гуруҳга қаратилган АҚШ санкцияларидан ҳам ҳимоя қилади.

Толибон Афғонистон устидан назорат ўрнатгач, халқаро ҳамжамият уларни янги ҳукумат сифатида тан олмади ва жангариларни инклюзив ҳукумат тузишга ва барча афғонларнинг ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.

Асосий глобал донорлар мамлакатга ёрдам оқимини тўхтатган, Афғонистон марказий банкининг хориждаги активлари ҳам музлатилган.

Кўп йиллар давомида Толибонни террорчи гуруҳ деб ҳисоблайдиган Вашингтон уларнинг АҚШдаги активларини музлатиб қўйган ва америкаликларга Толибон ҳаракати билан муомала қилишни тақиқлаган эди. Халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлаган Ғани ҳукумати ағдарилишидан олдин Толибоннинг Афғонистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаган ташқи маблағлардан фойдаланишига ҳам тўсиқ қўйилган.

Молия вазирлигининг таъкидлашича, сўнгги қарор БМТ Хавфсизлик Кенгаши бир кун аввал якдил қабул қилган резолюцияни амалга оширишга ёрдам беради. Бу резолютсия маблағлар ва бошқа молиявий активларни, иқтисодий ресурсларни ўзлаштиришга, шунингдек, зарурий товарлар ва хизматларни тақдим этишга имкон беради.

Қарорда айтилишича, инсонпарварлик ёрдами “Афғонистондаги асосий инсоний эҳтиёжларни қўллаб-қувватлайди” ва Толибонга алоқадор ташкилотларга нисбатан жорий қилинган санкцияларни “бузмайди”.

Буюк Британиянинг БМТдаги вакили “мазкур резолюция 1988 йилги санкция режими гуманитар ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилмаслигини ва бу кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради” дея твит қолдирган.

Толибон матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳиднинг АFPга айтишича, кенгаш резолюцияси “Афғонистоннинг иқтисодий аҳволига ёрдам берадиган ижобий қадам”.

У шунингдек, халқаро ҳамжамиятни гуруҳга алоқадор шахсларга нисбатан қўлланилган бошқа молиявий санкцияларни ҳам олиб ташлаш бўйича саъй-ҳаракатларни “тезлаштиришга” чақирди.

Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ўтган ҳафтада ўтказган сўров шуни кўрсатдики, афғонларнинг тахминан 98 фоизи тўйиб овқатланмаяпти, ҳар 10 оиладан 7 таси қарзга озиқ-овқат олишга мажбур бўлмоқда. Бу эса улар тобора қашшоқлик домига юз тутаётганини англатади.

Озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа асосий маҳсулотлар нархи кўтарилиши афғон валютасига босимни янада оширмоқда.

Шу ой бошида Жаҳон банки Афғонистонга гуманитар инқирозга қарши курашиш учун музлатилган фонддан 280 миллион доллар ўтказиш маъқулланганини маълум қилди.

1996-2001 йилларда Афғонистонда Толибон ҳукмронлиги даврида жангарилар аёллар ва қизларга таълим олиш ва жамоат ишларида иштирок этишни ман қилган, эркакларни соқол қўйиш ва намозга боришга мажбурлаган, спорт ва ўйин-кулгиларни тақиқлаб, оммавий қатлларни амалга оширган.

XS
SM
MD
LG