Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2018, Тошкент вақти: 20:03

Никки Ҳейли БМТдан кетяпти: энди нима бўлади?


Никки Ҳейли

Президент Доналд Трамп қўққисдан АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Никки Ҳейли лавозимидан кетаётганини айтиб, расмий Вашингтонни ҳам, Қўшма Штатлар сиёсат оламини ҳам тонг қолдирди.

Президент бу ҳақда шундай деди:

‒ АҚШнинг БМТдаги вакили Никки Ҳейли мен ҳурмат қиладиган инсон. У унча-мунча одамнинг қўлидан келмайдиган ишни бажарди. У – ажойиб инсон, энг муҳими, буни ўзи билади. У ҳозирги маъмурият ҳокимиятга келгандан бери биз билан бирга бўлди, президент сайлови кампанияси вақтида қаторимизда ишлади. Ҳамкорлигимиз узоқ ва жадал бўлди. У олти ойча олдин менга, “Балки жорий йил сўнгида, икки йиллик давр сўнгида, 2018 йил озхирига бориб, бир оз дам олмоқчиман”, деб айтган эди.

Жанубий Каролина штатининг собиқ губернатори Ҳейли Трамп маъмуриятида муҳим лавозимни эгаллаб турган эди. У ташқи ишлар борасида маълумоти йўқлигига қарамай, бообрў дипломат сифатида ном қозонди.

Унинг дипломатик фаолияти Трампнинг ташқи сиёсатга ўткир ва зиддиятли ёндашуви БМТ Хавфсизлик Кенгашига кириб боришига сабаб бўлди.

Трамп режалаштирилган истеъфони эълон қилгандан сўнг Ҳейлининг 9 октябрь куни берган изоҳларида ҳам ана шу қўрс ёндашув зуҳур бўлди.

‒ Сўнгги икки йил ичида Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсатида нималар рўй берганига бир қаранг. Энди уни ҳамма ҳурмат қилади, ‒ деди у. ‒ Биз қилаётган ишлар бошқа мамлакатларга ёқмаслиги мумкин, лекин улар қилаётган ишларимизни ҳурмат қилади. Улар биз бир ишни бошласак, уни ниҳоясига етказишимизни билади. Президент буни исботлаб берди.

Тирсаклар дипломатиясими?

Ҳейли икки йил олдин ушбу лавозимни эгаллагач, дипломатларга хос бўлмаган баёнотлар берган эди.

‒ Бизни қўлламаётганганларнинг номини бир-бир айтяпмиз. Бунга тегишли тартибда жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз,‒ деди у.

Бу Ҳейли БМТда қўллашга ҳаракат қилган ёндашувнинг аниқ кўриниши эди. У Хавфсизлик Кенгаши йиғилишларида ва ҳамма жойда Эрон билан Сурияни танқид қилиб келди ва кенгашнинг бошқа аъзолари билан кўп тортишди.

Яна у Хавфсизлик Кенгашини ҳам “Исроилга ёпишиб олганлик”да айблади.

АҚШ маъмуриятининг ташқи сиёсат бўйича етакчи вакилларидан бири бўлган Ҳейли Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришнинг олдинги марраларида бўлди.

У БМТ бюджети 1,3 миллиард долларга қисқартирилгани, Жанубий Суданга қурол-яроғ етказиб беришда тақиққа эришилгани ва ҳоказоларни ўзининг ютуғи деб ҳисоблашини айтди.

Айни саҳифа, бошқа саҳифа

Трампнинг Ҳейлини БМТдаги лавозимга тайинлашга қарор қилгани кўпчиликни ҳайратлантирган эди, чунки у 2016 йилги президент сайлови кампанияси вақтида республикачилардан бош номзодни қўллаётгани учун Трампни кўп танқид қилган.

Гарчи у БМТдаги фаолияти давомида ўзини Оқ Уйдан нарироқ тутган бўлса ҳам, Трамп сиёсатини юргизди. Ҳейли Россияни тинмай танқид қилар, бу Трампнинг Москвага нисбатан муроса қилиш сиёсати билан унчалик қовушмаётган эди.

Ҳейли май ойида Россиянинг Қримни босиб олишини “бир аъзо давлатнинг бошқа бир аъзо давлат суверенитетини бевосита поймол қилишининг дарсликдаги намунаси” деб атади. Яна у сентябрь ойида Россияни ушбу мамлакат махсус хизматларининг Британияда асабни фалажловчи кимёвий моддани қўллаганликда ҳамда БМТнинг Шимолий Кореяга санкцияларини бузаётганликда айблаб чиқди.

У ички сиёсат масалаларида ҳам Трампникидан ўзгача йўл тутиб келди ва бу ҳол кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлди.

Ҳейлининг ўрнига ким келади?

Ҳейли жорий йил охирига қадар лвозимида қолишини айтди. Унинг лавозимидан кетишини эълон қилиш учун танланган вақт ҳар хил миш-мишларга сабаб бўлди. Баъзилар унинг 2020 йилги президент сайловида Трампга рақиб бўлишини айтмоқда. Лекин ўзи президентликка номзодини кўрсатмаслигини ва амалдаги президентни қўллаяжагини билдирди.

Ҳейлининг баёноти Трамп унинг ўрнига кимни тайинлаши ҳақидаги миш-мишларни авж олдирди.

Жаред Кушнер билан Иванка Трамп

Ҳейли Оқ Уйда берган баёнотида Трампнинг қизи Иванка билан унинг эри Жаред Кушнерни мақтади. Бу улардан бири БМТдаги лавозимга тайинланиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга сабаб бўлди.

Бошқа номзодлар сифатида Давлат департаменти матбуот котиби Ҳизер Ноэрт, Трамп маъмуриятининг хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Дина Пауэлл, АҚШнинг Германиядаги элчиси Ричард Гренелл тилга олинмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG