Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 06:33

АҚШ Россияга 60 кун муҳлат берди


АҚШ Давлат котиби Майк Помпео (чапда) НАТО бош котиби Йенс Столтенберг

Россия икки ой ичида ядровий қуролларни қисқартириш бўйича 1987 йилда эришилган шартномага амал қилишга қайтмаса, АҚШ шартномада белгиланган мажбуриятларини бажаришни тўхтатади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 4 декабрь куни Брюсселда ўтган НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг баёнот берди.

1987 йилда имзоланган Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимга асосан АҚШ ва Россия 500 километрдан 5000 километргача бўлган масофага отиладиган баллистик ракеталарни ишлаб чиқармаслик ва синовдан ўтказмаслик мажбуриятларини олган.

АҚШ президенти Дональд Трамп октябрь ойида Москва бу мажбуриятни бажармаётганлигини, аксинча, янги қанотли ракета тизимини ишлаб чиқараётганини айтган эди.

SSC-8 ёки «Новатор 9М729» деган ном остида қанотли ракета ишлаб чиқараётган Россия шартнома мажбуриятларига қатъий амал қилиб келаётганини билдириш билан чекланди.

Помпео Россияни қурол назорати бўйича мажбуриятларини бажармаётганини айтиб, Москвага келишув шартларига амал қилишни бошлаш учун 60 кун берилишини, бунинг ортидан АҚШ ҳам унга риоя қилишни тўхтатишини айтди.

- 60 кун давомида ҳеч қандай тизим ишлаб чиқмаймиз ёки синовдан ўтказмаймиз. Бу 60 кун давомида нима содир бўлишини кузатамиз. Россияликлар билан хўп суҳбатлашдик. Йўналишларини ўзгартиришларига умид қиляпмиз, аммо улар ҳануз бундай қилиш ниятида эканликларини билдирганлари йўқ.​ - деди Помпео.

Унинг айтишича, Россия юқорида тилга олинган тизимларни кўплаб ишлаб чиқарган ва улар Европага тўғридан-тўғри таҳдид солади.

НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари куни кеча эълон қилган қўшма баёнотда Россия Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимга зид бўлган ва «Евро-Атлантика хавфсизлигига катта таҳдид солувчи 9М729 тизимларини ишлаб чиққани» айтилади.

Альянсга аъзо 29 давлат вазирлари Москвани келишув шартларини бажаришга чорлаб, уни сақлаб қолиш «Россия қўлида эканлигини» таъкидлашди.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан 1987 йилда эришилган шартнома ўз кучини йўқотса, Москва жавобгарликни ўз бўйнига олиши керак бўлишини айтди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Москвага шартномага амал қилишни бошлаш учун охирги имконият берилган бўлишига қарамасдан, «шартномасиз дунёга тайёрлашни бошлаш кераклигини» таъкидлади.

- Бу келишув қуролларни назорат қилишни кўзловчи энг яхши шартномалардан бири эди. Шундай экан, унинг барбод бўлиши катта йўқотиш бўлади.

Россия Думасининг қуйи палатаси мудофаа қўмитаси етакчиси Владимир Шаманов Москва Ғарбнинг «ёлғон айбловларига» жавоб қайтармаслигини таъкидлади.

- Россия ультиматум бериладиган давлатлардан эмас. Россиянинг ҳам АҚШ учун саволлари бор, ҳали жавоб ололмаган саволлари бор.

Москва АҚШнинг Европадаги ракеталардан ҳимоя қилиш тизимининг айрим элементлари ҳам ядровий шартномага зид эканлигини иддао қилиб келади.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG