Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2021, Тошкент вақти: 14:29

Хитой-АҚШ савдо уруши қизигандан қизимоқда: ўзи нима гап?


Президент Трамп Хитой товарларига импорт божи киритиш орқали Пекинни "адолатсиз савдо"ни тўхтатишга мажбурламоқчи.

Оқ Уй Қўшма Штатлар Хитойдан импорт қилинадиган товарлар учун божхона тўловлари ҳажмини оширмоқда - Хитойнинг 200 миллиард долларлик товарлари учун 10 фоизлик тариф жорий қилинади.

Янгитдан қўлланаётган тарифлар сабабли бу икки давлат ўртасидаги савдога оид мунозара - савдо уруши - янада авж олиши кутилмоқда.

АҚШ кўраётган чоралар 500 миллиард доллардан ортиқ Хитой товарларига дахл қилиши мумкин, лекин шу билан бирга маҳслуотларини Хитой бозорида сотаётган америкалик фермерлар ва компаниялар ҳам зиён кўрмай қолмайди.

Трамп нима иш қилди?

Трамп маъмурияти 17 сентябрда 24 сентябрдан бошлаб Хитойнинг 200 миллиард долларлик товарларини солиққа тортмоқчи эканини маълум қилди. Дастлаб 10 фоизлик тарифлар жорий этилиб, улар миқдори 2019 йилда 25 фоизга етади.

Бож жорий этиладиган товарлар рўйхати жуда узун бўлиб, унда қамиш шолчадан тортиб, қўриқлаш сигналию велосипедгача бор. Рўйхатга киритилмаган товарлар ҳам эътиборга лойиқ. Дастлабки бож жорий қилинаётган 200 миллиард долларлик товарлар рўйхатидан велосипед дубулғалари билан болалар хавфсизлиги маҳсулотлари ўчириб ташланди. Улар қаторида оммабоп электрон гаджетлар ҳам бор, чунки Apple ва Fitbit сингари АҚШ компаниялари фитнес-билакузукларини ишлаб чиқариш занжири кўп жиҳатдан Хитой билан боғлиқ.

АҚШ Хитойга нисбатан олдин ҳам бож тарифлари қўллаган эди. Трамп июнда 50 миллиард долларлик Хитой товарларига 25 фоизлик тарифлар жорий этажагини билдирган эди. Ўша тарифлар Хитойдан импорт қилинаётган 800 номдаги товарлар, жумладан, автомобилларга нисбатан жорий қилинди. Хитой ҳам қараб турмади, ўша ойнинг ўзидаёқ 659 номдаги 50 миллиард долларлик АҚШ товарларига 25 фоизлик бож белгилади.

Янги тарифларга кўра, Хитой АҚШга экспорт қилаётган 506 миллиард долларлик товарларнинг деярли ярмига нисбатан жазо чоралари қўлланди, қолган ярми ҳам хавф остида қолмоқда.

Нега тарифлар жорий қилинмоқда?

Вашингтон узоқ вақтдан бери Хитойнинг нохолис савдо амалиётидан шикоят қилиб келаётган эди. Пекиннинг “Хитойда ишлаб чиқарилган – 2025” ривожланиш режаси АҚШ расмийларининг жиғига тегиб келмоқда. Ушбу ҳужжатда Хитой ахборот технологияси, робототехника, космик жиҳозлар, электр уловлар ва биофармацевтика каби соҳаларда ўз компанияларини яратиши кўзда тутилган. АҚШ ва бошқа чет эл компаниялари Пекиннинг уларни Хитой бозорида тийиб туриш ва ёки сиқиб чиқаришга уринаётганидан шикоят қилиб келади.

АҚШ Савдо вакили идорасидан билдиришларича, Хитойнинг бу борадаги тактикаси ўз ички бозорига АҚШ ва бошқа чет эл компанияларини киритиш учун улардан технологияни “баҳам кўриш”ни талаб қилишдан тортиб очиқдан-очиқ кибертаҳдидларни ҳам ўз ичига олади.

Хитой қандай жавоб берди?

Янги тарифлар эълон қилингач, орадан кўп ўтмай, Хитой жавоб чораларини кўришини маълум қилди. Хитой Савдо вазирлиги вакилининг айтишича, вазирлик “қонуний ҳуқуқ ва манфатларни ҳамда халқаро эркин савдо тартибини ҳимоя қилмоқчи экани”ни айтди.

Ўтган ойда Хитой АҚШнинг 60 миллиард долларлик товарлари, жумладан, суюлтирилган табиий газдан тортиб, айрим учоқ турларигача бож жорий қилажагини эълон қилди. Агар Вашингтон янги тарифларни жорий қиладиган бўлса, Пекин мавжуд тарифлар оширилишини билдирди.

Аммо экспертларнинг айтишича, Пекиннинг тарифлардан Қўшма Штатларга қарши қурол сифатида фойдаланиш имконияти чекланган. Сабаби – оддий. Хитой Қўшма Штатларга импорт қилаётганидан кўра кўпроқ товар экспорт қилади.

Мэриленд штати университети профессори Питер Моричи эса, шу пайтгача Хитой Трамп қўллаётган тарифлардан кўп зиён кўрмаганини айтади.

− Режим сифатида Хитойнинг Трамп тарифларига жавоб қайтариш пишанглари мавжуд. Пекин миллий пул бирлигини осонгина бозорга мослаши ва харажатларни ишлаб чиқарувчилар зиммасига юклаб қўя қолииш мумкин,− деди Моричи 18 сентбярда RFE/RL’га телефон орқали берган интервьюсида.

Тарифлар урушидан ким зарар кўрмоқда?

Савдо урушидан Американинг соя етиштирувчи фермерлари ва ишлаб чиқарувчилари энг кўп зарар кўрди. Қўшма Штатларнинг пировард маҳсулотда ишлатиладиган қисмларни ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳам муаммоларга дуч келмоқда.

Bank of America Merrill Lynch иқтисодчилари Хитой билан Қўшма Штатлар ўртасидаги савдо уруши қанчалик кўп давом этса, АҚШ иқтисодиёти шунчалик кўп зарар кўриши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Уларга кўра, савдо уруши таъминот занжирларига путур етказиш ва бизнес соҳасидаги ишончни ўлдириш билан “иқтисодиётни кенг қамровли инқирозга олиб келиши мумкин”.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо уруши таъсири Хитой билан Қўшма Штатлардан ҳам бошқа жойларга ҳам ёйилмоқда. Европа савдо палатаси вакилининг 18 сентябрь куни билдиришича, АҚШ билан Хитойнинг ўзаро савдо уруши Европа компанияларига ва бутун дунёдаги таъминот занжирларига путур етказмоқда.

Энди нима бўлади?

Хитой Вашингтонга янги музокара ўтказиш учун делегация юборишни режалаштираётган эди, аммо Трампнинг 267 миллиард долларлик Хитой товарларига қўшимча бож киритиш таҳдиди музокарани чиппакка чиқариши мумкин.

Аммо Хитой ортга чекинишига деярли ҳеч ким ишонмайди.

Американинг Хитойдаги савдо палатасига кўра, Пекин “режасини ўзгартириши даргумон” ва савдо жангига музокара йўли билан барҳам беришга интилмоқда.

Хитойнинг хавфсизлик масалалари бўйича расмийси АҚШнинг Хитойга қарши савдо санкциялари иш бермаслигини, чунки Хитой муаммони ҳал этиш учун ишончли молиявий ва пул-кредит сиёсати юритаётганини айтди.

Моричи “иложсиз вазият” юзага келишини башорат қилмоқда. Унинг фикрича, Трампнинг тарифлари Пекиннинг иқтисодий ва савдо сиёсатини ўзгартира олмайди.

XS
SM
MD
LG