Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:56

АҚШ Гуантанамо қамоқхонасини ёпди


Гуантанамодаги АҚШ ҳарбий денгиз флоти базаси-Куба, 2016
Гуантанамодаги АҚШ ҳарбий денгиз флоти базаси-Куба, 2016

АҚШнинг Гуантанамо кўрфазидаги қамоқхонаси ёпилиб, у ердаги маҳбуслар Кубадаги Америка базасида жойлашган бошқа муассасага олиб кетилган. Бу ҳақда якшанба куни AFP агентлиги АҚШ армиясининг Жанубий қўмондонлигига таянган ҳолда хабар қилди.

Гуантанамо комплекси таркибидаги 7-лагерь маҳбуслари «операцион самарадорликни ошириш» доирасида базадаги бошқа маҳбуслар сақланадиган бинога ёнига кўчирилган.

Кубанинг жануби-шарқий чеккасидаги ҳибсхонани Маямида жойлашган Жанубий қўмондонлик назорат қилади.

Қўмондонлик нечта маҳбус кўчирилгани ҳақида маълумот бермади. Расмийлар бунда олдин 7-лагерда 14 га яқин эркак сақланаётганини маълум қилган эди. Гуантанамодаги бошқа маҳбусларнинг умумий сони эса 40 ни ташкил қилади.

Жанубий қўмондонликнинг маълум қилишича, 7-лагердаги маҳбуслар ҳеч бир муаммо ёки хавфсизлик инцидентисиз 5-лагерга кўчирилган. Маҳбуслар қачон кўчирилгани ҳақида маълумот берилмади. Деярли бўшаб қолган 5-лагерь бошқа маҳбуслар ушлаб туриладиган 6-лагернинг ёнида жойлашган.

7-лагерь 2006 йил декабрь ойида Марказий разведка бошқармасининг махфий ҳибсхоналарида сақлаган маҳбуслар учун очилган эди. «Қора жойлар» деб номланган ушбу ҳибсхоналарда маҳбуслар шафқатсиз сўроқ қилинган.

Армия 7-лагерни Марказий разведка бошқармаси билан эришилган келишув асосида бошқарган. Жанубий қўмондонлик маҳбусларни ўчириб ўтишда разведка идоралари қатнашганини маълум қилди.

АҚШ армияси базада 7-лагерь жойлашганини узоқ вақт давомида тан олмаган эди. Бугунга қадар журналистларга бинонинг ички қисмини кўришга бирор марта изн берилмаган.

Расмийлар бошида вақтинча муддатга қурилган иншоотда қурилиш муаммолари борлигини ва уни таъмирлаш кераклигини айтган, аммо Пентагон қурилиш учун маблағ сўраш режасидан воз кечган.

Хабарларга кўра, 7-лагерда сақланаётган маҳбуслар орасида 2001 йилнинг 11 сентябрь куни амалга оширилган террор ҳужумларини режалаштиришда иштирок этгани ва террорчиларга моддий-техник ёрдам кўрсатгани учун уруш жиноятларида айбланган беш нафар маҳбус бор.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Гуантанамо қамоқхонасини ёпмоқчи эканини айтиб келади. Аммо бунинг учун баъзи маҳбусларни суд қилиш ёки қамоққа олиш учун уларни АҚШга кўчиришга Конгресс розилигини олиш керак.

XS
SM
MD
LG