Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2022, Тошкент вақти: 04:21

АҚШда мияси ўлган шахс танасига чўчқа буйраги трансплантация қилинди


Ўтган ҳафтада АҚШнинг Алабама штатида жарроҳлар чўчқа буйрагини мияси ўлган одамга трансплантация қилди. Бу ҳақда The Associated Press агентлиги хабар бермоқда. Олимлар келажакда бу амалиётни тирик беморларда синаб кўришга умид қилишмоқда.

Тадқиқотга етакчилик қилган Бирмингэмдаги Алабама университети ходими доктор Жейми Лок:

“Орган тақчиллиги бартараф қилиш мушкул бўлган инқироз ва бизда унга ҳечам ечим бўлмаган”, деди.

Сўнгги ойларда ҳайвон органларини одам танасига ўтказиш ҳақида бир неча шов-шувли хабар тарқалди.

Ўтган йилнинг кузида Нью-Йорк университети жарроҳлари ўлган беморнинг танаси ташқарисидаги қон томирларига чўчқа буйрагини икки марта улаб кўришди. Жорий ой бошида эса Мэриленд университети тиббиёт маркази жарроҳлари ҳаёти хавф остида бўлган беморга генетик ўзгартирилган чўчқа юрагини трансплантация қилишди. Бемор ҳозирги кунда ҳаёт.

Аммо олимлар бундай трансплантация амалиётларини беморнинг ҳаётини хавф остига қўймасдан ўтказиш тўғрисида ҳали кўпроқ изланиш олиб боришлари керак.

Оила аъзоси жасадини илм-фан учун совға қилган оила ёрдамида Лок инсон аъзоларини трансплантация қилишни тажриба қилиб кўрган. Хусусан, у чўчқанинг “донор” буйрагини олиб, марҳумнинг қорин бўшлиғида тикиб қўйган. Лок жамоаси уч кундан ошиқ вақт давомида марҳумнинг сунъий аппаратларга уланган жасади чўчқа буйрагини рад этмаганини кузатган.

Тажриба ҳақида ўтган ҳафтанинг пайшанба куни American Journal of Transplantation журналида мақола чоп этилди.

Локнинг сўзларига кўра, тажриба давомида боша муҳим саволларга ҳам жавоб олинган. Масалан, чўчқа буйракларидаги нозик қон томирлари инсон қон босимига бардош бера олиши кузатилган. Буйракларнинг бири чўчқадан олинаётганида шикастланган ва яхши ишламаган, аммо иккинчиси тезда сийдик ажрата бошлаган. Бундан ташқари, инсон танасига чўчқа вируслари ўтмаган, қонида чўчқа ҳужайралари топилмаган.

Локнинг таъкидлашича, унинг жамоаси ўтказган тажриба мияси ўлик одам танаси янги тиббий муолажаларни синаб кўриш учун жуда зарур бўлган инсон модели бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Тадқиқот сентябрь ойида ўтказилган. Тажриба давомида Алабама штатида яшовчи 57 ёшли Жим Парсонс танасидан фойдаланилган. У мотоцикл пойгасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса ортидан мияси ўлик, деб эълон қилинган.

Хабар қилинишича, Парсонснинг беваси эри танаси устида тажриба ўтказилишига рухсат бериш қарори ҳақида шундай деган:

“[Тадқиқот] юз минглаб одамнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини эшитганимиздан кейин, биз бу Жим шубҳасиз маъқуллайдиган қарор эканлигини англаб етдик”.

Ҳайвон органини одамга ўтказиш ксенотрансплантация деб номланади. Ксенотрансплантация уринишлари бир неча ўн йилдан бери муваффақиятсиз якунланиб келади, чунки инсон иммун тизими тезда ёт тўқималарга ҳужум қилади.

Аммо бугунга келиб чўчқа генларини ўзгартириш орқали унинг органларини инсонникига ўхшатиш йўллари ишлаб чиқилган.

Хастингс маркази тадқиқотчиси Карен Машке одамларда расмий синов бошланишидан олдин айрим тўсиқлар борлигини айтди. Хусусан, чўчқа органини кимда синаб кўриш мумкинлиги ҳақида қоида ва кўрсатмалар ишлаб чиқилиши керак.

Айни дамда Машке АҚШ Соғлиқни сақлаш институтлари ажратган грант асосида биринчи клиник синовлар учун ахлоқий ва қонуний тавсияларни ишлаб чиқиш устида ишламоқда.

Олимлар, шунингдек, чўчқа аъзолари инсон танасида қанча вақт яшаши ва уларни генетик жиҳатдан энг самарали тарзда ўзгартириш йўллари ҳақида ҳали кўп нарса номаълум эканини айтишмоқда.

OzodLive

XS
SM
MD
LG