Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2022, Тошкент вақти: 17:58

"Prado"даги аёл жасади. Марҳума яқинлари ўлим юзасидан қайта тергов ўтказишни талаб қилмоқда


Расмийларга кўра, тармоқларда тарқалган видео марҳуманинг жасади текширувдан сўнг турмуш ўртоғи томонидан Тошкентдаги яшаш жойига автомашинада олиб келинган вақтда тасвирга олинган.

29 август куни ижтимоий тармоқларда андижонлик аёлнинг жасади унинг эри томонидан "икки кун автомашинада олиб юрилгани" иддао қилинган видео тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ҳодиса юзасидан баёнот бериб, аёлнинг касаллик оқибатида ўлганлиги, видео эса унинг Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги яшаш жойига автомашинада олиб келинган вақтда тасвирга олинганини билдирди. Ички ишлар вазирлиги ҳам айни мазмундаги баёнот билан чиқди.

Аммо Озодлик билан суҳбатда марҳуманинг онаси қизи ҳеч қачон аёллар касаллигидан шикоят қилмаганини айтиб, ўлим ҳолати юзасидан қайта тергов ўтказиш талаби асоссиз равишда рад этилаётганидан шикоят қилди.

Гавҳар Жўраеванинг айтишича, қизи соппа-соғ бўлган, эри билан "қаттиқ жанжаллашгани"дан сўнг ҳужжатларини олиб келиш учун Тошкентга борган, аммо унинг ўлиги қайтган.

Ҳодиса жорий йилнинг 10 июнь куни содир бўлган.

Онанинг иддао қилишича, марҳуманинг шаръий никоҳда бўлган эри хотинининг аввалги никоҳидан бўлган икки қизини "исломий сабоқ берадиган ҳужрага мажбуран ўқишга бергани"дан қизи норози бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода "Prado" автомобили ва унинг атрофида одамлар кўринади. Видео олаётган йигитга тегишли экани англашилган овоз:

“Ана мошинага солиб ўраб қўйибди. Ана менинг гўзал опам, ана(автомобилнинг энг орқа ўриндиғида ўралган жасад кўринади). Мана икки кундан бери ана шу мошинада олиб юрибди экан” деб айтади.

Бош прокуратуранинг тасдиқлашича, машинадаги жасад Андижон вилоят, Балиқчи туман, “Янгича Бунёдкор” маҳалласида яшаган 35 яшар Д.Ж.га тегишли.

Онаси Гавҳар Жўраеванинг Озодликка айтишича, инглиз тили ўқитувчиси бўлган қизи биринчи эридан ажрашганидан сўнг, Интернет орқали иккинчи эри билан танишган:

“Куёвим асли қашқадарёлик, 1980 йилда туғилган. Мен Россияда ишлаётгандим, қизим телефон қилиб турмушга чиқяпман, аммо қизларимни олиб кетмайди экан, болаларга қараб турасизми, деди. Кейин қайтиб келдим. Қизим шаръий никоҳ қилиб унга тегди. Қизлар мен билан қолди. Ҳомиладорлигида уйга келди. Қашқадарёда уни келин сифатида тан олишмас экан, қўшнилари чиқса хизматкоримиз дейишаркан. Мен қизимга у билан яшамайсан. У сени адо қилади, дедим”.

Гавҳар Жўраеванинг сўзларига кўра, куёви келиб қизи ва невараларини мажбуран олиб кетган:

“11 ва 8 ёш невара қизларимни куёв Марҳаматдаги бир аёлнинг қўлига исломий ўқишга берган. Қизим бунга қаршилик қилган, лекин у қўймаган. Ҳозир икки неварам мен билан, уларни васийликка олишга ҳужжатларни тайёрлаяпман”.

Гавҳар Жўраева Тошкентда чиқарилган экспертиза хулосасини тан олмаслиги, унинг ўлими сабаблари қайтадан тафтиш қилиниши кераклигини айтади:

“Қизимнинг ўлими мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Чунки у умрида бирор марта қаттиқ касал бўлмаган, больницага ётмаган, соппа-соғлом эди. Нима иш қилиб бўлса ҳам қизимни ўлдириб олиб келиб берди. Яккасарой прокуратурасига бир неча бор бордим. Аввал яхши муомалада бўлган терговчилар энди қўпол муомала қилишяпти. Қизингиз ўзи ўлган, уни ҳеч ким ўлдирмаган дейишяпти. Бош прокуратурага бориб, бошқа прокурорга ўтказинг делони десам, бошқасига яна уч ой вақт кетади, ўзлари кўраверади, деяпти. Бош прокуратурадан жавоб шу бўлганидан сўнг, яна қаерга борай?”, дейди марҳуманинг онаси Озодлик билан суҳбатда.

Бош прокуратуранинг бу ҳақдаги баёнотида аёлнинг шубҳали вазиятда ўлганига бирон ишора йўқ:

“Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга асосан, 2022 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган эркак ўзи билан шаръий никоҳда бўлган 35 ёшли аёл учун тез тиббий ёрдам чақирган. Тиббиёт ходимлари соат 09:00 да Д.Ж.нинг уйига етиб келиб, кўрсатган тиббий ёрдамга қарамасдан, соат 09.45 да аёл яшаш уйида вафот этган.

Шундан сўнг, соат 11:27 да тез ёрдам ходимлари томонидан "102"га хабар берилган, ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи келиб, суд-тиббиёт экспертизаси тайинлаш ҳақидаги қарор профилактика инспекторига тақдим этилган. Шу куннинг ўзида соат 14:00 ларда экспертиза бюросида мурдани экспертизадан ўтказиш бошланган.

Ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеотасвир жорий йил 10 июнь куни соат 18:00 ларда марҳуманинг мурдаси суд-тиббиёт экспертизаси текширувларидан олиниб, турмуш ўртоғи томонидан Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги яшаш жойига автомашинада олиб келинган вақтда тасвирга олинган”.

Хабар. уз сайтининг ёзишича, ўлимга сабаб бўлган ҳолатларга янада аниқлик киритиш учун судга оид комиссиявий экспертиза тайинланган:

“Воқелик юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, Яккасарой туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Туман прокуратурасининг ушбу қарори барвақт қабул қилингани сабаб жорий йилнинг август ойи бошида бекор қилиниб, айни пайтда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”.

Озодликнинг Д.Ж.нинг шаръий эри экани айтилган шахс билан боғланишга уринишлари ҳозирча натижа бермади.

"Prado"даги аёл жасади билан боғлиқ ҳодиса Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги боғчада ўз хотинини калтаклаган эркак кейинроқ уни ўлдириб қўйганидан бир неча кун ўтиб ўртага чиқмоқда.

25 август куни содир бўлган ҳодисада эр оилавий можаро сабаб ўз ота-онасининг уйида яшаб турган турмуш ўртоғининг ётоқхонасига кириб, бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказган. Бош прокуратурага кўра, олган тан жароҳати оқибатида аёл вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчи қўлга олинган.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг хотин-қизлар масалалари бўйича фаоли Нодира Бўлдиева аёлларга қарши зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганидан ташвиш билдиради:

“Хотин-қизларга бўлган зўравонликлар ва тазйиқлар кўпайса кўпайяптию, лекин камаймаяпти. Шахсан менга ҳар куни шу масалада ўнлаб мурожаат тушади. Табиийки, мен уларнинг ҳаммасини ўрганишга улгурмайман. Агар жамиятимизда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар, институтлар кўпроқ бўлганда эди, қонунчилигимиз яхши ишлаганда эди, албатта бу шикоятлар камайган бўларди. Афсуски, ҳозирча ундай эмас!”, дейди фаол.

Айрим ўзбекистонликлар тармоқларни ларзага солган бу ва бошқа маиший зўравонлик ҳолатларида ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳам айблашади. Хусусан, Қуйи Чирчиқда эри томонидан болалари кўз ўнгида пичоқлаб ўлдирилган 24 яшар ҳамширанинг отаси ҳодисада профилактика инспекторининг айби борлигини иддао қилган.

Аммо Ички ишлар вазирлиги бу каби иддаоларни рад этиб келади. ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов 29 август кунги баёнотида ўз таъбирича, "жамоатчилик назоратини суюқлиги ёки текширилмаган ахборот тарқалишини хавфи"дан огоҳлантирди.

Форум

XS
SM
MD
LG