Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:40

Байден АҚШ банклари тақдирини қозоғистонлик Сауле Умаровага топширмоқчи. У ким?


Сауле Умарова.
Сауле Умарова.

АҚШ президенти Жо Байден банк секторини тартибга солиш ваколати берилган юксак сиёсий лавозимга Қозоғистонда туғилган Сауле Умарова номзодини таклиф қилмоқда. Тайинланган тақдирда у бошқарманинг 158 йиллик тарихидаги илк аёл раҳбар бўлади. 3.5 минг ходим ишлайдиган мазкур бошқарма мингдан зиёд йирик банкларни назорат қилади – уларнинг жами активлари қиймати қарийб 15 трлн долларга тенг.

Бироқ банклар ва республикачилар Сауле Умарова ғояларини “ўта радикал” деб атаб, унинг номзодига қатъий қарши чиқишмоқда. Сенаторлардан бири эса Умаровани коммунистга чиқариб, ундан совет даврида ёзган диплом ишини эълон қилишни талаб қилишгача борди. ОАВ Умарованинг ҳар бир сўзини таҳлил қилмоқда, унинг таржимаи ҳолидаги ҳар бир босқич синчковлик билан текширилмоқда.

55 ёшли Сауле Умарова АҚШ Молия вазирлигининг валюта назорати бошқармаси раҳбарлигига асосий номзод эканлиги август ойи бошларида маълум бўлган эди. Оқ уй томонидан кўриб чиқилган бошқа икки номзод Демократик партияга маъқул келмади. Қоидага кўра, номзод президент томонидан илгари сурилади, лекин уни Сенат тасдиқлаши керак. Бинобарин, Сауле Умарова номзоди ўтиши учун уни Сенатдаги барча демократлар бир овоздан қўллаши лозим. Обама маъмуриятида ишлаган Майкл Барр демократлар ичидаги прогрессивлар фракцияси қаршилигига йўлиққан бўлса, Калифорния университетининг ҳуқуқ профессори Мерса Барадаранни бошқарув тажрибаси камлиги учун хушламадилар.

Шу тариқа Оқ уй Корнелл университети профессори Сауле Умаровани танлади. У Нью-Йоркдаги энг йирик юридик фирмалардан бири – “Davis Polk & Wardwell”да ишлаган, кичик Жорж Буш даврида молия вазирининг маслаҳатчиси бўлган.

23 сентябрь куни АҚШ президенти Жо Байден Сауле Умаровани Молия вазирлигининг валюта назорати бошқармаси бошлиғи лавозимига номзод қилиб кўрсатмоқчи эканлигини маълум қилди. Янгилик бир зумда тарқалиб, АҚШ жамиятида қизғин мунозаралар мавзусига айланди. “Байден Уолл-стрит танқидчисини танламоқда”, “Байденнинг радикал номзоди”, “Шубҳали танлов”, “Биткоин танқидчиси” – Американинг нуфузли нашрлари ана шундай сарлавҳалар билан хабарлар чоп этди. АҚШ савдо палатаси ва банклар ассоциацияси Умарова номзодига қаршилигини рўй-рост билдирди.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки минимум даражада бўлиши керак, деб ҳисобловчи республикачилар ҳам қўл қовуштириб туришгани йўқ. Сенатор Пэт Туми бунақа “радикал” номзодни ҳеч қачон кўрмаганини айтиб, Умарова совет даврида МДУда ёқлаган диплом ишини эълон қилишини талаб қилди.

Умарованинг диплом иши мавзусини (“Карл Маркснинг иқтисодий таҳлили ва “Капитал”да инқилобий назария”) ва банк реформасига доир қарашларини танқид остига олган ўнглар уни “коммунист хоним” деб аташди.

Бир миллиард доллар йиллик бюджетга эга валюта назорати бошқармаси федерал миқёсда ишлайдиган барча банклар ва чет эл банкларининг федерал бўлимлари фаолиятини тартибга солувчи қоидаларни ўрнатади. Яъни, бошқарма “JP Morgan Chase”, “Citigroup” ва “Wells Fargo” сингари гигант банкларни назорат қилади.

АҚШда бу қадар юксак лавозимга номзод қилиб кўрсатилаётган Сауле Умарова ким? Унинг фикрлари нега молия тизимини безовта қилмоқда? Сенат унинг номзодини маъқуллайдими? Озодликнинг қозоқ хизмати қуйида шу саволларга жавоб беришга уриниб кўради.

ЯХШИЛАР ИЧРА АЪЛОСИ

Сауле Умарова Уральск шаҳрида (Ғарбий Қозоғистон вилояти маркази) вояга етган, шаҳардаги 21-сонли мактабда таълим олган. Мактаб директори Саулени “аълочи қиз эди”, деб эслайди. Дарҳақиқат, мактаб архивида сақланаётган эски синф журналлари Умарова “5”дан бошқа баҳо олмаганини тасдиқлайди.

“1984 йилда у мактабни олтин медаль билан тамомлади. Ўтган 50 йил ичида атиги 30 нафар битирувчи бунга муваффақ бўлган. Сауле физика ва математикадан барча олимпиадаларда иштирок этарди. Ўзи зиёлилар оиласида ўсган. Онаси сил касалликлари шифохонасининг услубиёт бўлими мудираси эди”, дейди мактабнинг ҳозирги директори Лаура Шаркубенова.

Муаллима ўша йиллар мактаб янги бўлганини ва Сауле уни олтин медаль билан битирган биринчи ўқувчи бўлганини хотирлайди.

“У пайтлар Сауле бу қадар катта ютуқларга эришади деб ҳеч ким ўйламаганди, лекин келажаги порлоқ бўлиши аён эди барибир”, дейди унинг синфдоши Виталий Мазуренко.

Власта Каптелова Сауле билан нафақат синфдош, балки қалин дугона ҳам бўлганини эслайди. Унинг айтишича, Сауле онаси ҳамда бувиси билан бирга камтарона яшашган.

“Ёдимда, онам эски кийимларни бузиб, Саулега кўйлак тикиб берарди. Ўшанда тўққизинчи синфда эдик, пўрим кийингимиз келарди, аммо Саулеларнинг янги кийим-кечак олишга қурби етмасди. Бора-бора дугонам ўзи ҳам тикишни бинойидек ўрганиб олди”, дейди Власта Каптелова.

Властанинг сўзларига кўра, Умарова барча фанларга жиддий қараган ва кўп ўқиган.

“Ниҳоятда тиришқоқ қиз эди. Масалан, бир марта жисмоний тарбия ўқитувчимиз пастроқ баҳо қўйганидан кейин бу фанга ғайрат билан тайёрланиб, нуқул “беш” оладиган бўлди. Орамизда энг ақллиси у эди, айни чоғда оддий ва камтар тутарди ўзини. Афсус, мактабни тугатганимиздан сўнг алоқамиз узилди, Америкага кетганини ҳам орқаваротдан эшитдим. Ўн йил олдин Сауле мени “Одноклассники”дан топиб, ёзди. Ўшанда қизимдан айрилгандим, мендан кўнгил сўраб, далда берди. Ўзгармабди – ўша-ўша содда ва кўнгилчан”, дейди Власта Каптелова.

Сауле Умарова (орқа планда чапдан иккинчи) Уральск шаҳридаги 21 мактабда синфдошлари билан
Сауле Умарова (орқа планда чапдан иккинчи) Уральск шаҳридаги 21 мактабда синфдошлари билан

Мактабни тамомлагач, Сауле Умарова Москва давлат университетининг фалсафа факультетига ўқишга киради. У ерда энг билимдон талаба сифатида Ленин стипендиясини олади. 1989 йилда МДУни битириб, ўқитувчига ассистент бўлиб ишлай бошлайди. 1991 йили, СССР парчаланиши арафасида Сауле Умарова талабалар алмашиш дастури бўйича бир семестр ўқиш учун АҚШга – Висконсин университетига жўнайди.

“АҚШда эканман, 1991 йил декабрда Совет Иттифоқи парчаланди. Мамлакат келажаги учун жуда ташвишланардим, аммо сиёсатшунослик бўйича Ph.D даражасини олиш учун ўқишни давом эттирдим. Очиғи, мамлакат учун ҳал қилувчи паллада ўқишга кетганимдан афсусланаман”, деган эди 29 йилдан сўнг NBC News каналига берган интервьюсида.

ҚОЗОҒИСТОННИНГ НЕФТЬ СИЁСАТИ ҲАҚИДА ДИССЕРТАЦИЯ

1999 йил 12 апрелда Сауле Умарова Мэдисон университетида “Постсовет Қозоғистонда нефть сиёсий иқтисоди” мавзусидаги диссертациясини ҳимоя қилди.

Қозоғистоннинг 1992–1998 йиллардаги нефть сиёсатини тадқиқ қилган Умарова уни нефтга бой бошқа постсовет мамлакатлар – Россия, Озарбайжон ва Туркманистон билан таққослайди. Муаллиф урғулашича, совет даврида‑ёқ яхши ривожланган Россия нефть саноати фаол равишда хусусийлаштирилган бўлса, Озарбайжон билан Туркманистон национализацияни афзал кўрган. Қозоғистон эса “ҚазМунайГаз” миллий ширкатини таъсис этса-да, хусусий секторга устуворлик берган.

“Қозоғистоннинг авторитар ҳукумати ўзини қийнамас, инвесторлар учун мақбул нефть қонунларини қабул қилди, Россияда эса бунақа ташаббуслар Думада катта нуфузга эга сўл кучларнинг қаршилигига учради”, деб ёзган у илмий иши муқаддимасида.

АҚШда Сауле Умарова Макартур фондининг тинчлик ва халқаро ҳамкорлик стипендиясига сазовор бўлади. Бу унга Стэнфорд университетида бир йил малака ошириш имконини беради.

Ph.D даражасини олгач, Сауле унга “бозор учун зарур кўникмаларга эга бўлиш” мақсадида сиёсатни ташлаб, юристликка ўтади. 2001 йилда Чикагодаги Шимоли-Ғарбий университетда ҳуқуқ соҳасида докторлик даражасига эришади.

“Сўнг Нью-Йоркда ҳуқуқ соҳасида ишлай бошладим. Тасодифан банк ҳуқуқи ва молиявий тартиблаш соҳасига дуч келдим. Бу менга жуда ёқиб қолди. Шу тариқа юрист бўлиб кетдим”, деган эди Умарова 2020 йилда эълон қилинган интервьюсида.

Дарҳақиқат, Умарова молия соҳасига ихтисослашган Нью-Йоркдаги “Davis Polk & Wardwell” халқаро юридик фирмада ишлаш учун илмий муҳитни тарк этган. Мазкур фирмада у беш йилга яқин ишлади.

2008 йилдан Сауле таклиф қилинган профессор сифатида қатор университетларда ҳуқуқ ва молиявий ислоҳотлардан маърузалар ўқиди, 2014 йилда эса Итака шаҳридаги (Нью-Йорк штати) Корнелл университетида ҳуқуқ профессори рутбасига эришди. У ҳанузгача ушбу университетда маъруза ўқийди.

Умарованинг собиқ талабаси Арғин Исҳоқбеков Корнелл университетини дунёнинг энг яхши университетларидан бири дея таърифлаб, у ерда профессор бўлиш осон эмаслигини айтади. Университет АҚШнинг Йель, Ҳарвард ва Колумбия университетлари дохил саккиз энг яхши хусусий ўқув муассасаларини ўз ичига олган “Печак лигаси” аъзосидир.

“Умаровани юксак лавозимга тавсия этишганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим ва фахр туйдим. Жаҳон сармояси тўпланган ва ниҳоятда кучли рақобат муҳити мавжуд АҚШдек мамлакатда улкан ютуқларга эришаётган ватандошимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Мен унинг қимматбаҳо қоғозларни бошқариш ҳақида маърузаларида қатнашганман. Ва буни ўзим учун шараф деб биламан. Унинг маърузалари жуда мароқли бўларди. Талабалар ундан қўрқишар, лекин ҳурмат қилишарди. Дипломатик талабчанлик бор эди унда”, дея эслайди Арғин Исҳоқбеков Озодлик билан суҳбатда.

Арғин Исҳоқбеков Сауле Умарованинг оиласи билан. Стол атрофида ўтирганлар чапдан ўнгга: Сауле Умарова, турмуш ўртоғи Тимур, ўғли Ойдин, онаси Саида.
Арғин Исҳоқбеков Сауле Умарованинг оиласи билан. Стол атрофида ўтирганлар чапдан ўнгга: Сауле Умарова, турмуш ўртоғи Тимур, ўғли Ойдин, онаси Саида.

Халқаро тижорат арбитражи соҳасида ўқиган Исҳоқбеков Умарова билан танишлигини, ҳатто бир-бирлариникида меҳмон бўлишганини айтади.

“Ўта шарқона аёл. Ҳақиқий қозоқ қизи. Шунчалик банд бўлишига қарамай уйда пазандаликка вақт топади. Меҳрибон она ва ғамхўр хотин. Онасини кўп йиллар бурун АҚШга кўчириб кетган, бирга яшашади. Мана шунинг ўзи‑ёқ унинг инсоний фазилатларини кўрсатиб турибди. Ҳамкасблари ҳам уни қаттиқ ҳурмат қилишади”, дейди Арғин.

Умарованинг АҚШ молиявий назорат бошқармаси бошлиғи лавозимига номзод қилиб кўрсатилиши америкалик қозоқлар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Улар бу янгиликни ижтимоий тармоқларда тинимсиз бўлишишмоқда. Вашингтонда таҳсил олаётган Элвира Айдархоновага кўра, бу маҳаллий қозоқларни руҳлантиради.

“АҚШда юксак мартабага эришган қозоқлардан фақат Асел Робертсни (Туленова) биламан. У 15 йил Оқ уйнинг протокол хизматида ишлаган, бу йил президентнинг протокол хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлди. Давлат хизматчиларидан ташқари, Вашингтондаги Жаҳон банкида яхши лавозимларда ишлаётган бир неча қозоқ билан танишман. Улардан бири марҳума Алма Оразалинова эди, ўлимидан сўнг банкнинг конференц залига унинг номи берилган”, дейди Элвира Айдархонова.

УМАРОВАНИНГ ҚАРАШЛАРИ БАНКЛАРНИ НЕГА ЧЎЧИТАДИ?

Сауле Умарова илмий ишлари ва интервьюларида йирик банклар молиявий институт чегарасидан чиқишини ва нефть, газ ва маъданлар билан савдо қила бошлаганини, узоқ истиқболда бу мамлакат учун хатарли эканини таъкидлайди. Олиманинг фикрича, молиявий сектор бошқарувини бунақа институтларга топшириб бўлмайди, уни давлат бошқариши лозим.

Республикачилар Умаровани ўта сўл қарашли киши деб билишади. Унинг ҳозирги позицияси демократлар таркибидаги сўлларга ёқиб тушмоқда. 2007-2008 йилларда Сауле Молия вазирлиги маслаҳатчиси сифатида бир йилча республикачи Жорж Буш маъмуриятида ишлаганди. Бошқача айтганда, жаҳон молиявий инқирози бошланган пайтда у ана шу инқироздан чиқишга масъул институтлардан бирида хизмат қилган. Ўз чиқишларида Сауле 2008-2009 йиллар инқирозини тез-тез эсга олиб, унда гигант банкларни айблайди.

Унинг сўзларига кўра, “АҚШнинг солиқ ва валюта сиёсати оддий америкаликлардан кўра, молиявий институтлар ва уларнинг корпоратив мижозлари учун кўпроқ қулайлик яратади”.

“Оддий одамларга томошабин роли берилган. Шундай эмасми? Аммо, агар инқироз юз берса, биз фаррош бўлиб қоламизми? Улардан қолган кир ва чиқитларни тозалаймизми? Ҳолбуки, пулни нимага сарфлашга қарор қилаётганда бизни ҳеч қачон стол ёнига яқинлаштиришмайди. Менимча, бу ҳозирда иқтисодиёт ва молия учун бош масаладир”, деган эди Сауле Омарова NBC News канали билан мулоқотда.

2020 йилда чиққан “Халқ китоби: пуларни демократлаштириш ва иқтисодиётни молиялаш ҳақида” номли мақоласида Сауле Умарова АҚШнинг Федерал захира тизими ислоҳ қилиниши ва америкаликларга у ерда тўғридан-тўғри депозит ҳисобварақлари очишга рухсат этилиши лозимлиги ҳақида ёзади.

Умаровага кўра, классик молия тизимига мувофиқ, банклар ўзлари берадиган кредит суммасига тенг миқдорда депозит сақлаши керак, замонавий банклар эса федерал захираларга ишониб ушбу мувозанатни тутмаяпти. Унинг айтишича, Федерал захиралар тизими фуқароларга тўғридан-тўғри хизмат кўрсатишни бошласа, воситачи банкларга ҳожат қолмайди.

Унинг шу каби фикрлари йирик банкларни ташвишга солган ва улар Умаровага очиқ қаршилик кўрсатишмоқда. Банк ҳамжамияти, агарда Умарованинг таклифи амалга оширилса, ҳозирги банк тизимининг куни битади, дея огоҳлантирмоқда.

Банклар Оқ уй томонидан молиявий бошқарув учун тавсия этилган номзодларга одатда шубҳа билан қарайди. Бироқ йирик ва майда банкларнинг манфаатлари турли, бинобарин, ишончсизлик ҳар доим ҳам умумий талабга айланмаслиги мумкин. Лекин Байден Умарова номзодини таклиф қилганидан сўнг банклар ҳамжамияти якдиллик билан унга қарши қалқди, деб ёзади “New York Times”. Америка банкирлар ассоциацияси президенти Роб Николс айтишича, Умарованинг таклифлари “Америка комьюнити банкларининг национализация қилинишига олиб боради”.

Умарова криптовалютага ҳам қарши. Унинг фикрича, бу яширин банклар пайдо бўлишига олиб келади. Шунингдек, Сауле технологик ширкатлар давлат бошқарувида бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Номзоднинг яна бир таклифи – Миллий инвестиция бошқармасини тузиш. “Хусусий сектор фақат фойда олишни кўзлайди, иқлим ўзгариши ва тенгсизлик каби узоқ муддатли тизимли муаммолар ечими уни қизиқтирмайди”, дейди у. Умаровага кўра, у таклиф қилаётган бошқарма айнан шу муаммолар ечими билан шуғулланиши лозим. Постсовет маконда бунақа маъмурий идорани СССР Госпланига менгзашди.

Резюмедаги маълумотларга қараганда, Сауле Умарова 2013 йилдан бери молия ва технологиялар соҳаларида кўрсатув бериш учун олти марта конгрессга таклиф этилган.

ДИПЛОМ ИШИ ВА “TWITTER”ДАГИ БАҲСЛИ ХАБАРЛАРИ

Экспертлар тахминича, республикачи сенаторлар Сауле Умаровага қатъий қаршилик кўрсатишади. Айниқса, Сенатнинг банклар қўмитаси аъзоси Пэт Туми қаттиқ оёқ тираб олган. 5 октябрь куни у Умаровага мактуб орқали мурожаат қилиб, ундан МДУда ёзган диплом ишини топширишни талаб қилди.

Эртасига Туми сенат йиғилишида Умарова номзодини танқид қилди.

“Умарова хонимни айниқса сўл ғояларни олға сураётгани учун мақташади. Унинг ўзи ҳам ғояларини “радикал ғоялар” деб таърифлайди. Бизнингча ҳам шундай. Бу ниҳоятда радикал ғоялар. Мен федерал ҳукуматдаги лавозим учун ундан-да радикалроқ номзодни сира кўрмаганман”, деди Туми ўша йиғилишда.

Танқидчилар Умарованинг Совет Иттифоқи тўғрисидаги твитларини ҳам эътибордан четда қолдиришмади.

У 2019 йил март ойида “Твиттер”да шундай пост қолдирган: “Қўшма Штатларга келгунимча дунёда меҳнатга ҳақ тўлаш борасида гендер тенгсизлик мавжудлигини тасаввур ҳам қила олмасдим. СССР ҳақида ким нима деса десин‑у, лекин унда меҳнатга ҳақ тўлашда гендер тенглик бор эди. Бозор нима тўғрилигини ҳар доим ҳам билавермайди”.

Баҳслар қизиганидан сўнг Умарова ўша пости тагида ўз позициясини аниқлаштирди.

“Мен Совет Иттифоқида эркак билан аёл барча муносабатларда тенг эди, деб ҳеч қачон айтган эмасман. Аммо иш ҳақи аҳолига жинсидан қатъий назар, бир хил тўланарди. Фарзанд кўрган барча аёллар катта-катта нафақа олишарди. Униси ҳам, буниси ҳам бизнинг жамият учун фақат орзу”, деб ёзган у.

Сенатор Туми Умаровадан диплом ишини 13 октябргача топширишни талаб қилганди. “Fox News” хабарига кўра, бу талаб бажарилмаган.

14 октябрда эса Умарова “Financial Times” газетасига интервьюсида унга қаратилган танқидлар ирқчилик мазмунига эгалигини айтди.

“Турган гапки, мен каби одамларга нисбатан улар бошқа мезонларни қўллашади. Мен қулай нишонман: муҳожирман, аёл кишиман, этник озчилик вакилиман. Мени олабўжига чиқариш ва ҳақоратлаш осон”, дея Умаровадан иқтибос келтиради газета.

“Financial Times” ёзишича, Сауле Умарова совет даврига оид диплом ишини бериш-бермаслигини маълум қилмаган. Бироқ у СССРда академик эркинлик бўлмаганини ва у диплом ишида ёзганларига ўзи ҳеч қачон қўшилмаганини билдирган.

Умарова уни зимдан коммунист деб билувчиларга шундай жавоб қилади: “Менинг бувим Сталиннинг касрига етим қолган. Бувимнинг қариндошларини Сибирга сургун қилганлар, улар ўша ерда ўлиб кетишган. Улар ўқимишли қозоқлар бўлишган, партияга киришдан бош тортганлари учун Сталин уларни ўлимга йўллаган”.

Умарованинг рақиблари оз эмас, аммо тарафдорлари ҳам етарли. Аксарияти – демократлар.

Банк секторини тартибга солиш зарур, деб ҳисобловчи демократ сенатор Элизабет Уоррен АҚШ валюта назорати бошқармаси раҳбари лавозимига Сауле Умарова номзоди илгари сурилганидан мамнун.

“Сауле Умарова – мамлакатнинг энг йирик банкларини тартибга солиш ва назорат қилиш нуқтаи назаридан ажойиб танлов”, деб ёзган у “Twitter”ида.

“Бошқарманинг 158 йиллик тарихида унинг раҳбари лавозимига илк бор аёл киши, муҳожир аёл ва Европа ирқига мансуб бўлмаган одам номзоди қўйилаётганини тушунаман, аммо республикачиларнинг шафқатсиз, уйдирмадан иборат айбловлари мени ҳайратга солмоқда”, дейди у.

Жорж Вашингтон университетида сиёсий коммуникациялар бўйича таҳсил олган сиёсатшунос Шалкар Нурсеитов сиёсий лавозимга мўлжалланаётган номзоднинг ўтмишини ўрганиш АҚШ сиёсий маданиятида анъанавий амалиёт эканини айтади. Аммо Сауле Умарова молия тизимини тубдан ўзгартира олади, деб ўйлаш учун ҳали эрта.

“Америка бюрократияси билан молиявий соҳани ўзгартириш бир кунлик иш эмас. Сауле Умарова бу лавозимда атиги беш йил ишлай олади. Унинг америкаликларнинг депозитларини хусусий банклардан тортиб олиб, Федерал захираларга бериш таклифи хусусий банкларни ғазаблантирмоқда. Аммо айни вазиятда бу ғояни амалга ошириш мумкинлигига ишониш қийинроқ. Мамлакатда банкларнинг нуфузи жуда баланд, улар ҳар икки партия сиёсатчилари билан яқин алоқада бўлиб, сайлов кампанияларига пул беришади. Умарова ўз ғоясини рўёбга чиқаришни ҳарчанд хоҳламасин, буни фақат қонун лойиҳалари орқали илгари суриш керак бўлади. Қонунчилик эса Конгресснинг ихтиёрида ва мана шу ерда Умарова катта тўсиқларга дуч келади”, дейди Нурсеитов.

АҚШДА СИЁСИЙ ЛАВОЗИМЛАРГА ҚАНДАЙ ТАЙИНЛАНАДИ?

АҚШда тайинланадиган сиёсий хизматчилар сони тўрт мингга яқин. Шундан тахминан 1,2 мингтаси сенатнинг розилиги билан тайинланади. Жумладан, валюта назорати бошқармаси бошлиғи ҳам.

Номзодлар саралашдан то тайинловга қадар бир неча босқичдан ўтади. Дастлаб Оқ уй номзодларни танлаб, улардан бири бўйича қарор қабул қилади. Шундан сўнг хизмат текшируви бошланади. Текширувни солиқ бошқармаси, Федерал тергов бюроси ва одоб-ахлоқ қўмитаси олиб боради. Номзод текширувдан ўтса, президент уни кўриб чиқиш учун Сенатга юборади. Сенатда эса номзодни энг аввал ихтисослашган қўмита кўради. У ерда номзодни ўрганишади, зарурат бўлганда учрашувга таклиф қилишади, сўнгра масалани овозга қўйишади. Номзод қўмитада дастакланса, Сенатда умумий овоз беришга қўйилади. У ерда эса номзод 50 фоиздан ортиқ овоз олиши керак.

Сиёсий лавозимга тайинлаш чоғида Сенат одатда барча номзодларни диққат билан ўрганади. Уларнинг бутун ўтмиши “ғалвирдан ўтказилади”. Мухолифатдаги партияга мансуб сенаторларнинг мазкур жараёнда қилдан қийиқ қидириши одатий ҳол.

Вазият хийла мураккаб. Демократлар сенатда мутлақ кўпчиликни ташкил қилмайди. Иккала томоннинг улуши тенг – 50/50. Лоақал барча демократлар Умарова учун овоз бериши керак. АҚШ қонунчилигига кўра, сенатда овозлар сони тенг бўлганда вице-президент овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритади, ҳозирда вице-президент, маълумки, демократ Камала Ҳаррис.

ДЕМОКРАТЛАР БИРЛАША ОЛАДИМИ?

Қўшма Штатларда партия мафкураси одатда сиёсий спектрда фарқланади. Марказдан ўнгда – республикачилар, сўлда – демократлар. Марказга яқинроқ демократларни мўътадил фракция деб аташади, улардан кейин сўл марказчилар (прогрессивлар) ва сўллар (социалистлар) келади.

Сиёсатшунос Шалкар Нурсеитовга кўра, Умарова номзодини илгари суриш билан Байден прогрессивлар дастагидан умид қилмоқда. Аммо банклар ва молия муассасалари мўътадил демократларни Сауле Умарова номзодини ўтказмасликка кўндиришга уриниб кўришади.

Дарҳақиқат, 5 октябрь куни “New York Times” ўз манбаларига таяниб, Америка банклар ассоциацияси ҳамда Истеъмол банклари ассоциацияси икки демократ сенатор – Марк Уорнер ва Жон Тестер билан боғланганини хабар қилди. Улар иккиси ҳам банклар қўмитаси аъзолари ҳисобланади.

Сауле Умарова номзоди Сенатда яқин ойларда овозга қўйилиши кутилмоқда. Оқ уй ҳозирча таклифни Сенатга жўнатгани йўқ.

XS
SM
MD
LG