Линклар

20 феврал 2018, Тошкент вақти: 18:09

Берлиндаги ўзбек консуллиги Озодлик билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди


Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси консули Азим Озотов билан Прагадаги учрашув, 9-июль, 2017-йил.

Германиядаги ўзбек элчилиги Озодлик муштарийларининг хорижга чиқиш паспорти, чиқиш визаси ва консулликда рўйхатдан ўтишга оид саволларига жавоб берди. Элчилик, айни пайтда, консуллик бўлими вақтинча ва доимий рўйхатда турган ватандошларга биометрик паспорт ва чиқиш визаси беришда давом этиши, хорижга чиқиш визаси борасида аниқ маълумот йўқлигини билдирди.

Берлиндаги элчихона номидан йўлланган жавоб мактубида Озодликнинг Марказий Осиё бўлими директори Аббос Жаводий номидан йўлланган саволларга "бажонидил жавоблар мунтазир" қилинди.

Мактубда, 2017 йилнинг 16 августида президент Шавкат Мирзиёев имзолаган "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон асосий ҳужжатлардан бири сифатида тилга олинган.

Биометрик паспорт ва чиқиш визаси

Элчихона жавобида таъкидланишича:​ ​"Ўзбекистоннинг чет элдаги консуллик муассасалари фуқароларга паспорт ва чиқиш визасини, улар (фуқаролар) ўрнатилган тартибда тегишли консуллик рўйхатидан ўтган тақдирдагина расмийлаштира олади".

Яъни, хорижга чиққан ўзбекистонликлар чет давлатда 6 ойдан ортиқ муддат яшаган тақдирда Ўзбекистон консуллигида вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтиши лозим.

Вақтинча ва доимий консуллик рўйхати

Вақтинчалик консуллик рўйхатига хорижга 2 йилгача бўлган муддатга чиққанлар, доимий рўйхатга эса 2 йилдан ортиқ муддатга чиққанлар туриши мумкин.

Айни пайтда, консулликдан вақтинча ва доимий рўйхатдан ўтишни истовчилар учун қўшимча маълумотлар Берлиндаги элчихона сайтида келтирилгани қўшимча қилинди.

Ўзбекистонликлар учун жорий этилиши кутилаётган хорижий паспорт қанақа бўлади, ҳозирги биометрик паспорт хорижий паспорт бўлиб қоладими ёки бекор қилинадими - бу саволларга элчилик ҳозирча аниқ жавоб беролмаётир.

Хорижга чиқиш паспорти

Озодликка йўлланган жавоб хатида ёзилишича, ҳозирча хориждаги консулликлар президент Мирзиёенинг 2017 йилнинг 16 августида имзоланган "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига таянмоқдалар.

Ушбу фармоннинг 1-бандида: "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, ҳамда 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини (чиқиш визасини) расмийлаштириш тартиби бекор қилинсин" дейилган.

Ана шу бандга таянган элчихонадан олинган жавоб хатида айтилишича, ҳозирги пайтда қўлида 2011 йилда жорий этилган биометрик паспорт бўлган фуқаролар...

2021 йилнинг 1 январигача:

- кириш визаси талаб этилмайдиган давлатларга чиқиши мумкин,

- кириш визаси талаб этиладиган давлатларга биометрик паспортдаги рухсат ёзуви стикери (чиқиш визаси) муддати тугагунга қадар чиқиши мумкин,

- кириш визаси талаб этилмайдиган давлатда бўлган фуқаролар ўша давлатда қолиши, у давлатдан кириш визаси талаб этилмайдиган давлатларга бориб-келиши мумкин,

- кириш визаси талаб қилинадиган мамлакатда бўлган фуқаролар ўша давлатда яшашда давом этиши, у давлатдан кириш визаси талаб қилинадиган бошқа давлатларга бориб-келиши мумкин,

- кириш визаси талаб қилинмайдиган давлатда бўлган фуқаролар чиқиш визаси муддати тугаган тақдирда кириш визаси талаб этиладиган давлатга кириши мумкин эмас.

Айнан шу сўнгги тоифадаги Ўзбекистон ватандошлари, элчихона жавобига кўра: "кириш визаси талаб этиладиган давлатларга кириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиши учун биометрик паспортини расмийлаштиришини сўраб, ўрнатилган тартибда мурожаат қилиши керак".

Чиқиш визасининг муддати тугаётган шахслар

Расмий жавобга кўра, ҳозирги пайтда 2011 йилдан жорий этилган биметрик паспорт Ўзбекистон фуқаросининг хорижда ва мамлакат ичкарисида қўлланадиган паспорт бўлиб қолади. Ҳозирги пайтда чиқиш визасининг муддати тугаган фуқаролар биометрик паспортига чиқиш визаси стикерини олиб, чет мамлакатларда ҳаракатланаверади.

Лекин, 2019 йилнинг 1 январидан 2011 йилги биометрик паспорт хорижга чиқиш паспорти сифатида жорий этиладими ва ўша муддатдан чиқиш визаси бекор қилинадими - бу ҳозирча номаълум қолмоқда.

Элчихона йўллаган жавобда айтилишича: "Ўзбекистон Раҳбарияти ва масъул идоралар томонидан, аниқ ва жиддий ҳаракатлар амалга оширилмоқда...Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари янги хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш тартиби ҳақида ўз вақтида фуқароларни албатта хабардор қилади".

Берлиндаги элчилик ҳамкорликка тайёр

Жавоб хатининг сўнггида Берлиндаги элчихона Озодлик билан ҳамкорликка тайёрлиги таъкидланади:

"Ҳурматли жаноб Жавадий, хат якунида Ўзбекистоннинг Германиядаги Элчихонаси, Сиз бошқараётган ташкилот билан юртимизни халқаро даврада равнақи ва обрўйи ўсишига қаратилган сайи ҳаракатларга, ўзаро тамоилларимизни ҳурмат қилишга асосланган ҳар турдаги ҳамкорлик ва алоқаларга тайёрлигини яна бир бор таъкидлаб ўтиб, ўз эҳтиромини билдириб қолади". Берлин ш., 2018 йил 8 январь.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси Германия, Чехия, Швейцария ва Швецияда яшовчи Ўзбекистон ватандошлари учун консуллик хизмати кўрсатади.

Консуллик фаолиятидан норози бўлган ўзбекистонликлар бир неча бор Озодликка мурожаат қилиб, консуллик ходимлари аризачиларга нисбатан "эътиборсизлик ва беписандлик" қилишидан шикоят қилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG