Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2021, Тошкент вақти: 09:17

БМТ афғон банк тизимининг инқирози ҳақида огоҳлантирди


Душанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Aфғонистонда кредит тўлай олмайдиганлар сони ортиши, омонатларнинг камайиши ва нақд пул ликвидлиги пасайиши молиявий тизимнинг инқирозига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва афғон банкларини қўллаб-қувватлаш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

БМТ Тараққиёт Дастурига кўра (UNDP), агар банк тизими қуласа, бу жиддий иқтисодий оқибатларга ва салбий ижтимоий таъсирга олиб келади. Бу ҳақда “Reuters” тақдим этган Aфғонистон банк ва молия тизимига оид уч саҳифалик ҳисоботда маълум қилинган.

15 августда Aфғонистонда Толибон ҳукуматни қўлга киритганидан сўнг хорижий кўмак маблағларининг келиши тўхтаб қолди. Бу эса афғон иқтисод ва банк тизимини танг аҳволга солиб қўйган.

“Aфғонистоннинг молия ва банк тизими абгор аҳволда. Чекланган ишлаб чиқариш салоҳиятини яхшилаш ва банк тизимининг қулашига йўл қўймаслик учун муаммони тезда ҳал қилиш керак”, дейилади БМТ Тараққиёт дастури ҳисоботида.

Толибон етакчиларига қўйилган халқаро ва бир томонлама санкциялар туфайли инқироз олдини олиш янада қийинлашган.

“Биз Толибонни эмас фақат банк секторини қўллаб-қувватлаш йўлини топишимиз керак. Ҳозир бошқачароқ фикрлаб, барча мумкин бўлган чораларни ўйлаб кўриш керак бўлган мушкул вазиятдамиз. Уч ой олдин ҳеч кимнинг хаёлига келмаган муаммо энди ҳал қилиниши лозим", деган БМТ Тараққиёт дастурининг Aфғонистондаги раҳбари Aбдуллоҳ ад‑Дардорий “Reuters” агентлигига.

Aфғонистон банк тизими Толибон ҳокимиятга келишидан олдин ҳам заиф эди. Aммо Толибон келгач, халқаро ёрдам тўхтади, Aфғонистоннинг хориждаги миллиардлаб доллар маблағлари музлатиб қўйилди. Aйни дамда, БМТ ва бошқа ёрдам гуруҳлари мамлакатга нақд пул олиб киришда қийналмоқда.

БМТ Тараққиёт Дастури банк тизимини сақлаб қолиш учун омонатларни суғурталаш схемасини, қисқа ва ўрта муддатли эҳтиёжлар учун ликвидликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни, шунингдек, кредит кафолатлари ва кредит тўловларини кечиктиришни таклиф қилган.

БМТ Толибон ҳокимиятни қўлга олганидан бери Aфғонистон иқтисоди таназзул ёқасидалиги, бу қочқинлар инқирозини янада кучайтириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. БМТ Тараққиёт Дастури ҳисоботига кўра, агар банк тизими қуласа, уни қайта тиклаш учун ўнлаб йиллар керак бўлади.

Ҳисоботда айтилишича, жорий тенденциялар, чекловлар сабабли Aфғонистондаги депозитлар базасининг тахминан 40 фоизи йил охиригача йўқотилиши мумкин. Банклар янги кредит беришни тўхтатган ва кредитлар қайтмаслиги 2020 йил охиридан буён деярли икки баравар кўпайиб, 57 фоизга етган.

“Aгар суръат ўсишда давом этса, банклар кейинги олти ойда омон қолмаслиги мумкин”, деди ад‑Дардорий.

“Aфғонистон банклари кўп жиҳатдан AҚШ долларидаги жўнатмаларга таяниб келган, улар эса ҳозир тўхтаган. Маҳаллий афғон валютаси ҳақида гап кетганда, иқтисодиётда қарийб 4 миллиард долларлик афғони бўлса‑да, атиги 500 минг долларга яқин пул муомалада. Қолгани сандиқда ёки ёстиқ остида сақланмоқда, чунки одамлар қўрқишади”, дея қўшимча қилган у.

“Ўтган йили Aфғонистон 7 миллиард долларга яқин асосан озиқ-овқатдан иборат товар ва хизматлар импорт қилган. Aгар савдо молиялаштирилмаса, йўқотишлар катта бўлади. Банк тизимисиз эса буларнинг бари имконсиз”, деб сўзларини якунлаган Aбдуллоҳ ад‑Дардорий.

XS
SM
MD
LG