Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 05:42

Ўзбекистон - постсовет ҳудудидаги энг бахтиëр мамлакат


БМТ, Gallup ижтимоий сўров маркази ҳамда АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари душанба куни эълон қилган янги ҳисоботда¸ ўзбекистонликлар бахтиëрлик бўйича 155 мамлакат аҳолиси орасида 47-ўринга қўйилди.

20 март - Бутунжаҳон Бахтиёрлик кунида эълон қилинган ҳисоботга кўра¸ собиқ совет ўлкалари аҳолиси орасида ўзбекистонликлар ўзларини энг бахтли ҳисоблайди.

Ҳисоботга кўра¸ ҳатто¸ миллионлаб ўзбекистонлик иш излаб борган Россия аҳолиси ҳам бахтиёрлик бўйича улардан икки поғона пастроқдадир.

Рўйхатда Россия 49, Литва 52, Латвия 54, Молдова 55, Туркманистон 59, Қозоғистон 60, Эстония 66, Беларус 67, Озарбайжон 85, Тожикистон 96, Қирғизистон 98, Арманистон 121, Грузия 125, Украина 132-ўриндадир.

Ҳисоботдаги ўринларга қаралса¸ аҳолисининг бахтиёрлиги бобида Ўзбекистон бу йил ҳам дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари - Япония, Италия, Португалия, Жанубий Кореяни ортда қолдирган.

"Бахтиёрлик индекси" 155 мамлакатнинг ҳар бирида мингга яқин одам орасида бевосита сўров ўтказиш ва маҳаллий ташкилотлар ўтказган сўров натижалари асосида тузилган.

Ҳисобот муаллифлари ўз хулосаларини аҳолининг даромади, фаровонлик кўрсаткичлари, мамлакат ички ялпи маҳсулотининг жон бошига улуши, ижтимоий ҳимояланганлиги, ҳаёт даражаси, тиббиёт ривожи, аҳолининг ҳаётдан қанчалик қониқиши каби омилларга таяниб чиқарган.

БМТ, Gallup маркази ҳамда АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари ўтказган сўров натижалари Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" сўров марказининг айни мавзуда 2016 йили ўтказган сўрови хулосасига яқиндир.

Бу сўровда қатнашган ўзбекистонликларнинг 80 фоизи ўзларини бахтиёр, деб ҳисоблашларини айтган.

Андижонлик тадбиркор Бунёдбек, Ўзбекистонда иқтисодий шароит қийин бўлишига қарамай¸ аксарият ўзини бахтсиз ҳисобламаслигини таъкидлайди:

- Бизда биласизку, "бахтлимисиз?" деса "бахтлимиз" дейди, "шу кунга етказганига шукур" дейди, "тинчмиз" дейди. "Бахтли эмасман" деб айтадиганлар жуда кам. Уйида етишмовчилиги бўлса ҳам¸ улар кўчада буни айтмайди. "Ҳаммаси яхши" дейди. Шунақа халқмиз. Шундан келиб чиқсак¸ бахтиёрмизда. Чунки одам ўзини бахтиёр деб айтса¸ демак бахтиёр бўлади-да, - дейди Бунёдбек.

Айрим мустақил кузатувчилар¸ ўзбекистонликларнинг бахтиëр халқ эканига оид маҳаллий ва халқаро сўров гуруҳлари хулосаси жиддийлигига шубҳа билдиради.

Социолог Баҳодир Мусаев Озодлик билан суҳбатда ҳисоботни тузишда асос бўлган мезонлардан келиб чиқилса ҳам¸ ўзбекистонликларни постсовет ҳудудидаги энг "бахтиёр халқ" дейишга асос бўла олмаслигини айтади:

- Ўзбекистонда жон бошига ялпи ички маҳсулот Қозоғистондагидан 10 баробар кам. Боз устига¸ ялпи ички маҳсулотнинг 10-15 фоизини Россия ва бошқа мамлакатлардаги гастарбайтерлар юбораётган пуллар ташкил этади. Бу хулоса реалликдан йироқ эканини мана шу рақамларнинг ўзи кўрсатиб турибди, - дейди Баҳодир Мусаев.

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Алишер Илҳомовга кўра, сўровларда акс этаëтган бахтиëрликни ўзбекистонликлар орасидаги қўрқув билан изоҳлайди:

- Авторитар режим шароитида ўтказиладиган бу каби сўровлар реалликни акс эттирмайди. Чунки одамлар ўз фикрини очиқ айтишга қўрқади. Улар ҳукуматнинг раъйига қараб, қолипланган жавоб беришга мажбур. Агар одамлар билан норасмий суҳбатлашсангиз, улар ичидаги гапни айтади. Одамларни реал кайфиятини ана шундай норасмий суҳбатлар ўтказиш йўли билан ўказиладиган сўров натижаларигина акс эттириши мумкин, - дейди ўзбекистонлик социолог Илҳомов.

БМТ, Gallup ижтимоий сўров маркази ҳамда АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари эълон қилган бу йилги "бахтли давлатлар" рўйхати энг тепасига Норвегия қўйилган.

Норвегияда яшовчи ўзбекистонлик муҳожир Бахтиёр Қўзибоев ўз бахтини шу давлатда топганини айтади:

- Бу ерда одамлар эркин. Мен Ўзбекистонда кўча одами бўлган бўлсам, бу ерга келиб оила одами бўлдим. Ўзбекистонда болаларим билан ишим бўлмасди, бу ерда биринчи ўринда - оила. Бахт нималигини шу Норвегияга келиб билдим¸ десам бўлади, - дейди Бахтиёр Қўзибоев.

Халқаро ҳисоботга кўра¸ дунёдаги энг бахтсиз давлатлари Чад, Гвинея, Котд'Ивуар, Буркина-Фасо, Афғонистон, Руанда, Бенин, Сурия, Бурунди ва Тогодир.

Марказий Африка республикаси дунёдаги энг бахтсиз давлат сифатида рўйхат тубидан жой олди.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG