Линклар

Шошилинч хабар
23 март 2019, Тошкент вақти: 23:51

Манбалар Божхонага ишга ўтган 30 га яқин прокуратура ходими ишдан олинганини айтмоқда


Ўзбекистон ДБҚ рамзи

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг (ДБҚ) бир неча ходими Озодликка бир-биридан мустақил равишда маълум қилишича, роппа-роса бир йил муқаддам прокуратура тизимидан божхона қўмитасига ўтган ўнлаб амалдор бир ҳафта муқаддам вазифаларидан четлатилган, уларнинг баъзилари устидан жиноят ишлари қўзғатилган.

ДБҚ ходимларига кўра, вазифаларидан четлатилган божхона ходимларидан баъзилари коррупцияга боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

ДБҚдаги сўнгги ўзгаришлар Ўзбекистондаги бошқа бир қудратли тизим – Давлат хавфсизлик хизматига (ДХХ) ўтган ўнлаб собиқ прокуратура ходимларининг вазифаларидан бўшатилгани ва ҳибсга олингани ортидан кузатилмоқда.

Тозалашлар

Озодликка Telegram мессенжери орқали боғланган ДБҚ ходимининг айтишича, 13 февраль куни ДБҚ раиси Муроджон Азимовнинг "шахсан ўзи" йиғилиш ўтказиб, прокуратура тизимидан божхонага ўтган 30га яқин ходимни вазифаларидан бўшатган.

"Уларни Муроджон Азимов прокуратурадан ўзи билан олиб келганди. Ҳаммаси бир кечада кетди. Шахсан ўзи йиғилиш ўтказиб, ишдан олди",- деб ёзди ДБҚ ходими.

Бу хабарни тасдиқлаган ДБҚнинг бошқа бир ходими қўмитанинг баъзи раҳбар ходимлари устидан жиноят ишлари очилганини маълум қилди.

"Бугунги кунда прокуратурадан ўтган барча ходимлар Кадрлар ихтиёрига олинди. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ДБҚнинг Контрабандага қарши кураш бошқармаси раҳбарлари устидан, шунингдек ДБҚнинг собиқ раиси ўринбосарларидан бири устидан жиноят иши очилди",- деди ДБҚ ходими.

Унинг қўшимча қилишича, ҳибсга олинган мулозимлар импорт контрабандасига алоқадорликда гумонланмоқда.

"Ушбу шахслар импорт товарларини Ўзбекистон ҳудудига божхона расмийлаштирувларисиз кириб келишига имкон яратишган",- деди у.

ДБҚ юқори лавозимли мулозимларидан бири бўлган яна бир суҳбатдош эса, божхона тизимида охирги бир йил ичида иккинчи марта "тозалашлар" кузатилаётганини билдирди.

"Ўтган йилдан буён божхона қўмитасида тозалашлар иккинчи марта бўляпти. Ўтган йил худди шу пайтда генерал Муиджон Тоҳирий божхона раислигидан олиб ташланганди. Декабрда уни қамоққа олишди. Энди бўлса, Муроджон Азимов ўзи билан олиб келган одамлар ишдан олиняпти", - деди ДБҚ юқори мулозимларидан бири.

55 яшар генерал-майор Муиджон Тоҳирий 2018 йил 13 февралида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раислигидан бўшатилган ва декабрда "коррупцион жиноятлар"да айбланиб ҳибсга олинган эди.

Унинг ўрнига Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи муовини бўлган Муроджон Азимов ДБҚ божхона раҳбари этиб тайинланди.

Озодлик ДБҚдаги сўнгги ўзгаришлар борасида ДБҚ матбуот хизматидан изоҳ ололмади.

"Таниш-билишчилик"

Озодлик суҳбатлашган ДБҚ ходими божхонага прокуратура ходимларининг ўтгани ортидан "таниш-билишчилик ва коррупция" кучайганига шахсан ўзи гувоҳ бўлганини иддао қилди.

"Прокуратура ва унинг қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментидан ДБҚнинг энг яхши бошқармаларига жами 30 дан ортиқ ходим келган. Улар ойлик иш ҳақлари ўз иш жойларида сақланган ҳолда келган. Прокуратурадаги хизмат гувоҳномалари ҳам қолган ўзларида. Прокуратурадан келганлар ҳамма жойларни пуллашди. Айниқса, таниш-билишчилик янада авж олди. Прокуратурадан кимнинг таниши бўлса, ўшалар энг "ёғли" жойларда ишлаб юрибди",- деди ДБҚ ходими.

Бу ҳолатни тасдиқлаган Озодликнинг ДБҚнинг бошқа бир ходими божхона ходимлари ойлик маоши 2018 йил, 1 декабрдан оширилган эса-да, порахўрлик кўлами камаймаганини айтади.

"Оддий божхона инспектори 3 миллион 800 минг сўм (тахминан 450 АҚШ доллари) маош олади. Товарларни расмийлаштирувчи пост бошлиғи бўлиш учун ходимлар ДБҚ раҳбариятига 20 минг долларгача бемалол бера олади, кичикроқ ҳудудларда бу лавозим нархи - 4-5 минг доллар атрофида ҳозирги кунда. Ўзи ва яқинлари номига ошхона ва ресторан очган, салонлар қурган ходимлар ҳозирам ишлаб юрибди қўмитада. Буни ҳамма билади, лекин "қандини урсин" дейишдан нарига ўтолмайди",- деди ДБҚ ходими.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG