Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:11

Ислом Каримовнинг Хавфсизлик хизмати раҳбари ҳибсга олинди


Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, собиқ давлат маслаҳатчиси Муиджон Тоҳирий ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Turon24 Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмоновага таяниб хабар қилди.

"Муиджон Тоҳирий ҳибсга олинди. Ҳозир тергов олиб борилмоқда. Тергов сири нуқтаи назаридан бошқа маълумот берилиши мақсадга мувофиқ эмас", деб айтган Сурайё Раҳмонова.

Ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги Озодлик манбасининг маълум қилишича, шу ҳафта бошида ҳибсга олинган Муиджон Тоҳирий коррупцион жиноятларда айбланмоқда.

"Бу жиноятлар унинг Давлат божхона қўмитасидаги фаолиятига боғлиқ," деди ҳуқуқ тартибот тизимларидаги Озодлик манбаси.

55 яшар генерал-майор Муиджон Тоҳирий 2018 йил 13 февралида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раислигидан бўшатилган эди.

Шу йил бошида Бош прокуратура терговчиларининг президент топшириғи билан Давлат Солиқ ва Божхона қўмиталарида жиддий текширувлар ўтказаëтганини хабар қилди.

Ўшанда Муиджон Тоҳирийнинг ишдан олингани ушбу текширувлар натижаси билан боғлиқ бўлиши тахмин қилинган эди.

Мазкур лавозимда Муиджон Тоҳирий 2016 йил 20 декабридан бошлаб 13 ой давомида фаолият юритди.

Муиджон Тоҳирий 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари¸ 2008-2010 йилларда Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари¸ 2010-2011 йилларда ўшандаги президент Каримовнинг куч ишлатар салоҳиятига эга тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

2011-2016 йилларда яна МХХ раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Тоҳирий¸ 2013 йилдан Каримов ўлимига қадар¸ СБП - Президент хавфсизлик хизматига раислик қилган.

Гулнора Каримова твиттер саҳифасидан олинган скриншот
Гулнора Каримова твиттер саҳифасидан олинган скриншот

Айни лавозимда Каримовнинг энг ишонган одамларидан бирига айланган Муиджон Тоҳирий, собиқ президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иддаосича, 2014 йили февралида унинг уйида ўтказилган тинтувга шахсан раҳбарлик қилган.

Ўшанда бу ҳақда Twitter тармоғида Free Gulnara (SOS) хэштэги остида хабар тарқатган @Persona887788 аккаунти тинтув ҳужжатини тақдим қилган. Кимлиги маълум бўлмаган бу аккаунт эгаси ҳужжат нашр қилиш баробарида, Муиджон Тоҳирий Гулнора Каримовани урганини ҳам иддао қилганди.

Шарҳларни кўринг (17)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG